Биласизми?

Ҳукумат қарори лойиҳаси: Uzbekistan Tourism Industry Awards мукофоти ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳар йиллик “Uzbekistan Tourism Industry Awards” мукофотини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади Kun.uz.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳар йили «Uzbekistan Tourism Industry Awards» мукофотини топшириш тадбирини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Тадбирни ўтказишнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

йил давомида сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатган энг намунали ва фаол туризм соҳаси субъектларини аниқлаб олиш ва уларни рағбатлантириш;

намунали туризм соҳаси субъектларининг илғор тажрибаси асосида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи бошқа субъектларнинг фаолиятини яхшилашга кўмаклашиш;

туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишни ташаббускори бўлган маҳаллий аҳолини рағбатлантириш;

оммавий ахборот воситалари, хусусан блогерлар томонидан туризм соҳасида юртимизда рўй бераётган янгиликларни маҳаллий ва хорижлик фуқароларга қисқа муддатда ҳамда тўлиқ ва батафсил шаклда етказилишини рағбатлантириш;

туризм йўналишида сифатли ва жозибали фото ва видео материалларни тайёрланишини рағбатлантириб бориш.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

“Uzbekistan Tourism Industry Awards” мукофотини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

Туризм соҳаси субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини танлаб олиш мезонлари;

“Uzbekistan Tourism Industry Awards” мукофотини ўтказиш ва ғолибларни тақдирлашни ташкил этиш бўйича махсус комиссиянинг намунавий таркиби тасдиқланиши мумкин.

Тадбирни ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш бўйича махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2018 йилдан бошлаб ҳар йили декабрь ойида мукофотни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун амалий чора-тадбирларни таъминлайди.

Тадбирни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлашни ташкил этиш бўйича махсус комиссия:

Тадбирни ташкил этиш ва ўтказишнинг босқичма-босқич тадбирлари режасини тасдиқлайди;

Тадбирнинг вилоят босқичини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркибини тасдиқлайди;

Тадбир қатнашчилари томонидан тақдим этилган материалларни баҳолашда, жойларга чиқиб ўрганишда ва ғолибларни аниқлашда ушбу қарор билан тасдиқланган Туризм соҳаси субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини танлаб олишнинг мезонларига амал қилади;

Тадбирни ҳар бир босқичини амалга оширишда адолат, очиқлик, тенглик ва шаффофлик тамойилларига амал қилинишини таъминлайди.