Биласизми?

Ислом Каримов​ фонди янги танловни эълон қилди

Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Россия, Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш учун Фонд грантларини тақдим этиш бўйича танлов эълон қилади.

Танловда Ўзбекистонда ҳамда чет эл олий ўқув юртининг охирги босқичида ўқиётган ёки муваффақиятли битирган, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар иштирок этиши мумкин.

Бунинг учун номзод Табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё) Сув ва ер ресурсларини бошқариш, Машинасозлик технологиялари, Озиқ-овқат хавфсизлиги ва технологиялари, Озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, Архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), Дизайн (маҳсулот дизайни, санъат ва меъморчилик дизайни), Рассомлик мутахассислиги бўйича таълим олган (ёки айни пайтда ўқишни тамомлаётган) бўлиши шарт.

Фонд грантини қўлга киритишни истаган номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

- фаолиятини миллий истиқлол ғояларига бағишлаш;

- Ватани ва халқининг иқтисодий ва маънавий равнақига хизмат қилишни ўз бурчи ва ҳаётий маслаги деб билиш;

- умумбашарий ва миллий қадриятлар руҳида фикр юритиш, кенг дунёқараши ва юксак ахлоқ соҳиби бўлиши;

- танлаган мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиш ҳамда камида битта хорижий тилни аъло даражада билиш.

Ҳужжатлар 2017 йил 6 ноябрдан 17 ноябргача Фонднинг сайтига (fondkarimov.uz) электрон кўринишда юборилади. Талаб этилган ҳужжатлар, танлов шартлари муддатлари тўғрисида қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мовароуннаҳр кўчаси, 24 уйдан ёки +99871 237 3420; 237 3813 телефон рақамлари ҳамда Telegram мессенжеридаги алоҳида канал (@fondkarimov) орқали олиш мумкин.