Саломатлик

"Ёшим 26 да. Ҳали ҳайз кўрмаганман..."

– Икки йил аввал менга бачадон гипоплазмияси ташхиси қўйилди. Ривожланмаган бачадон билан фарзанд кўриш имкони йўқ дейишгач, ажрашдик. Шу ёшимгача ҳайз кўрмаганимни айтганимда эса даволовчи шифокорим аввал қаттиқ койиди, сўнг касаллик варақамга аменорея патологиясини киритиб қўйди. Айтишича, бу бачадон гипоплазмияси асоратидан келиб чиққан ҳолат экан. Ой кўрмаётганимни онамдан яширгандим. Билмадим, нега, балким қўрққандирман ёки қандай айтишни билолмадимми... Холамнинг қизи, турмушга чиқса ўтиб кетади дегандек гап ҳам қилганди, ё шунга ишондимми, хуллас, соғлигимни ҳам, бахтимни ҳам бой бердим. Ҳозир даволанаяпман, аммо жуда кечикдим. Энди бирор натижаси бўлармикан...

Исми сир тутилди.

Ҳайз цикли аёл организми учун ғоят зарур жараёнлардандир. У жинсий етилиш, ҳомиладор бўлиш каби муҳим ҳодисаларнинг асосини ташкил этади. Аммо баъзи ҳолларда ой кўриш кечикади ёки умуман рўй бермаслиги ҳам мумкин. Муаммо ўз вақтида аниқланмаса, муштарийимиз мурожаатидаги каби жиддий оқибатларнинг келиб чиқиш эҳтимоли йўқ эмас. Хўш, бу борада тиббиёт нима дейди? Мавзуни батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Мутахассис — Машкура ЗОКИРОВА, Тошкент вилояти Зангиота тумани акушерлик комплекси, ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи.

Биринчи ой кўриш

Болаликда кузатилган касалликлар, турмуш тарзи, овқатланиш рациони, жисмоний чиниққанлик ҳамда наслий омиллардан келиб чиқиб, қизларда илк ҳайз кўриш цикли 12-14 ёшда, кимлардадир 16-17 ёшда кузатилиши мумкин. Эрта бошланган ой кўриш (9-10 ёш) организмдаги гормонал бузилишлардан дарак беради. 17 ёшдан кейин ҳам циклнинг бошланмаслиги эса шифокор кўриги учун жиддий асосдир.

Жинсий етилиш даврининг кечикиши тухумдонларнинг яхши ривожланмагани, кучли стресс, асаб зўриқиши, гормонал бузилишлар, гипофиз ишининг носозлиги, қалқонсимон без касалликлари ҳамда турли хил парҳезларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Аменорея қандай ташхис?

Ҳайз кўришининг уч ой ва ундан кўп маротаба кетма-кет кузатилмаслиги аменорея номи билан юритилади. Ўн етти ёшгача ой кўрмасликка нисбатан ҳам ушбу ташхис қўлланилиши мумкин. Тиббиётда аменореянинг меъёр саналган кўриниши пубертат давригача, ҳомиладорлик ва менопаузадан кейинги жараёнга нисбатан айтилади. Бошқа ҳолатларда аменорея жинсий аъзо касалликлари ҳамда гормонлар ишини назорат қилувчи безлар фаолиятидаги бузилишлар асорати бўлиши мумкин.

Аменорея – даволанадиган касаллик. Ягона шарти ўз вақтида аниқлаш ва муолажани тартиб билан бажаришдир.

Чинми ёки ёлғон?

Аменорея бирламчи ва иккиламчи турларга бўлинади. Бирламчиси аёлнинг ҳаёти давомида ой кўрмаслик билан кечса, иккиламчиси уч ой ва ундан кўпроқ муддат давомида ҳайзнинг кузатилмаслиги билан изоҳланади. Белгиларига кўра, аменореянинг ёлғон ва чин турлари ҳам бор.

Чин аменорея тухумдон, бачадон ва гипофиз-гипоталамус тизимида даврий ривожланиш жараёнларининг мавжуд эмаслиги билан характерланади. Ёлғон тури эса даврий жараёнларнинг дам бадам бузилиши билан ифода этилади. Бу кўпроқ жинсий аъзолар ривожланишидаги нуқсонлар, бачадон ўсмалари ва айрим хасталикларда юз бериши мумкин. Ёлғон аменореянинг давоси асосан оператив муолажани талаб этади.

Эмизикли аёлларнинг 75 фоизида 5 ойдан 2 йилга қадар лактация даври аменореяси кузатилади. Ҳар бир аёл организмининг индивидуаллигидан келиб чиқиб, мазкур ҳолат турли муддатларда кечиши мумкин.

