Ayol.uz

Дўхтир момо...

Болаликда шўх ўсганмиз. Онамнинг гапига баъзан қулоқ тутмасдик. Кўпинча отамга орқа қилардик (раҳматли отам шўхлигимизни кўтарар эди). Кўп касал бўлардик – қўшни болалардан кимдир тумов бўлса, албатта бизга ҳам ўтарди. Чунки улар билан доим бирга ўйнардик, уйдан яширинча олиб чиққан емакларни бирга баҳам кўрардик. Қишлоқ одамлари тили билан айтганда тепки, сариқ, қизамиқ, сувчечак дейсизми, ҳаммасини бошдан ўтказганмиз. Аммо ота-онамизнинг яхши парваришидан ва қишлоғимизда ёшу қари “Дўхтир момо” деб чақиргувчи аёлнинг муолажасидан сўнг тезда тузалиб кетардик.

– Қишлоқда ҳеч ким исмимни билмайди, – дейди Хурсанд момо Эргашева. – Ҳамма “Дўхтир момо” деб чақиради. Нафақа тарқатувчи келиб исм-шарифимни айтганда, ҳеч ким шу ерда яшайди, демаган экан. Эрта баҳорда ёш қизчаларнинг қулоғини тешиб, зирак тақиб қўяман. Болалар уколдан қўрқади. Шу сабаб, айрим юқумли касалликлар билан оғриган болаларнинг ота-онасига уй шароитида даволаш усулларини ўргатаман.

...Болалигимда Хурсанд момони ёмон кўрардим. Чунки бизни кўп тергаб турарди. Лойқа ариқ сувида чўмилишимизга қўймасди, тинганда чўмилинглар дерди, меваларни ювмай есак калтак билан қувларди. Хуллас, бола тасаввурим билан момони хушламас эдим. Бир воқеадан сўнг уни яхши кўриб қолганман. Бундан йигирма йилча олдин томоғим шишиб, дори ҳам, укол ҳам таъсир қилмай қолди. Онам момоникига олиб борди. Томоғимни махсус мато билан артганидан сўнг ҳаёт аввалгидек равшанлашиб, яхши бўлиб кетдим.

Момонинг эри Ислом бобони кўрмаганман. Аммо ҳазил-мутойибага ўч, бамаъни одам бўлган, деб эшитганман. Хурсанд момонинг қишлоғимизга келин бўлиб келиш тарихи ҳам қизиқ бўлган экан.

У даврда одамлар қизларини ўқитмасди, – дейди момо. – Болалигимдан шифокор бўламан, деб орзу қилганман. Техникумда ўқиш учун отамни кўндиришим, онамни рози қилишим осон бўлмади. Каттақўрғон тиббиёт техникумида таҳсил олдим. Ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини татидим, пасту баландидан ўтдим. Биринчи турмушимдан фарзанд бўлмагач, ота уйимга қайтишга мажбур бўлдим. Кейин ҳаёт йўлим Ислом Усмонов билан боғланди. Бошида “Икки фарзандим бор, аёлим вафот этган, болаларимга меҳрибон она керак” деганида кўнглим эриб, унга турмушга чиқишга рози бўлганман. Сўнг суриштирмасдан ота-онамнинг дуосини олиб, кўч-кўронимни орқалаб, шу хонадонга келганимдан сўнг билсам бўлажак эримнинг 11 боласи бор экан. Бир хаёл уйга қайтмоқчи ҳам бўлганман. Аммо онадан эрта айрилган болаларга раҳмим келган. Шунча болани дунёга келтириб, роҳатини кўролмаган онага ачинганман. Келажагимни шу хонадонда кўрдим. Аллоҳ мени яна фарзанд билан сийлади. Икки қиз, бир ўғилли бўлдим. Бугун 70 дан ортиқ набира ва эварам бор. Улар яхши лавозимларда ишлайди, ўқийди. Дам олиш кунлари телефон тинмайди, бири қўйса, бир қўнғироқ қилади. Бугунги синовли кунларда ҳам телефон қилиб ҳолимдан хабар олиб турибди.

...Лойқа сувда чўмилиб, меваларни ювмасдан еган, йўталсак момодан дакки эшитиб юрган биз ҳам катта бўлдик. Ҳайтовур, яқин орада жиддий касалликка чалинмадим. Аммо ҳар гал томоғим оғриб, шамоллаганимда “Дўхтир момо”ни эслайман. Ўйлайман: ҳозир ҳам момога иш топилса керак, чунки ота-онасининг айтганига ҳар доим ҳам амал қилавермайдиган болалар доим топилади. Бундан ташқари иссиқ жон, шифохоналар бироз узоқ бўлган бир пайтда ишончли кишидан маслаҳат олган яхшида.

– Бугун замон ўзгарди, – дейди Хурсанд момо. – Авваллари тиббиёт ходимларига бўлган ҳурмат ҳам бошқача эди. Эсимда, ҳали анча ёш эдим. Олтинсойда тиббиёт ходимлари етишмаслиги туфайли бизни шу қишлоққа ишга юборди. Бу ерда инсонларнинг шифокорга ҳурмати қанча кучли эканига гувоҳ бўлганман. Тез ёрдам бўлимида ишлардик. Чақирув келдими, дарров йўлга тушардик. Қишлоқ қирликлардан иборат эмасми, ҳайдовчи машинани қулай жойга қўяр, сўнг икковлашиб беморнинг уйи томон йўл олардик. Манзилга етиш учун гоҳида бирон километр ё ундан ҳам кўпроқ йўл юришга тўғри келар эди. Икки-уч йил ичида шу қишлоқда 50 дан зиёд чақалоқ туғилишида доялик қилганмиз. Қишлоқ одамлари бизни яхши кўрар, ҳатто чақалоқларига қандай исм қўяйлик, деб сўрашарди. Баъзиларининг исмини ўзим қўйганман. Ҳозир айрим нодон кишилар шифокорга раҳмат айтиш ўрнига, калтаклаяпти...

Хурсанд момо ҳамон тин олай, демайди. Доим ҳаракат ва изланишда. Қишлоқдошлари оғирини енгил қилишдан, дардига шифо бўлишдан чарчамайди. Томорқа ишларини ҳам дўндиради. Момонинг ҳовлисидан бир рўзғорга зарур бўлган барча маҳсулотни топиш мумкин. Мевали дарахтлар эрта баҳор қийғос гуллаб, ҳозир шиғил мева туккан. Ҳовлисининг тенг ярмига гул экади. Харидори чиқса сотади, сотилмай қолгани томорқага гўзаллик бахш этиб, атрофга хушбўй ифор таратиб туради. Кўрган кишининг дили яйрайди.

 

Дилобар Мaматова, ЎзА