Ўзбекистон президентининг "2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат давлат байрамлари даврида, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароитларнинг яратилишини таъминлашга қаратилган.
Шу мақсадда 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек, айрим дам олиш кунлари ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда.
Натижада 2018 йилда байрам кунларида узлуксиз дам олиш давомийлиги қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва айрим дам олиш кунларни кўчириш орқали таъминланади. Натижада Ўзбекистон фуқаролари: Янги йилда — 5 кун, Наврўз байрамида — 5 кун, Мустақиллик кунида — 5 кундан дам оладилар.
Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари кунларига қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланиши меҳнат таътили давомийлиги уч иш кунига қисқартилиши ҳисобига қопланиши кўзда тутилмоқда.
Бунда: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 134-моддасида белгиланган меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги (15 иш куни);
давлат байрамларига тўғри келган, белгиланган меҳнат таътилининг қўшимча ишланмайдиган кунларини қўшиш йўли билан ходимга йиллик меҳнат таътили давомийлигига берилиши лозим бўлган тўловлар миқдори сақланиши таъминланади.
Бундан ташқари, ўзбек халқининг маънавий ҳаётида олижаноблик, миннатдорчилик, эзгулик, раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик фазилатлари белгиланишида муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Ходимлар томонидан фармон билан белгиланган узлуксиз дам олиш кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида оилавий дам олишни ташкил қилиш чоралари амалга оширилиши, шу жумладан, ички туризм маршрутларини шакллантириш ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий марказларига ташриф буюришни, республика пансионат ва дам олиш уйларида узайтирилган дам олиш кунларини ўтказиш истагини билдирган ходимлар, уларнинг оила аъзоларига меҳмонхона ва транспорт хизматларига чегирмалар тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Бунда Меҳнат кодексининг 131-моддасида белгиланган байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келган ҳафта кунларининг ўзгаришини инобатга олган ҳолда байрам саналари билан боғлиқ бўлган дам олиш кунларидан узлуксиз ва самарали фойдаланиш мақсадида шу кундан эътиборан айрим дам олиш кунларини байрам кунларига тўғри келган яқин иш кунларига кўчириш бўйича ҳар йили белгиланадиган саналарни кўчириш тартиби, шунингдек, иш вақтининг Календарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда турли иш режимларида иш кунлари ва соатларининг сони белгиланиши билан жорий қилинмоқда.