Белгилари

Аменореянинг асосий белгиси ҳайзнинг кузатилмаслиги бўлса-да, ўзгаришлардан огоҳлик берувчи бошқа аломатлар ҳам йўқ эмас. Улар қуйидагилардир:

  • кўкракдан оқиш ажралма келиши;
  • юз терисида тукларнинг кўпайиши;
  • тос соҳасидаги оғриқ;
  • соч тўкилиши;
  • тушунарсиз ва тез–тез кузатиладиган бош оғриқлари;
  • ҳуснбузар тошиши.
  • Ҳайз кўрмаётганимнинг боиси нима бўлиши мумкин?
  • Қандай текширувлардан ўтишим зарур? Тайёргарлик шартми?
  • Даволашнинг қандай усуллари бор? Менга нимани тавсия этасиз? каби саволларни аввалдан тайёрлаб олинг. Ўз навбатида шифокор ҳам сизни сўроққа тутади:
  • Биринчи ҳайз кўришингиз неча ёшда содир бўлган?
  • Охирги ҳайз кунини айтоласизми?
  • Фарзанд кўрганмисиз?
  • Контрацепция воситаларидан фойдаланасизми? (тури, ножўя таъсири бўлганми, фойдаланиш давомийлиги);
  • Стресс, кучли асабийлашиш кузатилмаганми?
  • Вазн ортиши ёки камайиши билан муаммо бўлганми?
  • Қандай касалликлар билан оғригансиз?
  • Кун тартибингиз қандай? (жисмоний фаоллик, уйқу, таомланиш).

Санаб ўтилганларнинг барчаси бирваракайига учрамайди. Ташқи аломатлар аменореяни келтириб чиқарган омилга боғлиқ. Масалан, ҳайз кўрмаслик балоғат даврида аниқланди дейлик. Бунда кўкракларнинг меъёрда ривожланмагани, қўлтиқ ости ва човда тукланишнинг мавжуд эмаслиги (кеч бошлангани ёки камлиги), қомат шакли кабиларга диққат қилинади.

Кўрикка тайёргарлик

Ой кунларининг кузатилмаслиги юзасидан гинеколог шифокорга мурожаат қилинг. Кўрикка боришдан аввал кичик тайёгарлик жараёнига диққат қилсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Дастлаб, сизни хавотирга солган, ноодатий туюлган барча симптомларни ёзиб чиқинг, аввал бирор касаллик билан оғриган, бирор препарат ёки витамин қабул қилган бўлсангиз, буни ҳам қайд этинг. Яқин қариндошлар орасида ҳайз кечикиши билан боғлиқ ҳолат бор йўқлигини суриштиринг. Мутахассис ҳузурида:

Ташхислаш усуллари

Кўрик вақти шифокор жинсий аъзоларнинг гинекологик ҳамда ультратовуш текширувини ўтказади. Сўнг кўкраклар шакли кўздан кечирилади. Бу жинсий етилишнинг қай ҳолатда кечгани ва мавжуд касалликларни аниқлашга ёрдам беради.

Организмда гормонал ўзгаришлар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида қалқонсимон без текшируви (қондаги тиреотроп гормони миқдори), тухумдонлар фаолияти (фолликула стимулловчи гормон), проклатин ва эркаклик гормонлари таҳлили ўтказилади. Бундан ташқари компьютер томографияси ҳамда магнит резонанс томография текширувлари ҳам ўтказилиши мумкин.

Жинсий ҳаёт тарзига эга аёлларда қўшимча равишда гистероскопия текшируви ҳам бажарилиши мумкин. Бунда қин орқали бачадон бўйнига махсус диагностика аппарати киритилиб, бачадон бўшлиғи баҳоланади.

Муолажа қандай бўлади?

Айрим ҳолларда дори воситалари ва гормонлар тайинланади. Бордию аменореянинг сабаби қалқонсимон без ёки гипофиздаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлса, маълум турдаги препаратлар гуруҳи тавсия этилади. Жинсий аъзоларда ўсма ёки ҳайз ажралмасининг ташқарига чиқишига тўсқинлик қилувчи нуқсонлар аниқланганида оператив даво чораларига мурожаат қилинади.

Жинсий ҳаёт тарзига таъсир қиладими?

Умуман олганда, йўқ! Чунки ҳайзнинг кечикиши ёки кузатилмаслиги нозик муносабатларда у қадар аҳамиятли эмас. Аммо аёлнинг умумий ҳолати, кайфияти ва ҳиссиётларида акс этиши мумкин. Энг асосийси ўзгаришлар соғлигига хавф солади. Айниқса, фарзанд кўришни режалаштираётганлар учун аменорея ташхиси жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Билиб қўйган яхши

Қизалоғингиз эндигина балоғат остонасига қадам қўяётган экан унинг ташқи кўриниши, организмидаги ўзгаришларга сергак бўлинг. Ҳайз кўриш, у қандай бўлади, кечиши, аҳамияти ҳақида тушунтиринг. Ой кунлари бошланганда тартиби билан қизиқиб боринг. Алоҳида дафтар тутиб, ҳар ойдаги санасини ёзиб боришни ўргатсангиз, кейинчалик асқотиши мумкин.

Оилали аёллар эса ҳайзнинг тўхтаб қолишига бефарқ қарамасинлар. Агар ҳомиладор ва эмизикли бўлмасангиз, эҳтиётингизни қилинг. Меҳнат қилиш, дам олиш, уйқу ва овқатланиш тартибига лоқайд қараманг. Гоҳида ўз вақтида таомланмаслик ва турли парҳезларга муккасидан кетиш ҳам репродуктив саломатликка дахл қилиши мумкин. Стрессдан ҳимояланинг, яхшиси ундан узоқроқ юринг. Асабийликни енгиш учун йога, нафас гимнастика билан шуғулланинг. 35 ёшдан ошган бўлсангиз билиб–билмай дори препаратлари, витаминлар қабул қилманг, ҳар қандай ҳолатда шифокор билан маслаҳатлашинг.

Манба: Darakchi.uz