— Белимда грижа бор. Уйда қандай жисмоний машқларни бажарсам, ундан халос бўламан? Илтимос, шу ҳақда маълумот беринг.
Моҳира, Бухоро вилояти
Муштариймизнинг ушбу мруожаати бизни умуртқалараро диск чурраси (грижа) ҳақида мақола тайёрлашга ундади. Мутахассис ҳузурига борганимизда эса навбатда ўтирган беморлар ва уларнинг яқинларининг турли фикрлари мавзу юзасидан яна кўплаб саволлар туғилишига сабаб бўлди.
Суҳбатдошимиз — Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, Умуртқа поғонаси касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Алишер САТТОРОВ.
Касаллик ёшараяпти!
— Умуртқалараро диск чурраси охирги пайтларда кўпаяётган, шу билан бирга, ёшараётган хасталиклар сирасига кирар экан. Мутахассис сифатида бунга нима сабаб, деб ўйлайсиз?
— Олдинлари умуртқалараро диск чурраси ҳақиқатда 50-60 ёшдан ошганларда учрарди. Қарилик, бел оғриғи, деб қараларди бу касалликка. Сабаби тиббиётда бугунги кундагидек замонавий техникалар йўқ эди. Ҳозир умуртқа поғонаси хасталикларига рентгенография, компьютер томография, магнит резонанс томография маълумотлари ёрдамида ташхис қўйилади. Булар эса ўз навбатида диск чуррасини вақтида аниқлаш ва самарали даволаш имконини беради.
Бир кунда ўртача 8-10 та операция ўтказсак, шулардан аксарияти 30-40 ёшли беморлар. Бугун эса ўн икки яшар қизни операция қилдик. Чунки оғриқ кучли ва даволаш муолажалари фойда бермади. Касалликнинг ёшараётганига сабаб дангасалик, камҳаракатлилик. Сир эмас, ёшларнинг кўпи компьютер қаршисига михланиб қолган. Ҳатто, болалар кўчада ўйин ҳам ўйнашмаяпти. Уларга электрон ўйинлар қизиқроқ. Оқибатда мушаклар тўғри ривожланмай, умуртқа поғоналари касалликлари келиб чиқаяпти.
Табибдан даво истаб...
— Мавзу юзасидан суриштирув ишлари олиб борганимда қизиқ фикрларга дуч келдим. Кимдир «Турникка тортилиб, уйда машқлар бажарсангиз, жарроҳ тиғига эҳтиёж қолмайди», деса, яна бир киши табибга бориб, терисини кестириб, кейин вакуумли банка билан қонни сўрдириб олдириш ҳам наф берармиш, деб қолди.
— Афсуски, бугунги кунда тиббиётни бизнесга айлантириб олганлар ҳам топилади. Шундай мутахассислар ҳам учрайди, улар дарров беморни жарроҳлик столига ётқизишади. Кимлардир эса табибда даволанишни ихтиёр этишади. Баъзилар эса оғриқ қолдирувчи уколлар ёки дориларни ичиб, ўзини алдаб юради. Билмайдики, оғриқ босилгани билан диск чурраси йўқолиб қолмайди, аксинча, бир дардга даво топаман деб, ошқозонга зарар қилади. Уйда жисмоний машқлар билан ҳам шуғулланиб, муаммога ечим топилмаслиги мумкин. Чунки жаҳон стандартлари бўйича даволаш муолажалари комплекс тарзда олиб борилади.
Ягона чора — операция?!
— Яна бир қараш бор эканки, «Грижадан операция қилдириб қутуласиз», деган.
— Ҳа, шифохонамизга келадиганларнинг асосий талаби ҳам шу. Кўпчилик «Маҳалладошимни операция қилган экансизлар» деб ё яна кимнингдир тавсияси билан «Мени ҳам операция қилинг», дея мурожаат қилади. Аммо ҳар бир инсоннинг организми ўзига хос ва касаллик даражаси ҳам ҳар хил. Умуртқалараро диск чурраси борми — жарроҳлик амалиёти ўтказавермаймиз. Беморнинг клиник аҳволига қараймиз. Тиббий усуллар асосида касаллик даражасини ўрганамиз. Агар диск чурраси белда бўлса, оёқларга оғриқ бераяптими, иккала оёқ ҳам азият чекаяптими бундан, оёғини судраб босаяптими, бемор ўзини тутиб юра олмаяптими, карахтлик кузатилаяптими ёки умуман юришга мажоли йўқ, касаллик бутунлай маҳв этган бўлса, операцияга тайёргарлик кўрамиз. Фақат хасталикни ташхислаб қўймасдан, юрагини ҳам ЭКГ қилдириб, кардиолог фикрини инобатга олиб, кейин бир қарорга келамиз.
Диск чуррасининг ҳажми катта бўлса...
— Умурутқалараро диск чуррасининг катталиги 3 мм.дан ошса ҳам, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши шартми?
— Йўқ. Диск чуррасининг ҳажми эмас, юқорида айтганимдек, беморга унинг қанчалик таъсир этаётганига қараб бу борада хулоса қилинади. Ҳатто, 10 мм.лик диск чуррасини ҳам даволаш муолажаси орқали бартараф этиш мумкин. Яна диск чурраси умуртқанинг қаерида ва қандай жойлашгани ҳам эътиборли. Масалан, диск чурраси 2 мм. бўлса-ю, орқа мия каналини сиқиб қўйса, жарроҳлик амалиёти талаб этилади.
Кейин яна қайталанадими?
