Эътиборни бошқариш кўникмаси тайм-менежментнинг ҳар қандай трюкларидан ҳам муҳимроқдир. У самаралироқ ишлаш ва ўзингизни кўпроқ бахтли ҳис қилишингизга ёрдам беради. Kun.uz шу мавзудаги тавсиялар билан бўлишди.
1. Эътиборни пул сифатида қабул қилинг
Тасаввур қилинг, сизнинг эътиборингиз — бу пул. Сизда бу валюта чекланган миқдорда. Кун давомида уни "қимматбаҳо" ва "унча қиммат бўлмаган" вазифаларга сарфлашингиз мумкин. Жиддий иш, ўқиш, сиз учун аҳамиятли бўлган ишлар кўпроқ вақт талаб қилади, лекин камроқ нархга баҳоланади. Ижтимоий тармоқларни варақлаш каби у қадар катта аҳамиятга эга бўлмаган ишлар эса камроқ вақт талаб қилади, бироқ қимматга тушади. Эътибор парадокси ҳам шунда.
2. Кунни электрон қурилмалардан бошламанг
Аксарият эрталабдан ижтимоий тармоқларга кириб, янгиликларни ўқиб чиқади. Бу билан сиз ўз диққатингизни бўлган бўласиз. Яхшиси, кунни китоб ўқиш ёки кундаликка ёзишдан бошланг. Ҳали ҳеч ким почтани текшириб, дунёни ўзгартирган эмас. Хўш, унда нима учун сиз шундай қилишингиз керак?
3. Энг катта аҳамиятга эга бўлган вазифаларга диққатни қаратинг
Ҳар қандай мақсадга эришиш йўлида муваффақият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир неча вазифа бор. Агар уларни эътиборсиз қолдириб, бошқа ишлар билан шуғуллансангиз, сизда бандлик ҳисси пайдо бўлади, бироқ самарадорлик бўлмайди.
Самарадорлик — бу сиз бирор нарсага қанча вақт кетказганингиз эмас, уни айнан қандай ўтказганингиз. Бу эса эътиборни бошқариш хусусиятига боғлиқ.
4. Кўп вазифалиликдан воз кечинг
У самарадорликка ҳам, диққатни жамлаб ишлаш хусусиятига ҳам зиёндир. Фақатгина иродага ишониб қолманг. Браузерда ўнлаб саҳифа очилган бўлса, мунтазам равишда қандайдир хабарлар келаверса, боз устига ёнингизда телефон турган бўлса, охир-оқибат жарлик ёқасига бориб қоласиз.
Ҳеч бўлмаганда бир соатга бир ишга диққатингизни қаратишга ҳаракат қилинг. Бу вақтда сиз доим бир нарсадан бошқасига чалғийдиган тўлиқ иш кунига нисбатан кўпроқ ишга улгуришингиз мумкин.
5. Дам олиш эсингиздан чиқмасин
Кўпинча ҳатто танаффус пайтида ҳам чин маънода дам олмаймиз. Кўчага чиқдингизу, бироқ бу вақт давомида ижтимоий тармоқларни кузатдингиз дейлик - бундай сайрдан фойда кам. Табиатга чиқдингизу, бироқ қилган ишингиз - суратга тушиш ва уларни Instagram'га юклаш бўлган бўлса, дам олмадингиз ҳисоб.
Дам олиш жуда муҳим. Шу билан бирга, сиз дам олаётган вақтда мия ишлашда давом этади. Шу боис муаммолар ечими ва ажойиб фикрлар кўпинча душ қабул қилаётганингизда ёки паркда сайр қилаётганингизда келади.
6. Эртанги кун режаларини бугун кечқурун тузинг
Шунда қарорлар қабул қилишдан чарчаб қолмайсиз ва иродангизни арзимас нарсаларга сарф қилмайсиз. Одатда эрталабдан диққатни жамлаш осонроқ, шунинг учун бу вақтни муҳимроқ нарсага сарфлаган яхши. Барча ишларни кечқурун режалаштириб қўйинг, эрталабдан ишга киришиш мумкин бўлиши учун барча зарур нарсаларни тайёрлаб қўйинг.
7. Сиз учун энг муҳими нима эканини аниқлаб олинг
Сизнинг асосий мақсадларингизга тўғри келмайдиган барча нарсаларга "йўқ" дея билинг. Уларни белгилаб олинг ва ўз кунингизни уларга мувофиқ ташкил қилинг.