Жазирама кунларда ушбу музқаймоқ сизга салқинлик бахш этади. Унинг ёрқин бананли таъми ва кремли ранги иштаҳангизни очиб юборади. Бананли музқаймоқ фарзандларингизга ҳам хуш келиши шубҳасиз.
Зарур масаллиқлар:
- 2 дона банан
- 100 мл қаймоқ (ёғлилик даражаси 10—20%)
- 1 ош қошиғида шакар упаси
- 1 ош қошиғида лимон шарбати
Тайёрланиши:
1. Бананларни тозалаб, бўлакларга бўламиз ва 3-4 соатга музлаткичга қўйиб, музлатамиз.
2. Банан бўлакларини блендер ёки миксер ёрдамида майдалаймиз.
3. Яхшилаб майдалашда давом этамиз. Дастлаб, бананлар уваланиб, нотекис масса ҳосил бўлади, бироқ, эзишда давом этаверсангиз, у силлиқ кремга айланади.
4. Тайёр бўлган аралашмага қаймоқ, шакар упаси ва лимон шарбатини қўшиб, аралаштиришда давом этамиз.
5. Ҳосил бўлган массани идишга солиб, 1—2 соатга музлаткичга қўямиз.
6. Бу вақт ичида уни музлаткичдан бир неча марта олиб, бир текисда музлаши учун вилка билан аралаштириб турамиз.
7. Музқаймоқ учун махсус ёки оддий қошиқ ёрдамида музқаймоқни идишчаларга қўйиб, қирғичдан ўтказилган шоколад ёки ёнғоқ билан безатишингиз мумкин.
Бананли музқаймоқ тайёр. Ёқимли иштаҳа!