Ҳароратнинг ошиши — бу касалликнинг муҳим белгиси бўлиб, организмнинг қаеридадир яллиғланиш бошланганидан дарак беради. Шунинг учун, ҳароратингиз қанча эканлигини билиш жуда муҳим.
Ҳароратни қаерда ва қандай ўлчаш мумкин?
Тана ҳарорати ҳар хил усуллар билан текширилади:
- Ректал — йўғон ичакда.
- Орал — оғиз ичида.
- Қўлтиқ остида.
- Пешонада — бунинг учун артерияни текширувчи инфрақизил сканерлар ишлатилади.
- Қулоқ ичида — бу ҳам сканерлар ёрдамида амалга оширилади.
Ҳар бир усул учун ҳар бир жойга махсус мослаштирилган электрон термометрлар мавжуд.
Қандай термометрдан фойдалансангиз ҳам, аввал унинг ишлатиш йўриқномасини ўқиб чиқинг.
Ҳар бир ишлатишдан кейин термометрни тозалаганингиз яхши: агар имкони бўлса ювиш, ёки антисептик восита билан артиш лозим. Агар термометр намликка сезувчан бўлса, эҳтиёт бўлинг, бузилиб қолиши мумкин.
Ҳароратни қўлтиқ остида ўлчаш
Кўпинча биз ҳароратни қўлтиқ остида ўлчашда одатдаги симобли ёки электрон термометрдан фойдаланамиз. Буни тўғри амалга ошириш учун нималарга эътибор бериш керак:
- Ҳароратни овқат ейиш ва жисмоний оғирликлардан кейин дарров ўлчаш мумкин эмас. Ярим соат кутинг.
- Ўлчашдан олдин шиша термометрни силкитиш керак: симоб устуни 35 °C дан пастроқда туриши керак. Агар термометр электрон бўлса, уни ёқинг.
- Қўлтиқ ости қуруқ бўлиши керак. Терни артиш лозим.
- Қўлингизни маҳкам сиқиб туринг. Яхшиси болани қўлга олинг ва елкасини ўзингиз сиқиб туринг.
- Агар юқоридаги қоидага амал қилган бўлсангиз, симобли термометрда ҳароратни ўлчаш учун 5 дақиқа керак бўлади.
Ҳароратни оғизда ўлчаш
Бундай усул тўрт ёшдан кичик болалар учун тўғри келмайди, чунки бундай ёшдаги болалар ҳали термометрни мувофиқ ҳолда тутиб тура олмайди.
- Термометрни ювинг.
- Датчик ёки симобли мосламани тилнинг тагига қўйиш ва градусникни лаблар билан тутиб туриш керак.
Ҳароратни қулоқда ўлчаш
Бунинг учун махсус инфрақизил термометрлар мавжуд: бошқа термометрларни қулоққа тиқиш фойдасиз. 6 ойликкача бўлган болаларнинг ҳарорати қулоқда ўлчанмайди, чунки ривожланишнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли натижа ноаниқ бўлиши мумкин.
Қулоқни бир томонга бироз тортинг ва термометр датчигини қулоқ ичига қўйинг. Ўлчаш учун бир неча сония керак бўлади.
Манба: Daryo.uz