Биласизми?

Дипломи махсус синовларсиз нострификация қилинадиган олийгоҳлар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшма қарорига асосан халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган таълим муассасаларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Инспекция расмий сайтида хабар берилган.

Маълум қилинишича, рўйхат қуйидаги 3 та йирик халқаро рейтинглар асосида ишлаб чиқилган:

TIME​ рейтинг бўйича 500 талик

ARWU​ рейтинг бўйича 500 талик

QS​ рейтинг бўйича 500 талик

Имзоланган қўшма қарорга кўра, рўйхатдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олган фуқароларнинг дипломлари «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра махсус синовларсиз нострификация қилинади.

«Нострификация қилиш учун фақатгина дипломнинг ҳақиқийлиги текширилади», дейилади хабарда.

Ҳозирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, нострификациянинг амалдаги тартибини такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Бундан ташқари ҳужжатларни онлайн топшириш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.