Асосан нафас йўллари касалликларида тавсия қилинадиган асалли сутнинг бошқа кўплаб фойдали хусусиятлари борки, бу ичимлик билан дўстлашсангиз соғлигингизнинг ташвишини қилмасангиз ҳам бўлади.
Терини ёшартиради!
Асал ва сут касаллик қўзғатувчи вируслар билан курашади. Иккисининг бир пайтда қабул қилиниши организмни тетиклаштириб, иммунитетни рағбатлантиради. Кунора бир стакан асалли сут ичишга одатлансангиз, юз терингиз қуруқлашиб қолмайди. Негаки фойдали ичимлик тери катакларини ичкаридан озиқлантиради.
Ҳазм аъзоларида муаммо борми?
Асал меъда фаолияти учун зарур бўлган пребеотикдир. Унинг истеъмолидан сўнг ошқозон микромуҳитида фойдали бактериялар стимуллашади. Ҳазм аъзоларида муаммо бўлса, эрталаб нонушта қилишдан олдин бир чой қошиқда асални енг-да, илиқ сут ичиб олинг.
Мадорсизман, дейсизми...
Ҳар куни эрталаб оч қоринга бир стакан асалли сут ичинг. Сутдаги оқсил ҳамда асалдаги углевод организмингизни қувватлантириб, жисмоний фаоллигингиз ортади. Кун давомида ўзингизни тетик сезасиз.
Бўғимларда оғриқ бўлса...
Сутда кальций моддаси бор, асал эса кальцийнинг организмга сингишида ёрдам берадиган микроэлементларга бой. Демакки, бу икки маҳсулот бирга ичилса, суяклар кераклича озиқланади. Шунингдек, бўғим хасталикларида ҳам асалли сут ичилади.
Уйқусизликми? Чораси бор!
Ҳар оқшом бир стакан иссиқ асалли сут ичинг. Асал организмни тинчлантиради, сут эса ошқозондаги оғирликни бартараф этади. Танангиздаги енгиллик сизни аста уйқуга элита бошлайди.
Эрта кексайишни истамасангиз...
...асалли сут ичинг. Тотли ичимликдаги антиоксидантлар эркин радикаллар билан курашади. Бунинг натижасида эса организм кексайиш жараёнини секинлаштира олади.
Асалли сут тайёрлаш учун бир стакан сут ва 1 – 1,5 чой қошиқ асал керак бўлади. Ичимлик илиқ ҳолатда қабул қилинади. Ушбу усул асалга аллергияси борлар учун тавсия этилмайди.
Манба: Darakchi.uz