Ошхона

Италия ошхонасининг машҳур спагеттиси билан яқинларингизни хурсанд қилинг!

Карбонар спагеттиси Италия ошхонасининг машҳур таоми ҳисобланади. Бу паста жуда тез тайёрланади, ўзининг майин мазаси туфайли янада тезроқ тановул қилинади.

Керакли масаллиқлар

  • Дудланган гўшт ёки колбаса;
  • тухум — 2 дона;
  • қаттиқ пишлоқ (пармезан) — 100 грамм;
  • туз;
  • спагетти — 350 грамм;
  • саримсоқ пиёз — 1-2 дона;
  • зайтун ёғи (камроқ).

Тайёрланиши

1. Биринчи навбатда спагеттини қайнатиш учун сув солинган кастрюлкани баланд оловга қўямиз.

2. Гўштни кичкина кубикчалар шаклида тўғраб, 1—2 дона саримсоқ бўлаги билан камроқ зайтун ёғида тайёр бўлгунча қовурамиз (това етарлича чуқур бўлиши керак, чунки унга кейинроқ қайнатилган спагетти ҳам қўшилади).

3. Сув қайнаб чиққандан сўнг эҳтиёткорлик билан унга спагеттини соламиз. Уларни бўлмаймиз! Ҳар 2—3 дақиқада аралаштириб турамиз. Ўрта оловда 5—7 дақиқа қайнатамиз.

4. Бу вақтнинг ичида 2 та тухумни ликопчага чақиб, таъбга қараб туз қўшамиз ва майдаланган пармезан пишлоғини унга қўшамиз (ёки бошқа қаттиқ пишлоқ). Пишлоқли-тухумли аралашма ҳосил бўлиши учун пишлоқ етарлича бўлиши керак.

5. Тайёр спагеттиларни товага ағдариб, оловда яхшилаб аралаштирамиз. Оловни пастлатиб, пишлоқ ва тухумли аралашмани товага қуямиз. Яхшилаб аралаштирамиз ва ушбу масаллиқ бир текис ёйилиб, қуюқлашишини кутамиз. Бу жараён бир дақиқага яқин вақтни олади.

6. Тайёр спагеттиларни ликопчаларга тақсимлаб, устидан қирғичдан чиқарилган пишлоқни сепамиз. Охирги марта аралаштириб, иссиқлигида дастурхонга тортамиз. Совиб қолган спагетти кутилган даражада хуштаъм бўлмайди.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz