Биласизми?

Барчамизни қийнаган саволга батафсил жавоб: неча соат ухлаш керак?

Meduza карточкалар воситасида жуда долзарб саволга қисқа ва лўнда жавоблар беради.

Биламан — саккиз соат. Шунча ухлашим шартми?

Йўқ, шарт эмас. Ким учундир олти соатлик уйқу ҳам етарли, кимдир эса тўққиз соат ухлаб ҳам уйқуга тўймайди. Бироқ аксарият мутахассислар ҳақиқатан ҳам шундай деб ҳисоблайди — вояга етган шахснинг оптимал уйқу вақти етти—саккиз соатни ташкил этиши керак.

Қанча вақт давом этадиган уйқуни табиий деб ҳисоблаш мумкин?

Бир нарса дейиш қийин. Бу масалада олимларнинг фикри турлича ва «табиий уйқу» деганда нимани назарда тутиш кераклиги ҳам ҳали тўла аниқ эмас — уйқу нормалари босқичма-босқич ўзгариб бориши мумкин. Баъзи фикрларга кўра, мунтазам равишда саккиз соат ухлаш керак деган ғоя — нисбатан янги ҳодиса. Тарихчи Рожер Экирх кўп йиллар давомида турли архив ҳужжатларини ўрганиб, XIX асрга қадар одамлар ўз уйқусини икки қисмга бўлган, деган хулосага келди — улар аввалига тўрт соат ухлаб туриб, бардам ҳолида бир соат бирор иш билан банд бўлган ва сўнг яна уйқуга кетган. Олимнинг фикрича, бу амалиёт ХVII асрдан бошлаб, кўп жиҳатдан, кўча ва уйларнинг сунъий равишда ёритила бошлангани сабаб ўзгара бошлаган.

Қуёш ботаётганида ухлашга ётиб, тонгда уйқудан туриш — энг яхши уйқу мана шу, тўғрими?

Йўқ. Баъзи одамлар ҳақиқатан ҳам шуни тўғри деб ўйлайди — эмишки, табиат ўзи шундай яратилган, бироқ инсон сунъий ёритишни ўйлаб топиб, ҳаммасини расво қилган. Бундай эмас. Баъзи мамлакатларда фақат овчилик ва термачилик билан шуғулланувчи қабилалар бор, яъни, улар ибтидоий турмуш тарзини олиб боради. Улар қоронғи тушиши билан ухлашга ётиб, қуёш чиққунига қадар камида етти—саккиз соат ухлайди, деб тахмин қилиш мумкин эди. Олимлар Намибия, Боливия ва Танзаниядаги шундай қабилалар ҳаётини кузатиб, улар қуёш ботиши билан дарҳол уйқуга ётмаслиги ва тонг ёришишидан аввал уйғонишини аниқлади. Яъни, улар «цивилизациялашган» дунёда ишлаётган одамлар каби олти соатга яқин ухлайди.

Тўйиб ухламаслик оқибати ёмонми?

Бу энди чала уйқу қанча давом этганига боғлиқ. Уйқингиз бир-икки соатга чала қолса, кайфиятингиз ёмон бўлиши ва нуқул ухлагаингиз келиши мумкин. Мунтазам равишда тўйиб ухламаслик оқибатида эса, одатда, инсоннинг фикрлаши ёмонлашади, эслаб қолиш қобилияти пасаяди, воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириши секинлашади. Оқибатда турли фалокатлар юз беради — масалан, АҚШда йил давомида қайд этиладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг 100 мингтаси ҳайдовчиларнинг тўйиб ухламаслиги оқибатида юз беради. Тадқиқотларга кўра, уйқуга тўймаган одамлар суҳбатдошининг ҳиссиётларини тўла англаб ололмайди, бу эса мулоқотдаги турли муамоларга сабаб бўлади. Ёмон уйқу инсоннинг жинсий фаоллигига ҳам салбий таъсир қилади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, белгиланганидан камроқ ухлайдиган одамларда «уйқу қарзи» шаклланади — масалан, иш ҳафтаси давомида ҳар куни икки соатдан кам ухласангиз, дам олиш кунлари ўн соатлик уйқуга қарз бўласиз.

Дам олиш кунлари тўйиб ухлаб олсам, ҳаммаси яхши бўлиб кетадими?

Унчалик эмас. Бунда вазият кўп жиҳатдан қарз олди-бердисига ўхшайди: сиз 100 минг сўм қарзсиз, қарзнинг 20 минг сўмини узганингиздан сўнг вазият бирмунча яхшиланади, бироқ қарздан тўла қутилмайсиз. Баъзи қарзлар эса устига фоиз ҳам «туғади».

Кундузги уйқу-чи, ёрдам берадими?

Ёрдам беради, лекин тунги уйқусизликнинг барча оқибатларидан халос этмайди. Кейин, ҳамма ҳам ўзига кундузги уйқудек ҳашамни лозим кўра олмайди. Агар иш тугаши билан ухлашга ётиб олсангиз, кечқурун кўзга уйқу келиши масаласида муаммолар бошланиши эҳтимоли мавжуд. Йўқ, кундузги уйқу тунги уйқу билан боғлиқ муаммоларни тўла ҳал қила олмайди.

Жуда кўп ухлаб юборсам нима бўлади?

Яхши бўлмайди. Олимларнинг фикрича, керагидан ортиқ ухлаш турли муаммоларга — семириш, тушкунлик, юрак хасталиклари ва бошқа нохушликларга сабаб бўлиши мумкин.

Саккиз соат ухлашнинг ҳеч иложи бўлмаса-чи?

«Саккиз» деган рақам атрофида ўралашиб қолиш шарт эмас. Юқорида қайд этганимиздек, олти соатлик уйқудан сўнг тиниқиб уйғонадиган одамлар ҳам бор. Энг асосийси, тиниқиб ва яхши кайфиятда уйғон.