Биласизми?

Иш ҳафтасини тўғри бошлаш учун тавсиялар

Сиз хоҳ талаба бўлинг, хоҳ оддий ишчи ёки йирик тадбиркор – душанба куни иш бошлашингиз осон бўлмаса керак. Қуйидаги оддий тавсиялар ёрдамида "оғир душанба"ни нафақат енгиллаштириш, балки унумлироқ қилиш ҳам мумкин.

Деярли барчамиз дам олиш кунларини интиқлик билан кутамиз. Шубҳасизки, дам олиш кунлари ҳордиқ чиқариш учун жуда муҳим. Бироқ айнан биз ҳафта давомида бажаридиган ишимиз эвазига маош оламиз, мақсадимизга яқинлашамиз. Душанба ажойиб иш ҳафтасининг аввали бўлиши мумкинлигини доим ҳам англайвермаймиз. Хўш, душанба кунлари меҳнат қилишга одам ўзини қандай ундаши мумкин? Қуйида ёдда сақлаш фақат фойда келтирадиган 5та маслаҳат келтирилади.

1. Якшанба куни ухлашга эртароқ ётиш

Душанба куни ишдан чиндан ҳам завқ олиш учун яхшилаб дам олишга улгуриш жуда муҳим. Албатта меъёрида ухлашга ҳаракат қилинг, айниқса дам олиш кунларида. Душанба куни кўтаринки руҳда иш бошлаш учун якшанба куни камида тўққиз соат ухлаш зарур. Бу кунингизни, айниқса тонгни, бутунлай ўзгартира олади. Яхши дам олсангиз янги ҳафта бошланганига хурсанд бўласиз.

2. Ишларни аввалдан режалаштириш

Кўпчилик душанба куни нима билан шуғулланишини тасаввур ҳам қила олмайди. Ҳафта давомида нима билан шуғулланишини биринчи иш куни бошлангандан кейингина ўйлай бошлайди. Ўз ишига “муҳаббат” уйғотишнинг ишончли усули бу – дам олиш кунларидаёқ ҳафтани режалаштириб қўйиш. Тузилган график сизни муҳим ишлар кутаётгани эслатади ва тонгда уйғонишга истак туғдиради.

3. Нега ишлашга хоҳиш йўқлигини тушунишга уриниб кўриш

Нафақат душанба, балки бошқа кунлари ҳам меҳнат қилишга иштиёқ йўқлигини ҳис қилганмисиз? Шундай бўлса, бунинг сабабини аниқлаш жоиз. Балки эркин ишлашингизга ишхонангиздаги муҳит халал берар? Балки кўнглингиз нотинчдир? Муаммони аниқлагач, унга ечим топишга уриниб кўринг. Масалан, ўта толиққан бўлсангиз, таътил оларсиз? Кўнгилочар машғулот, ҳобби билан шуғулланиш ҳам стресслардан ҳимоя қилади.

4. Дам олиш кунларида дам олиш

Дам олиш кунларида чарчоқларни чиқармаган бўлсангиз, бу руҳий ҳолатга салбий таъсир кўрсатади. Афсуски, душанба куни ишлашга яроқсиз толиққан одамларни тез-тез учратиш мумкин. Иш ҳафтасидан кейин нега яхши дам ололмаганингизга сабаб, ишдан тўлиқ узилмаганингиз бўлиши мумкин. Хатто дам олиш кунларида ҳам асосан хизмат билан боғлиқ ишлар билан шуғулланишда давом этасиз. Ваҳоланки, ўзи учун вақт ажратиш жудаям фойдали, айниқса доим иш билан бўладиганлар учун. Ишдан вақтинча узилиш душанба куни янги кучлар билан самарали меҳнат қилишга замин яратади.

5. Муносиб иш либосини танлаш 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега йирик корхоналар ишчиларидан расмий кийинишни талаб қилади? Одамлар вазиятга қандай кийинганига қараб муносабатда бўлиши исботланган. Ўзингиз ҳам сезгандирсиз, одам расмий кийинганда гапириши, юриш-туриши ўзгаради. Бу иш самарасини ошириш учун оддий ва самарали усул ҳисобланади. Ўзингизни қулай ҳис қиладиган кийим танланг. Душанба куни кийганингизда ўзингизни чиройли ҳис қиладиган кийимни кийиш ҳам яхши фикр.

Душанба оғир кунлиги онгимизга сингиз кетган. Аслида меҳнат қилиш учун барча кунлар қулай. Ишлашга ундовчи сабабларни истаганча келтириш мумкин. Ушбу соддагина маслаҳатлар сизга асқатишига ишонамиз.