Кутубхона

«Ишларим юришмаяпти, мени ўқитиб қўйишган...»

Тан олайлик, бирор-бир муаммога рўбарў келсак, албатта, унинг осонроқ ечимини излаймиз. Ва кўп ҳолларда бу отинойию домлаларга мурожаат қилиш, фол очтириш каби амалларда ўз ифодасини топади. «Тўғри-да, ҳамма шундай қилади!» дейишингиз мумкин, аммо бу қанчалик тўғри? Умуман, жамики масалаларнинг бош сабабчиси — иссиқ-совуқэканлигига ишонч қаердан пайдо бўлади? Ё сеҳр-жоду қилинган одамнинг ўзига хос белгилари борми? Эҳтимол бу шунчаки ўз-ўзини алдаш, пулни ҳавога совуриш ё пашшадан фил ясашдек гапдир. Эр-хотин муносабатларининг бузилиши, омадсизлик, хасталаниш ва яна бошқа-бошқа вазиятларда илму амалнинг дахли йўқдир балки... Хуллас, кўпчиликни қизиқтирган ва ҳамиша баҳсли мавзу юзасидан мутахассисларга юзланамиз.

Мутахассис – Наргиз САТТАРОВА, руҳшунос.

Инкор этилмайди, аммо...

Ноёб қобилиятли кишилар бор ва биз уларни инкор этиш ё қилаётган ишига нисбатан шубҳа билан қараш фикридан йироқмиз. Қай бири чинданам инсонларга фойдам тегсин, деб ният қилган, қайсиларининг нияти ғализ, буни ҳам муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Бугун нишонимизда сиз, яъни илму-амал ёрдамида ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлганлардир!

Бошига иш тушган инсон нима учун «дами ўткир домла»га боради сизнинг-ча? Саволнинг жавоби жуда оддий: юзага келган вазиятга нисбатан масъулиятни ўз елкасидан соқит қилиб, бошқа бир инсоннинг гарданига ташлаш! Ана энди вазиятни кенгроқ таҳлил қиламиз. «Ишларим орқага кетаяпти, лекин мен айбдор эмасман!», «Сўнгги пайтларда эрим менга совуқ муомалада, жеркигани-жеркиган, бироқ мен айбдор эмасман...», «Қайнонамнинг мени кўрарга кўзи йўқ... менинг айбим йўқ бунда... бирор нима қилиб беринг, тўйиб кетдим-эй баридан!» Аҳамият берган бўлсангиз, уч хил вазиятда ҳам айбдорлар атрофдан изланмоқда. Душманлар, кўролмайдиганлар ва яна маъшуқаларни йўқ қилиш эса домлаю отинойиларнинг чекига тушаяптики, «Эҳтимол ҳаммаси ўзимга боғлиқдир, илму амалнинг алоқаси йўқдир» деган фикр унут бўлаёзади.

«Учтасига бордим, яхшимас экан!»

Ўзи ёки яқинларини иссиқ-совуқ қилинган дея ҳисоблаётган кишилар биргина домлаю отинойи билан кифояланишмайди. Аввал таниш-билишлар тавсия қилганига борилади, у ердан яна кимларнингдир дараги чиқиб, ҳаракатланиш йўналиши ўзгаради. «Тезроқ ва яхшироқ таъсир қиладиганига бораман!» дейишади тағин. Бироқ бундай амаллар лотереядек гап, омадингиз келса-ю хўп-хўп, ўша муаммодан халос бўларсиз. Бироқ бунинг акси бўлса, балога қолган яна домлаю отинлар бўлишади! «Қанчасига бордим, бирортасидан наф чиқмаяпти, янаям кучлироғини билмайсизми?» дейишади кейин.

Шахс сифатида етук бўлмаган, илми етишмаган, масъулиятни елкасига олишдан қўрқадиган, тан ола билишни истамайдиган бир сўз билан айтганда, «Іаётимда муаммо бор ва уни ўзим ҳал қиламан» деёлмайдиганлар бошларига тушган савдоларни сеҳр-жодудан кўришади.

Бола позицияси

Іаётингизда содир бўлаётган ҳар бир воқеликка ўзингиз сабабчисиз. Бирор мушкулликка дуч келсангиз, билингки, бу сиз учун берилаётган имконият: ниманидир ўрганиш, ривожланиш, янада етук шахс бўлишингизга туртки улар. «Мени ўқитиб қўйишган» дея танимаган-билмаган инсонларнинг истиқболига ошиқиш эса психологияда бола позицияси дейилади. Негаки айнан болалар, қилаётган хатти-ҳаракатлари учун жавоб бера олишмайди. Хўш, сиз бола даражасидамисиз?

Хавфли томони йўқ, дейсизми? Бор!

«Ноёб қобилият»ли кишилар «қабулхонаси» турли хил тутатқилар, ноодатий нарса-буюмлар, китоблар, тошлар билан безатилган бўлади. Булар инсонни транс ҳолатига солиб қўяди. Яъни онг бутунлай очилиб, бу вақтда қандай ахборот янграса, у тўғридан-тўғри онг остига тушади. Онг ости худдики шудгор қилинган ер, унга қандай уруғ эксангиз, у, албатта, униб чиқади.

Тасаввур қилинг, «Уч ойлик умринг қолган», «Эрингнинг бошқа оиласи бор», «Яқинларинг орасида сени кўролмайдиганлар кўп», «Қайнонанг хонангга нарса сепиб қўйган», «Овсинингнинг қўлидан ҳеч нима ема» каби хабарларни эшитдингиз, шу заҳотиёқ онгингиз қабул қилган маълумотга мослаша бошлайди. Уни шу ҳолича сингдиради ва у ҳақида ўйлар пайдо бошлайди. Соддароқ айтганда, эшитганларингизни (ҳатто улар янглиш бўлса ҳам) ўзингиз ҳаётингизга олиб кирасиз, шакл-шамойилини ҳосил қиласиз. Негаки, фикр қуввати инсон ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади.