— Операциядан чўчиб, оғриқнинг зўрига тишни тишга босиб чидайдиганлар ҳам бор. Операция жараёни қай тартибда ўтказилади? Жарроҳлик амалиётидан кейин бемор ойлаб ўрнидан турмай ётиши керакми? Хасталик қайталанмаслигига кафолат борми?
— 2010 йилдан буён марказимизда диск чуррасини операция қилиш Япония гранти орқали келтирилган энг замонавий эндоскоп аппарати орқали амалга оширилади. Бундай замонавий ускуналар нафақат беморда тезкор муолажаларнинг таъсирчанлигини оширади, шунингдек, операциядан кейин унинг тез орада оёққа туриб кетиши ва асоратларнинг юзага келмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир. Операция жараёни ҳам ривожланган хорижий давлатларники билан бир хил тартибда ўтказилади. Амалиёт 20 дақиқадан 40 дақиқагача чўзилиши мумкин. Беморнинг бел қисмига махсус укол қилиниб, организмнинг белдан паст қисми «музлатиб қўйилади». Бемор шифокор билан бемалол гаплаша олади. Эндоскоп орқали диск чурраси олиб ташланади. Жароҳат ўрни чандиқ бўлиб қолмайди. Иккинчи кун беморга ўрнидан туришга ва юришга рухсат берилади. Учинчи куни аҳволи қониқарли бўлса, уйга кетиши мумкин. 3-4 ҳафта ишга чиқмасдан дам олиш тавсия этилади. Аммо уйда бемалол тик турган ҳолатда енгил юмушлар билан шуғулланиши, масалан, овқат қилиши ҳам мумкин.
Касалликнинг қайтаналишига тўхталсак, 90-йилларда бу ҳолат 30 фоизни ташкил қиларди. Бугунги кунда эса 3 фоиздан 8 фоизгача. Аммо бизда 100 тадан битта кишида кузатилиши мумкин. Албатта, беморнинг ўзини асраши, шамолламаслиги ва қалтис ҳаракатлар қилмаслигига боғлиқ ҳаммаси. Америкада ҳам операциядан кейин диск чуррасининг 1 фоиз қайталаниши кузатиларкан. Қаранг, кўрсаткичлар бир хил. Зеро уларда жарроҳлик амалиётидан сўнг умуртқаларга махсус гель шприц орқали жўнатилади. Бизда эса лазерли ишлов бериш амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ногиронларга барча амалиётлар ва муолажалар бепул ўтказилади.
Даволаш муолажалари қанақа?
— Тиббий муолажалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз? Нима учун айримларга даво чоралари кор қилмайди? Дори-дармон муҳимми ё жисмоний машқлар?
— Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир муолажа мутахассис тавсияси билан амалга оширилиш керак. Тиббий муолажалар самарадорлигининг 60 фоизини жисмоний машқлар, физиотерапия ташкил қилса, қолган 40 фоизи дори-дармонларга боғлиқ.
Жисмоний машқлар — югуриш, яёв юриш, сузиш, турникка тортилишларни ҳам ўзбошимчалик билан амалга оширмаслик керак. Муатахассис шифокор ва албатта, кардиолог фикри муҳим. Чунки ёш, касаллик даражаси, организмнинг умумий аҳволи ва бошқа касалликлар ҳам инобатга олинади.
Шифохонамизда диск чуррасини консерватив усулда даволашда компьютерли тракция, магнит, лазер, электрофорез, массаж, даволовчи жисмоний тарбия машқларидан фойдаланилади. Хориждан келтирилган аппаратлар орқали компьютерли тана тортилиши амалга оширилади. Бунда компьютерга беморнинг ёши, аҳволи ёзилса, бас, аппарат шунга мос ҳаракатланади.
Тана тортилиши шунинг учун муҳимки, умуртқалар тортилгач, чиқиб қолган диск чурраси орқага, ўз жойига қайтиши мумкин.
Парҳезнинг ҳам фойдаси борми?
— Таомланиш-чи? Овқатланишда ҳам режимга риоя қилинадими?
— Албатта, муолажаларнинг самарадорлигини таъминлаш ва касаллик авж олишининг олдини олиш учун таомномада аччиқ, шўр таомларни, спиртли ичимликларни батамом чеклаш керак.
Насл суриши рост
— Умуртқалараро диск чурраси авлоддан авлодга мерос ўтадими?
— Касалликнинг учинчи асосий сабаби наслий мойиллик саналади. Яъни бу хасталикдан шикоят қилган киши авлодида умуртқалараро диск чуррасининг учраши эҳтимоли мавжуд. Олдини олиш учун меҳнатда чиниқиш, семириб кетмаслик, жисмоний машқлар билан шуғулланиш лозим. Нафақат наслий мойиллиги бор кишилар, умуман ҳар бир одам танасини чиниқтириб бориши шарт.
Хулоса ўрнида шуни айтишни истардимки, киши ўзини яхши кўриши керак. Яхши кўриш дегани бирор жойи оғриганда дарров шифохонага ётиб олишмас, ўзига эътиборли бўлиш керак, дегани. Яъни доимо жисмоний тарбия билан шуғулланиш, яёв юриш, югуриш, бир жойда қадалиб қолмаслик, тўғри овқатланиш, ортиқча вазн тўпламаслик муҳим. Нега Америкада умуртқалараро диск чурраси операцияси кўп ўтказилади, биласизми, чунки аҳолисининг кўпчилиги семиз ва жисмоний меҳнат билан кам шуғулланади. Ортиқча вазн эса умуртқаларни сиқиб қўяди ва организмда оғриқ туради. Шундай экан, танамизга тўғри муносабатда бўлиб, соғлом ҳаёт кечирайлик.
Манба: Darakchi.uz