Тарбия

Болани қандай ҳолатларда уришиш керак эмас?

Бола ҳали дурустроқ гапиришни ўрганмаган бўлса-да, ота-онасига бор кучи билан уларни қанчалик яхши кўришини кўрсатишга уринади. Баъзан ўз меҳрини намоён қилиши кўпроқ инжиқликлар ва шўхликларга ўхшаса-да, барибир бундай ҳолларда болани уришиш керак эмас. Гап қандай ҳолатлар ҳақида бораётганини мақолани ўқиб билиб оласиз.

Вақтни чўзади

Сиз ишга кечикяпсиз, фарзандингиз эса атайлаб қилгандек, секин кийинади, йўлда севимли ўйинчоғини уйда унутиб қолдиргани ёдига тушади, кўчада тош ёки гулларни теради ва дақиқасига миллионлаб савол беради. Таниш манзара, шундай эмасми?

Бундай вазиятларда болалар ҳозирги лаҳза билан яшашини, улар ҳозирча дақиқалар ва вақт ҳиссиёти ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслигини эсланг. Аммо улар ҳозир онаси шу ерда эканлигини, тезда эса ўз ишларини бажаришга кетиб қолишини тушунади ва бор кучи билан айрилиқни кейинга қолдиришга уринади.

Қочиб кетади ва бекиниб олади

Сиз боладан юз марта бундай қилмасликни сўраган бўлсангиз ҳам, кўчада, айниқса, машина қатнайдиган йўл яқинида у кундан-кунга сиз билан кўпроқ қувлашмачоқ ўйнайди. Бундай хатти-ҳаракат ҳам катта меҳр-муҳаббат белгиси, у бола сизга ишонишини билдиради. Бола у қаерда бўлмасин, онаси доим уни қувиб етиши, топиши ва ҳимоя қилишини ҳис этади.

Овқатни сочади

Фарзандингиз овқатланиш вақтида таомни ейишдан кўра кўпроқ уни ўзига ва буюмларга ишқалаётган, отиб-сочаётган вақтда миянгизга дарров уни уришиб, овқат билан ўйнашни қатъиян тақиқлаб қўйиш фикри келади.

Аммо айнан шу ёшда бола оламни фаол тадқиқ қилишни бошлайди, таомлар билан экспериментлар эса ўз қизиқувчанлиги ва ҳаётга қизиқишини билдириш усулларидан бири. Ушбу илк ҳайратни босиш мумкин, бироқ кейин улғайган фарзандингиз ҳеч нарсага қизиқмай қолганига ҳайрон бўлманг.

Деворларга чизади

Бола нима учун альбомга чизиш яхши-ю, худди шундай оппоқ деворга чизиш жазога олиб келишини тушунмайди. Агар сиз етарлича қаттиққўл бўлсангиз, вақт ўтиши билан бола сабоқни ўзлаштиради ва бутун умр бўйича шаблонли қулай хулқни мустаҳкамлаб олади. Албатта, бола ўзи хоҳлаган ҳар қандай ишни ҳар жойда ва ҳамма вақтда қилиш мумкин эмаслигини тушуниши керак, аммо ички эркинликни сақлаб қолиш у учун жуда муҳим. Шунинг учун ҳеч бўлмаса баъзан-баъзан болага кичик ижодий экспериментлар учун рухсат беринг.

Манба: Daryo.uz