Ayol.uz

Китоб ўқиганда уйқу босишини қандай енгса бўлади?

Китоб ўқиганда уйқу босишини қандай енгса бўлади?


Албатта уйқучиликнинг сабаблари кўп: чарчоқ, касаллик, соф ҳаво (кислород) етишмаслиги, қорин очлиги (бу яхши баҳона эмас) ва ҳоказо. Лекин узоқ вақт китоб ёки узун мақолаларни ўқиш кўникмаси яхши шаклланмаган кишиларда юқоридаги сабабларсиз уйқуга элтаверади.
Ўқиш бу ақлий меҳнат (айниқса уқиб, тушуниб, фикрлаб, баҳслашиб, ўрганиб ўқиш). Ақлий меҳнат инсон организмида энг кўп қувват ейдиган жараён. Мия (нафс, денг) ортиқча энергия сарф бўлишига йўл қўймайди. Агар хозир ва бу ерда ақлий меҳнат қилишга ўткир заруратни кўрмаса, мия бу ишингизни блоклашга уринади:


Музлатгич томон юргазиб юборади
Ҳожатга бирдан чақириб қолади
Эшматга чатда жаоб беришни эсга солиади
Томорқада ер чоптиргиси келади
Идиш товоқ ювиш ва мебель суришга иштиёқни кучайтиради
Фейсбук/телеграмга тортиб қолади, ёки...
Уйқу гормонларини қўзғатади.


Бир сўз билан, ақлий зўриқишни сезиб қолган миянгиз энергия асраш режимини ёқиб олади.
Агар жуда кучли мотивация бўлса: масалан “ҳозир ва бу ерда” китоб ўқишга зарурат ўткир бўлса миянгиз фаоллик режимини ёқиб, сизни хозироқ ўқишга мажбурлайди. Аммо бундай ҳоллар оз. Хозирги ишингиз билан оладиган фойда ўртасидаги вақт орағили узунлиги ўртача мия учун энг кам инобатга оладиган омил. Жисмоний иш ёки ақлий меҳнатдан мия биринчисини танлайди. Уйқу учинчи танлов бўлса, албатта уйқуни танлайди.

Узоқ вақт давомида китобга ўқиш кўникмаси бор одамларда узун матнларни ўқишдан эринмасликларига сабаб – уларнинг мияси бу ишдан қўрқмайди, аксинча ўқишдан пайдо бўладиган лаззат гормонларидан бўлмиш дофаминни ишлаб чиқариб, ундан роҳат олади. Мия лаззатни яхши кўради ва ундан энергия сарфини аямайди. Ундан ташқари кўп қайтарилган иш миянинг кўникма тармоқларини бақувватлаштирган бўлади, импульслар тез ўтиши осонлашган, ва шунинг учун ҳам унчалик қувват кўп талаб қилинмайди.


(шу жойига келиб, ухлаб қолмаган бўлсангиз, аҳвол унчалик ёмонмас).

 

Хўп, мияжонимизни ақлий заҳматга ўргатиш учун нима қилиш керак?


Биринчидан,ўқинг! Уйқу босяптими, мудраб олинг. Бир икки варрақ ўқишингиз билан ухлаб қолсангиз, уйқуда бўладиган миянинг “орқа фон ақлий жараёнлари” ишга тушади. Яъни сиз англамаган ҳолда оз бўлсада янги олинган маълумотлар миянинг бошқа тармоқлари билан алоқа ўрната бошлайди. Ақлий меҳнатда уйқунинг роли жуда катда!


Иккинчидан,ўқиш жараёнида қанча вақтда ухлаб қолаётганингизни ёзиб боринг! Бу сизга мотивация бўлади. Чунки ҳар сафар ўқиш даври уйқугача узайиб бораётганини кўрасиз. Кўникма қанча кўп қайтарилса унинг нейрон толалари шунчалик бақуватлашиб боради.


Учинчидан,ўқишни бошлашдан олдин шу чорак соат, ярим ёки бир соат ичидан қанча масофа, яъни бетларни босиб ўтишни олдиндан белгилаб, ўзингиз билан мусобақалашинг. Масофа ўтилгач ўзингизни бирон ширинлик билан мукофотланг! Мия мукофот лаззатини яхши эслаб қолади ва кейинги сафар ўзингизни ўқишдан тўсмайди ва аксинча бу ишга ундайди (“помодорро” техникаси энг зўр услуб). Рўза вақтда ширинликни қўлингизга олиб ифторликка тайёрлаб қўйинг, миянгиз сизга ишонади, кейин унутмасангиз, бас.


Тўртинчидан, ўқиш жараёнида муаллиф билан суҳбатлашинг: баҳслашинг, қулоқ солинг, саволлар беринг.


Бешинчидан, ўқишдан мақсадни аниқ белгиланг ва уни ёзиб қўйинг. Кўпинча мақсадни топиш қийин бўлиши ўқишдан тўсиб қўйиш мумкин. Мияни меҳнат қилмаслиги учун баҳона яратмаслик керак. Тезда мақсад қўя олмасангиз, қуйидаги савол-вазифалар қўл келади:


- Китоб/китобнинг бобини, қисмини/мақолани ўқиб бўлиб учта (бешта) энг муҳим фойдали ҳулосалар нима бўлади?
- Ўқилган материал ҳақида фейсбукдаги “Китобхонлар давраси” гуруҳида нима ёза оламан?
- Ўқиётган материал ҳақида отам, дўстим, душманимга нима айта оламан?
- Муаллифга нима деб хат ёзишим мумкин?
(уйғоқмисизлар?).

Содда қилиб айтганда миянгиз парвоини уйғотадиган қизиқиш ва енгил безовталикни уйғотадиган мақсад ва вазифаларни белгишингиз керак. Бу вазифалар сизнинг ҳаётингиз, манфаатларингиз ва машғулотларингизга қанчалик яқин бўлса шунча яхши.

Рамазон ойида биринчи нозил бўлган Аллоҳнинг оятини эсланг.

Жамшид Муслимов