Аёл киши учун карьера қилиш осон кечмаслиги барчамизга маълум. Кўпчилик аёлларнинг фикрича, карьера қилиш учун улар ҳамкасб эркакларга қараганда уч карра кўпроқ ишлашига тўғри келади.
Профессионал жиҳатдан ўсиш ва хизмат пиллапояларида юқори чўққиларни забт этиш учун қуйидаги ёзилмаган қоидалар билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.
1. Асосийси — натижа
Биринчи қоида - энг оддий, бироқ энг самаралиси. Кўпроқ натижаларга эришинг! Қандай ташкилот бўлмасин, унинг раҳбарияти учун аниқ кўрсаткичлар: лойиҳаларни амалга ошириш муддати, тузилган битимлар сони, даромад кабилар муҳим саналади. Шу сабабдан астойдил ҳаракат қилиш профессионал жиҳатдан ўсишни таъминлайди.
2. Ўз-ўзини мақташ
Карьера қилиш учун фақат юқори натижаларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўз муваффақиятларингиз ҳақида сўзлашни ҳам ўрганинг. Лойиҳани муддатидан аввал якунлаган бўлсангиз, бу ҳақда раҳбарингиз ва бошқа бўлимлардаги ҳамкасбларингизга маълум қилишдан уялманг. Сизни омадли ва ўз мақсади сари интилувчан ҳамкасб сифатида билишсин.
3. Иш жадвали
Учинчи қоида - компаниянгиз иш жадвалига риоя қилинг. Ишга турли сабабларга кўра ҳар куни 15 дақиқага кечикиш сизнинг ишдаги обрўингизга путур етказади. Шунчаки кўп жавоб сўрамасликка ҳаракат қилинг, агар иложсиз бўлсангиз сизнинг ўрнингизга ишлаб бериши мумкин бўлган кишини олдиндан аниқлаб олинг.
4. Менинг севимли бувижоним ёки энагам
Фарзандингизга қараб туришни баъзан бувиси ёки энагасидан илтимос қилиш мумкин.
5. Иш вақтида - иш ҳақида
Бешинчи қоида - ҳамкасбларингизга шахсий муаммоларингиздан шикоят қилманг. Ҳеч бўлмаганда, бундай шикоятлар сонини қисқартиринг. Ишга алоқаси бўлмаган, боғчадаги эътиборсиз боғча опаси ёки қайнона мавзусидаги суҳбатларни дугонангиз билан ишдан ташқаридаги учрашув учун сақлаб қўйинг.
6. Таниш-билишларнинг кўплиги
Олтинчи қоида - нетворкинг, яъни фойдали алоқаларни йўлга қўйиш билан шуғулланинг. Ишдан ташқарида, касбга оид конференциялар, кўргазмаларда ҳам дўстлар орттиринг. Қимматли алоқаларга эга бўлган мутахассис, жуда камтар ходимдан кўра кўпроқ қадрланади.
7. Идорадаги дўстлик
Еттинчи қоида жамоада яхши муносабатларни йўлга қўйишдан иборатдир. Ҳеч қачон бир ўзингиз тамадди қилманг. Идорада биргаликдаги тушлик дўстона мулоқот учун айни муддаодир. Ҳамкасбларингизнинг фақат яхши жиҳатларини кўришга ҳаракат қилинг. Уларга ёрдам беришга доим тайёр туринг.
8. Шахсий нарсаларингиз шахсийлигича қолсин
Америкалик тадқиқотчилар аёлларга иш столида иккитадан ортиқ сурат қўймасликни тавсия қилади. Акс ҳолда сизнинг хаёлингиз ишда эмасдек тасаввур уйғотиш мумкин. Эркак ходимларда эса аксинча, иш столидаги оилавий суратлар унинг ҳамкасблари орасидаги обрўсини оширади. Шу сабабдан шахсий ҳаётингизни намойиш қилишга шошилманг.
9. Дресс-код
Тўққизинчи қоидага амал қилиш ҳам муҳим саналади. Офис дресс-кодига риоя қилинг. Ишга ҳамманинг эътиборини жалб қиладиган ёки очиқ-сочиқ либосларни кийманг. Иш учун мўлжалланган костюм ёки ўртача узунликдаги кўйлак офис учун яхши ечим бўла олади.
10. Ишингизни яхши кўринг!
Ва ниҳоят асосий қоида - карьерангизда илдам илгарилашингиз учун ишингизни чин дилдан яхши кўринг!
Кўпроқ муваффақиятга эришиш имкониятингизни бой берманг!
Мақолани тайёрлашда Superjob сайти маълумотларидан фойдаланилди.