Биласизми?

Алоэ юздаги ажин ва тошмаларга қарши!

Алоэ ўсимлиги беозор гиёҳ ҳисобланиб, уни гўзаллик тимсоли дейишади. Унинг фойдалилик хусусиятлари эса уч минг йил муқаддам аниқланган. Азалдан унинг баргларидан табобатда фойдаланиб келинган. Айниқса, кўз касалликлари, теридаги яраларни даволашда алоэ ўсимлигидан тайёрланган суртманинг фойдаси бисёр.  Араб тилидан таржима қилинганда «алоэ» «аччиқ, какра» маъноларини англатади. Араблар ушбу ўсимликни қурғоқчиликка чидамлилиги учун сабр-бардош, қаноат тимсоли сифатида қадрлашади.

Алоэ жой танламайдиган ўсимлик бўлгани учун уни уй шароитида ўстириш жуда оддий ва қулай.

Алоэ шарбати ўсимликнинг айнан уйда ўстирилган туридан олинади. Алоэ шарбати зарарланган жойни тезда тиклаш хусусиятига эга бўлиб, микроблардан тозаловчи восита ҳамдир. Шунингдек, алоэ кўз шиллиқ пардасидаги ва бошқа яллиғланишларни даволашда самарали ёрдам беради.

Алоэ шарбати ва суртмаси теридаги ўткир ва сурункали касалликларни даволайди. Яралар, жароҳатлар ва куйишларни бартараф этиб, терини аввалги ҳолатига қайтаради.

Ташқи гўзалликни ихтиёр этган бекаларимиз учун ҳам алоэ бебаҳо топилма ҳисобланади. Унинг барглари билан эрталаб ва кечқурун юзингизни артсангиз, чеҳрангиз тиниқлашиб, янаям очиласиз.

Алоэ шарбати ажинга қарши

Эрталаб кўзгу олдида юзингизга разм солиб, ҳуснингизга соя солаётган ажинларнинг кўпайганидан кайфиятингиз тушдими? Унда алоэ шарбати сизга ёрдамга келади. Бунинг учун 2-3 дона алоэ баргини олиб, уни бир литр қайнаб совутилган сувга соласиз ва 5 дақиқа мобайнида қайнатасиз. Сўнгра уни докадан ўтказиб, сиздириб олинг ва совитинг. Тайёр бўлган лосьонни музлатгичда сақлаб фойдаланишингиз мумкин.

Ҳаво совиши билан кўпгина хотин-қизларнинг лаби ёрилади. Бунда алоэ шарбатини лабингизга суртсангиз, у тез фурсатларда аввалгидек мулойим ва чиройли кўринишига қайтади.

Музлатилган алоэ

Алоэ шарбатидан тай­ёрланган муз бўлакчаси энг зўр пардоз воситаси эканидан хабарингиз борми? Бунинг учун 2-3 қошиқ алоэ шарбати билан бирга марварак ўсимлигини қайнатинг. Уни яхшилаб аралаштириб, маълум бир кўринишга келтиринг ва музлатгичга қўйинг. Ушбу муз бўлакчаси билан юзингизни эрталаб ва кечқурун артишни канда қилманг. Бу малҳам юзингизни тошмалардан халос этиб, тиниқлаштиради.

Алоэдан махсус ниқоблар

Бир қошиқ алоэ шарбатига бир қошиқ сметанани аралаштиринг. Аралашмага қизилпойча ўсимлиги ва қошиқчада асал солинг. Тайёр ниқобни юзингизга суртиб, 12-15 дақиқадан сўнг юзингизни иссиқ ва совуқ сувда галма-гал ювиб ташланг. Ушбу ниқоб юзингизни ёшартириб, ажинларни силлиқлайди.

2 ош қошиқ янги алоэ шарбати 1та тухум оқи билан аралаштирилади ва 15 дақиқага юзга суртилади. Ниқоб теридаги майда тошмаларни йўқотишда яхши самара беради.

2 ош қошиқ алоэ шарбатига 1 ош қошиқ мойчечак   дамламасини, шунча миқдордаги асални қўшиб аралаштиринг. Ниқоб юзни таранглаштириб, яллиғланишларни бартараф этади.

Табиат инъоми

Алоэнинг ватани-Жанубий  Америка. XX асрнинг 30-йилларига келиб алоэдан тиббиётда кенг фойдаланила бошланди. Булар асосан иммун тизимини мустаҳкамловчи дорилар эди.

Алоэ шарбати табиатнинг антисептик инъоми ҳисобланиб, унда салицил кислота, фенол, олтин гугурт ва ўсимлик бальзами – лупеол мавжуд. Ушбу элементлар яллиғланишга қарши самарали восита ҳисобланади.

Азиз дугонажонлар, она табиат биз, хотин-қизларнинг соғлом ва гўзал бўлишимиз учун барча шарт-шароит ва имкониятларни муҳайё этган. Биздан озгина қунт ва хоҳиш бўлса кифоя. Ўзингиз учун ҳар куни ҳеч бўлмаганда ярим соат ажратинг ва мафтункор бўлинг.

Манба: Beka.uz