“Нимага нуқул озиш ҳақида ёзаверасизлар? Менга ўхшаб семиролмай юрганлар қанча? Ахир ҳамма аёллар ҳам семиз эмаску”. Таҳририятимизга бўлган ушбу қўнғироқдан кейин ўйлаб кўриб, вазн тўплашни хоҳловчилар ҳам орамизда бисёр эканлигига ва уларга тавсияларимиз камлигига иқрор бўлдик. Бу масала юзасидан диетолог Дмитрий Вдовиннинг тўғри вазн тўплаш ҳақида берган тавсиялари билан бўлишамиз.
Озғинликнинг сабаби нима?
Буни қарангки, вазн етишмасли ҳам ҳудди ортиқча вазн сингари бир қанча сабабларга эга экан. Аёлларда бу ҳолат наслий омил, нотўғри овқатланиш, гормонал ўзгаришлар ва турли касалликлар туфайли пайдо бўлади. Кўпгина аёлларда овқат ҳазм қилиш тизими жуда фаол ишлагани сабабли озуқавий моддалар организмга сингишга улгурмайди. Гормонлар сабабли озиб кетганлар муаммони эндокринолог билан бартараф этгани маъқул. Шунингдек, овқат ҳазм қилиш тизимидаги хасталиклар, гастрит, ошқозон яллиғланиши ҳам моддалар танага сингмаслигига олиб келади.
Ёғми ёки оқсил
Аксарият озғин аёлларнинг хатоси шундаки, улар семириш илинжида кўп овқат тановул қилишга ва кўпроқ ётиб дам олишга ҳаракат қилишади. Ёки тўйиб кетса ҳам овқат еяверади. Аслида, ошқозонга ҳаддан ортиқ егулик тушганда, овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади. Бу эса ўз навбатида моддалар алмашинувини издан чиқариб, саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабдан аёлларга бундай усулда вазн йиғиш тавсия этилмайди. Яхшиси, оқсилга бой маҳсулотлар: мол гўшти, товуқ гўшти, сут ва сут маҳсулотларидан керакли миқдорда тановул қилиш билан мушаклар оғирлигига эришиш мумкин. Ана шундагина тўғри вазн тўпланган бўлади.
Очлик билан семиртириш
Машҳур диетолог, бир қанча соғломлаштириш марказлари асосчиси Боб Шварц семиришни истагидаги аёлларни очлик асосидаги парҳезга маҳкум қилиб кўрди. Бундан улар янада озиб кетишади-ку, деб ўйлашга шошманг. Икки ҳафта давомида очликдан азият чеккан хонимлар кейинги икки ҳафтада кўпроқ ва каллориялироқ таомларни истеъмол қила бошлашди. Икки ой давом этган бундай “ажойиб” усулдан кейин ўша аёлларни ёғ босиб, “Қандай озсам экан” деб яна диетологга мурожаат қилишди.
Жисмоний машқлар оздирмайди?
Бир турдаги машқлардан ҳам озиб, ҳам семириб бўлмайди. Вазн ташлашда рақс, аэробика, шейпинг ёрдам берса, оғир атлетика, тош кўтариш каби спорт турлари билан шуғулланиш натижасида семириш мумкин. Чунки гантеллар ёрдамида бажарилган машқлар мушакларни чиниқтиришга кўмаклашади. Бундан ташқари ўзингиз истаган тана қисмига кўпроқ “ишлов бериш” имконияти мавжуд. Кўпгина диетологлар машқлар билан бир қаторда оқсилли коктейлларни ҳам тавсия этишади. Бу билан кутилган натижага тезроқ эришиш мумкин. Фақат коктейль ёки мушакларни ўстирувчи дориларнинг миқдори индивидуал равишда диетолог-шифокор томонидан белгиланиши лозим.
Аввал даволанинг, кейин тўлишасиз!
Аёллар вазн тўплаш учун атайин машқ залига бориб шуғулланишса ҳам ўзи истаган натижага эришолмайди. Уринишлари зое кетганидан ташқари, чарчоқ, ҳаддан ортиқ оғриқлар туфайли хафсаласи пир бўлади. Диетологлар эса бундай вазиятда терапевт шифокорга мурожаат қилишни тавсия этишади. Чунки, аксарият ҳолларда аёллардаги анемия, ҳайз циклининг бузилиши оқибатидаги ёки бавосир сабаб қон кетиши мушакларга кислород етиб келишига тўсқинлик қилади. Бу эса ўз навбатида мушакларнинг ривожланишини секинлаштиради. Шу сабабдан улар аввал даволаниб, сўнг машқ бажаришга киришганлари мақсадга мувофиқ.
Манба: Darakchi.uz