Саломатлик

Доимий совқотишнинг сабаблари

Совуқ ҳавода совқотиш инсон учун табиий ҳол. Лекин, ҳамма илиқ ҳавода яйраб ўтирганда, сизнинг совуқни ҳис қилишингиз, сиздаги совқотиш ҳисси доимий равишда ҳаво ҳароратига мос тушмаслиги эътиборни талаб қиладиган ҳолатдир. Доимий совқотиб юришнинг мумкин бўлган 10 та сабаби ҳақида гаплашамиз.

Озғинлик

Тана вазнининг индекси 18,5 дан кам бўлганда, инсон осон совқотади. Биринчидан, озғин одамда танани иситиб турувчи ёғ захираси кам бўлади. Иккинчидан, озғинларнинг организми энергияни кам сарфлайди, шунга мувофиқ, моддалар алмашуви секин кечади ва иссиқлик кам ажралиб чиқади. Бироз семирсангиз, бошқа сабаблар бўлмаса, совқотиш ҳолати ҳам ўтиб кетиши мумкин.

Қалқонсимон бездаги муаммолар

Қалқонсимон без функциясининг пасайиши — гипотиреознинг белгиларидан бири доимий совқотишдир. Чунки, бу без ишлаб чиқарадиган гормонлар камайганда, организмда модда алмашуви секинлашади. Доимий совқотиш сочнинг кучли тўкилиши, терининг ўта қуруқ бўлиши ва доимий чарчаш ҳолатлари билан бирга кузатилганда, албатта шифокорга мурожаат қилиш керак.

Темир моддасининг етишмовчилиги

Темир моддаси эритроцитлар томонидан кислороднинг тўқималарга ташиб берилишида қатнашади. Унинг етишмовчилиги бу жараённинг яхши кечмаслигига олиб келади. Натижада организмда бир қанча муаммолар келиб чиқади. Доимий совқотиш шуларнинг бир белгиси сифатида юзага чиқиши мумкин.

Қон айланишининг етарли бўлмаслиги

Юрак ва қон томирларидаги баъзи муаммолар танадаги қон айланишининг етарли бўлмаслигига олиб келади. Бунда кўпинча қўл ва оёқларнинг учлари муздек бўлиб туради. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун зарарли одатлардан воз кечиш керак.

Уйқунинг етарли эмаслиги

Уйқунинг сурункали кам бўлиши организм учун стресс ҳисобланади. Бунда моддалар алмашуви секинлашиб, қон айланиши ёмонлашади.

Сувсизланиш

Сув организмда модда алмашуви жараёнлари кечадиган асосий муҳит бўлиб, унинг камайиши бу жараёнларнинг секинлашуви ва ўз навбатида энергиянинг кам ажралишига олиб келади.

Витамин Б 12 етишмаслиги

Витамин Б 12 етишмаслиги камқонликка олиб келади, бу ўз навбатида тўқималарда кислород етишмаслиги ва алмашинув жараёнларининг секин кечишига олиб келади. Бу витамин ҳайвон маҳсулотлари: гўшт, балиқ, сут таркибида учрайди.

Аёллар организми

Доимий совқотиш кўпроқ аёлларда учрайди. Бунинг сабаби охиригача аниқланмаган.

Қандли диабет

Бу касалликда вақт ўтиши билан диабетик нейропатия келиб чиқади. Бунда майда қон томирларда қон айланиши бузилиб, периферик нерв толалари шикастланади ва терининг жўнжикиши, жимирлаши, бармоқларда оғриқ каби белгилар пайдо бўлади.

Камҳаракатлик

Камҳаракатлик натижасида модда алмашуви секинлашади, бунинг устига, мушаклар ҳам ривожланмаган бўлади. Мушаклар иссиқликни тутиб турувчи қатлам ҳисобланади. Жисмоний ҳаракатни кўпайтириб, мушакларингизни ривожлантирсангиз, доимий совқотиш муаммосидан қутулишингиз мумкин.