Биласизми?

"13" нега бехосият рақам?

АҚШ иқтисоди ҳар йили ойнинг 13 санаси ҳафтанинг жума кунига тўғри келганида бир неча юз минг долларлик зарар кўради. Боиси "13" рақамидан кўрқувчи миллионлаб америкаликлар шу куни уйдан чиқмасликка ҳаракат қилишади. Ҳатто ҳар гал ойнинг 13-санасида ишга бормайдиганлар ҳам бор экан.

Билиб-билмасдан "13" рақами остида навбатда туриб қолсак ёки шу санада бирор иш бошласак, ирим қилиб, ич-ичимизда норози кайфият уйғонади.

Трискайдекафобия (юнон тилида: "tris" - уч, "kai" - ва, "deka" - ўн) кўпроқ табиатан феъл-атворида ваҳима кучли ўрин эгаллаган инсонларда кузатилади. "Трискайдекафобия" сўзи илк маротаба руҳшунослар томонидан 1911 йилда ишлатилинган.

Хосиятсиз "13" ҳақида турлича фикр-мулоҳаза ва тахминлар юради. Бунинг моҳияти насронийлик дини билан боғланади. Инжил китобида ёзилишича, Исога хиёнатда айбланган Иуда "Сирли кеча" воқеасида стол атрофида ўтирганларнинг энг сўнггиси, яъни 13-си бўлган.

Яна бошқа бир тахминга кўра, 12 тўла-тўкислик рамзи бўлиб, йил 12 ойдан, 12 та бурж, кун 12 соатдан иборат.

Яна бир ўринда бу милоддан аввалги 1780 йилда ёзилган "Ҳаммурапи қонуни" билан боғланади. Шоҳ Ҳаммурапи ушбу қонунларни тартиблашда "13" рақамидан фойдаланмаган экан.

Тадқиқотларга кўра, америкаликларнинг 9-10 фоизи бу касаллик билан оғрийди ва мунтазам равишда дори-дармон қабул қилиб, руҳшуносларга мурожаат қилишади. Шу сабабли, Америкадаги кўплаб меҳмонхона, жамоат жойларида, кўп қаватли уйларда "13" рақами ташлаб кетилади ёки унинг ўрнига "12+1","1+3" деган ёзув туширилади.

Шарқ анъаналарига кўра, мисол учун Хитой ва Мисрда "13" рақами хосиятли ҳисобланган. Хитойликлар орасида тетрафобия, яъни "4" рақамидан қўрқиш авж олган. Италияда ҳам "13" бахтли рақам бўлиб, айниқса италянлар овқатланиш шаҳобчаларида 13-рақамли столда ўтириш хосиятли эканига ишонишади.

Нима бўлганда ҳам,"13", бу – шунчаки рақам ва ундан қўрқишнинг кераги йўқ. Сизга ҳам шуни маслаҳат берамиз.