Аёл эрининг унга нисбатан хасисона муносабатини ўзгартириш учун аввал ўзига бўлган муносабатни ўзгартириши лозим. Юқоридаги сабабларни бартараф қилиб, аёллик хусусиятларини шалклантирса, турмуш ўртоғи ҳам унга болаларининг онаси ёки уйи, ош-овқатига қараб ўтирувчиси эмас, аёл сифатида қарай бошлайди.
Унутманг, сизнинг аёл сифатида тўрт ролингиз бор. Уларнинг ҳаммасини рисоладагидек ва ўз ўрнида ижро қилолсангизгина, турмуш ўртоғингизнинг ҳурматига сазовор бўласиз.
1-образ: уй бекаси. Вазифаларингиз — хонадоннинг саришта-саранжом тутиш, ширин таомлар тайёрлай билиш, болаларни оқ ювиб-оқ тараш, эрнинг топганини тўғри сарфлаш кабилар.
2-образ: жозибали аёл. Эри доим у томон ошиқадиган, турмуш ўртоғининг кўнглини ола биладиган, эркакни илҳомлантирадиган, жуфтини нозик муносабатларда рози қила оладиган рафиқа бўлишингиз талаб этилади.
3-образ: қизалоқ. Яъни доим эрининг ҳимоясига муҳтож, ўзига яраша эркакликлари бор, турмуш ўртоғини борича севадиган, беғубор, қувноқ, бироз шаддод ва ўйинқароқ аёл қиёфасига кирсангиз, турмуш ўртоғингиз тоғдек қалқонингиз айланади.
4-образ: қиролича. Ўз ўрнини, қадрини биладиган аёл. У чегараларини ҳимоя қилади, кимдир хўрлашига йўл қўймайди, кези келганида оиласини асраш учун курашади, назорат қилади, вазиятни бошқаради.
Аёл ишласа, ҳаммаси ҳал бўлади?!
Аввало, юқорида таъкидлаганимиздек, эрингизни шу феъл-атвори билан қабул қилинг. Сўнгра ўз устингизда ишланг. Бу дўкон очиш ёки бошқа тадбиркорлик ишлари қилишдан кўра самаралироқ. Сиз пул топиб, ўз моддий эҳтиёжларингизни қондиришингиз мумкин, аммо кўнглингиздаги бўшлиқ бўшлигича қолиб кетаверади. Чунки аслида меҳр, эътибор истаяпсиз. Эркак эса одатда моддий нарсалар билан эътиборини қисман бўлса-да ифодалайди.
Тўғри, хасислик қон-қонига сингиб кетган одамдан умид қилиб ўтириш ҳам ярамайди. Ишланг, ҳаракат қилинг, аммо нима учун ишлаётганингизни унутманг. Бир сўм топган киши икки сўм топгиси келади, кейин беш сўмни кўзлайди. Қарабсизки, аёл бошингизга рўзғор, болалар ташвишидан ташқари яна бир дунё ишни сотиб оласиз. Ўзингизга вақт ажратмайсиз, эрингизнинг кўнглига қарашни унутасиз, баъзида эса қўлингиз пул кўриб, босар-тусарингизни билмай қоласиз. Натижада, оилангиздан ҳаловат йўқолади, аёллик хусусиятларингизнинг ўрнини эркакча ҳаракатлар эгаллайди. Шунинг учун доим меъёрни билинг ва ишлайсизми-йўқми аввало ўзингизга эътиборли бўлиб турмуш ўртоғингизнинг диққатини тортинг. Эрингизнинг ўрнига ҳам оила боқиш каби вазифаларини бажариб, ўзингизникиларни унутиб қўйманг.
Амалий машқ
Қўлингизга қоғоз ва қалам олинг-да, қуйидаги икки саволга жавоб ёзинг.
1-савол: Мен аёл сифатида нималарга арзийман?
2-савол: Менинг аёл сифатида қандай ютуқларим бор?
Олдинига жавоб ёзишга қийналишингиз мумкин. Лекин яхшилаб ўйлаб кўринг, наҳот сиз яхши, чиройли ва ўзингиз истагандек яшашга арзимасангиз? Наҳот, ҳеч ютуғингиз бўлмаса? Балким жуда дидлидирсиз, қўли гул пазанда бўлишингиз ҳам мумкин, «5» баҳога лойиқ келин, турмуш ўртоғининг кўнглини забт этган рафиқа — албатта, бу каби сифатларингиз жуда кўп. Уларни юзага чиқаринг. Ўзингизни англанг, шунда муаммоларингиз ечимини топади.