Ассалом алайкум Лазиза опа биламиз, сиз “Қизлар овози” мактабининг биринчи мавсумида “Бизнес лойиҳалар” модулида спикер бўлгансиз. Ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
- Мен ўзимизнинг азим Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. Ҳозирги кунга қадар икки марта олий маълумотли бўлдим, умуман бир-бирига яқин бўлмаган йўналишлар, бу иқтисодиёт ва психология. Биринчи олий таълимимни ўша даврда урф бўлгани учун эгаллаган бўлсам, иккинчиси юракнинг чақируви билан эгалланган. Бу ўзимнинг хоҳишим эди.
Ҳаётимнинг 10 йилини SOS Болалар Қишлоғи хайрия фондида ишлашга бағишладим. Аввал фондни Ўзбекистонда, сўнгра Россияда бошқардим. Бу менинг ҳаётимдаги энг “қийин нон”им эди. 29 ёшимда раҳбар лавозимини эгаллаган бўлсам, қўл остимда деярли 200 ходим ва шунча тақдири оғир болалар бор эди. Аёллар жамоасидаги келишмовчиликлар, бюджет, режалар, умуман олганда ҳақиқий ҳаёт мактаби. Қолаверса, ўша даврда икки фарзандимни дунёга келтирган эдим. Беш йиллик фаолият давомида жамғарма сезиларли даражада ўсди, ишчилар ва ёлғиз болалар сони уч бараварга ошди. Бу вазифани бажара олмайман деб ўйлаган эдим, аммо уддаладим.
Кейин бошқа мамлакатга кўчиб ўтдик. Янги ҳаёт, уй, болалар боғчаси мактаби, ҳаттоки маҳсулотлар ҳам янги. Умуман олганда мен яна профессионаллизмимни исботлашим керак эди бўлди.
Аёл кишига бир вақтни ўзида бир нечта масъулият юкланади, оила, иш, рўзғор ва бошқа. Шулар орасида мақсадингиз эришишни қандай уддалагансиз? Қийинчиликлар бўлганми?
- Италияга кўчиб ўтганимиз – кутилмаган ўзгариш бўлди рости. У ернинг номларига ва маҳсулотларига ўргангунимча 2 ой вақт керак бўлди. Шунда ҳам жуда катта қийинчиликлар ва хатолар билан итальянчада гапиришни бошладим. Бошқа иложим ҳам йўқ эдида. Етти йил меҳнат фаолиятимни тўхтатдим ва уй бекаси лавозимида завқланиб ишладим. Аммо, мени доимо шахсий бизнесимни очиш ҳаёли тарк этмас эди. Узоқ кутилган кунлар келди, uzbekonline.ru ўзбек тилидаги мактабни очдим ва фаолиятни бошладим. Рус тилидаги мактаб matreshka.uz ва энди lazizaazimova.ru аёллар учун янги мураббийлик курси ишга тушди.
20 йил аввал ўзингизни учратганингизда қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?
- “Ўзингни тикувчилик ишингни бошла! Қўрқма”! деган бўлар эдим. Ёшлигимда яхши тикувчи бўлганман, ҳатто бир неча тўпламлар қилганман. Аммо, қўрқдим, олдинга боришга, бу урфда эмас эди. Назаримда, бизнес билан шуғулланиш олий математикага ўхшайди, ҳамма ҳам уддалай олмайди. Афсус, ўша даврда мени қўллаб-қувватлайдиган устозим бўлмаган.
Сизнингча, мамлакатимизда қизлар юқори натижаларга эришиш учун қандай тўсиқлар мавжуд?
- Менимча, ҳар қандай инсон учун уларнинг кўз ўнгида муносиб ўрнак бўлиши жуда муҳимдир. Сиз тадбиркор, ёзувчи бўлишингиз мумкин, тикувчи бўлишингиз мумкин ёки оғир атлетика билан шуғулланишингиз мумкин. Бизда идеал модель фақатгина оилали аёллар эмас, балки бошқа намуна моделларининг тарафдориман ва бундай «бошқача» ҳаётнинг ҳам ўз афзалликлари бор.
Каттакон раҳмат Лазиза опа, суҳбатимиз сўнгида қизларга маслаҳатингиз?
- Ўқинг, ўқинг ва ўқинг. Бу учун ҳозирда барча имкониятлар мавжуд, китоблар, Youtube, ижтимоий тармоқлар, мастер-класслар. Кичик бўлса ҳам ўзингизнинг даромадингиз бўлсин, бу совуқ ёмғирли кунда иссиқ чойга ўхшайди ва ўз қадрингизни кўтаради. Ижтимоий доирангизни шакллантиринг. Интернет, ижтимоий тармоқлар мавжуд, сиз қизиқарли одамларга обуна бўлишинг, уларнинг фикрларини ўқинг, ҳаракатларини кузатинг - бу ҳам ижтимоий доирадир ва турли фикрлар бизнинг дунёқарашимизни шакллантиради. Сиз учун нима яхши, нима ёмон эканлигини ўзингиз ҳал қилинг. Қўшнингиз ёки дўстингизни маслаҳатлари муҳим, аммо сиз қўшнингизнинг ҳаёти билан яшамайсиз. Сиз таҳлил қилишингиз, ўзингиз учун энг зарур бўлган нарсани таъкидлашингиз ва баъзан таваккал қилишингиз керак.
Суҳбатлашди "Қизлар овози" мактаби асосчиси Н.Комилжонова