Динда дуо тақдирни ўзгартиради дейилади, психологияда эса бунинг талқини яхши ўй-фикрларни хаёл қилиш деганидир.

«Фалон фолчи қизингнинг турмуши бўлмайди деганди, айтганидек бўлди-ю» дейишингиз мумкин, бироқ бу вазият фолчининг башорати деб эмас, балки ўйларингиз ҳосиласидир. Ахир туну кун шу ҳақида хаёл қилавердингиз-ку! Астойдил ишонган экансиз, ёнингизга келди. «Дўстингдан ҳазир бўл дейишганди, ростанам у мени чув туширди», дейди айримлар. Ўйлаб кўрилса, бу каби маълумотни эшитгандан сўнг ўзингиз дўстларингиздан шубҳалана бошлагансиз ва табиийки юзага келган ҳолатда сизнинг ҳам айбингиз бор.

Ўрганиш ҳисси пайдо бўлади, негаки...

Ҳадеб домлаю отинларга мурожаат этиш бора-бора мойилликни пайдо қилади. Чунки бундай вазиятларда сиз назоратни қўлдан чиқарасиз. Қарабсизки, оддийгина ҳаётий масалаларни ҳам мустақил ҳал қила олиш қобилиятингиз йўқолиб боради. Қанча пул сарфлаяпсиз, вақтингиз, асабларингиз, ҳеч бирини ўйламайсиз-да ахир. Ваҳоланки, сизни ҳеч ким ўқитмаган, назар-нафас кирмаган бўлиши ҳам мумкин.

Кимнингдир соғлиги, иши, оиласига таъсир кўрсатиш, ҳатто, эримни ўзимга иситаман деган аёллар ҳам хато қилишади. Негаки бундай амалларнинг барчаси инсон иродасига қарши қилинадиган ишлар. Қолаверса, руҳга таъсир кўрсатиш уни заифлаштириши мумкин. «Эримни қайтариқ қилдиргандим, аввалига яхши бўлиб қолди, кейин бўлса соғлигида муаммолар, ишида жиддий ўзгаришлар бошланди, ҳозир бир бурдагина бўлиб қолган» деган гаплар қулоғингизга чалингандир балки. Булар тинимсиз ўқитишнинг асоратларидир. Сизнингча, эрини қайтармоқчи бўлган аёл иймонли кишиларга юзланадими, йўқ, фол кўрадиган, иссиқ-совуқ қиладиганлардан қўним топади у. Натижаси эса...

«Айтишларича, ўзгариб қолибман...»

Кўпчиликнинг тилидан тушмайдиган гап: «Аввалгидек эмассиз, ўқитишган». Хўш, ўқитилган кишига хос белгилар қандай? Одамовилик, париншонхотирлик, камгаплик, кайфиятсизлик, соввуққонлик, демоқчимисиз? Эҳтимол, бу физиологик жараёнлардир. Ахир юзага келган вазиятларга нисбатан организмимиз, қолаверса, руҳиятимизнинг ҳам жавоб реакцияси бор-ку, наҳот шуларни ўйламасак. Ёки оддийгина кўнгил қолиши деган тушунчалар борки, эрининг узоқлашиб бораётганидан нолийдиган аёллар, аввало ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишгани маъқул.

Динимизда нима дейилган?

– Яқинларим менга «Сен жаҳлдорсан, қўрс ва қўпол бўлиб кетаяпсан. Илму-амал қилишган сени, ўқитиб юбор дейишаяпти. Шу тўғрими? Чинданам сеҳр-жоду қилинган одам ўзгариб қоладими?

Ш.Д., Тошкент вилояти

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби:

— Бу каби фикрлар бекор гап. Эрталаб ва кечқурун ўқиладиган Расуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган суннат дуоларни ўқиб юрсангиз кифоя.

 Тез-тез тобим бўлмай қолади, дугонам дам содириб юр, деётганди. Чинданам бу ёрдам берадими?

Э.Л., Тошкент шаҳри

– Дам солдириш жоиз, масалан, кўз текканда, кўнгил безовталигида ёки бирор дардга чалинганда, киши ўзига-ўзи дам солиши мумкин. «Фотиҳа», «Оятул курсий», «Ёсин», «Кофирун», «Ихлос», «Фалақ» ва «Нос» сураларини ўқиб дам урилса, Аллоҳ изни билан фойдаси бўлади. Агар бу ишнинг уддасидан чиқолмасангиз, тақводор (ишончли, дуоси мустажоб) инсонга дам солдирса ҳам бўлади.

– Ойдинлик киритиб берсангиз, сўнгги вақтларда ишларим орқага тортган. Шунга ўзимга ўққитириб юрмоқчиман. Мумкинми шундай қилишим?

А.Д., Самарқанд вилояти

– Динимизда маълум шартлар асосида дам солиш жоиз, бу юқорида айтганимиздек, кўз текканда, инсонга жин зарар қилганда ва шунга ўхшаш ҳолатларда. Буни халқона тилда «ўқитиш», «қайтарма қилиш», дейишади. Кўз тегиши, ҳасад каби иллатлар ишнинг орқага кетишига сабаб бўлиши мумкин. Агар сизда шундай гумон бўлса, Қуръон оятлари билан дам солдириш мумкин. Иш юришмаганда, кўпроқ истиғфор ва саловат айтиш тавсия этилган.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz