Биласизми?

Жазирама вақтида нималарга амал қилиш керак?

Об-ҳавонинг одатдагидан 10 ва ундан юқори даражага кўтарилиши, яъни жазирама (кучли иссиқ) вақтида инсон саломатлиги хавф остида қолиши мумкин. Бундай вақтларда қандай эҳтиёт чораларини кўриш керак ва жабрланганларга қандай ёрдам бериш мумкинлиги борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди, деб ёзади Daryo.uz.

Жазирама вақтида тана ҳарорати 37,1°C дан ошиши ёки иссиқлик алмашинуви бузилиши мумкин. Тана ҳароратининг 38,8°C га яқинлашиши хавфли ҳисобланади. Бундан ташқари, иссиқ (офтоб, кун) уриши ёки юрак фаолияти бузилиши мумкин. Тери қизариши, шиллиқ қаватларнинг қуриши ва кучли ташналик иссиқ (офтоб, кун) урганининг белгилари ҳисобланади. Ушбу белгилар кузатилганда беморга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳушдан кетиш, нафас ва юрак тўхташи мумкин.

Кучли иссиқ вақтида чекиш, алкоголь ичимликлари ичиш, кучли жисмоний меҳнат қилиш ва овқат истеъмол қилишни камайтириш лозим.

Жазирамага тайёргарлик кўриш

Олдиндан ичимлик суви захиралари, иссиқ об-ҳавога мос кийим-кечак, совутгични тайёрлаб қўйинг. Агар сиз далада бўлсангиз, чодир (чайла, капа) ҳамда қудуқ излаб топинг. Иложи бўлса, электр ускуналар ишлаши учун автоном электр манбасини сотиб олинг. Ичимлик сувини тежаб ишлатинг.

Иссиқ об-ҳаво пайтида қандай ҳаракат қилиш керак?

  • Иссиқ ҳаво таъсиридан сақланинг. Оч (оқ) рангдаги ҳаво ўтказадиган (иложи борича пахтадан тайёрланган) кийим-кечак ва бош кийим кийиб юринг. Эсда тутинг, куйган тери терламайди ва совимайди. Кўчада шошмай юринг, кўпроқ сояда бўлишга ҳаракат қилинг.
  • Кўпроқ суюқлик (сув) истеъмол қилиш. Суюқликни (сувни) тўғри ичиш режими организмни яхши фаолият юритишига шароит яратади. Иссиқ об-ҳаво пайтида ичиладиган сув миқдорини кўпайтириш лозим. Бунда ширин ёки газланган ичимлик ўрнига оддий сув билан организмдаги танқисликни бартараф этиш керак. Пиво ёки бошқа алкоголь ичимликлари истеъмол қилманг, бу организмнинг умумий ҳолати ёмонлашишига олиб келади. Иссиқ об-ҳаво пайтида соат 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, айниқса қуёш тагида юрманг. Ишларингизни шундай режалаштирингки, бу оралиқда сиз уй ёки ишхонада бўлинг.
  • Иложи борича кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам тозаланиш терини янада самарали нафас олишига кўмак беради. Сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздай сувда совишга интилиш ва ҳароратнинг бирдан алмашиши зотилжам касалига олиб келиши мумкин.
  • Иссиқ (офтоб) урганда сояга ёки шабада бор жойга ўтинг, душ қабул қилинг ва кўп миқдорда сув ичинг.
  • Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат таркибини ўзгартишга ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида эътиборингизни совуқ овқатлар истеъмол қилишга қаратинг. Мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Овқатларни албатта туз билан истеъмол қилинг. Чунки иссиқ об-ҳаво пайтида инсон кўп терлайди ва шу билан бирга етарлича натрий тузини йўқотади.
  • Синтетик матоли кийим-кечак киймасликка ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида пахтадан тайёрланган кийим-кечак танлаш даркор. Кепка, панама ёки шляпа кийишдан уялманг. Иссиқ (офтоб) уриши кўпинча инсонларнинг боши қизиб кетишидан юз беради.
  • Бундай иссиқ об-ҳавони совутгичсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо, совутгичда эсаётган шамол йўналишига тўғри ўтирманг. Одатда совутгичларда кўплаб бактериялар мавжуд бўлади, уларнинг совуқ ҳаво билан бирга инсонга таъсир этиши, сурункали бронхит ва зотилжам касалликларининг кучайиб кетишига сабаб бўлади.
  • Тана ҳароратининг пасайишига совуқ сувга оёқ ва қўлларни ботириш йўли билан эришиш мумкин. Иссиқ (офтоб) уриши аломатлари (умумий ҳолсизлик, бош оғриши, юз рангининг ўчиши (оқариб кетиши) ёки қизариб кетиши, қон босимининг меъёрида эмаслиги) пайдо бўлганда кичик ҳажмларда (80-100 мл) сувни тез-тез ичиш керак. Сувни оғизда иложи борича узоқроқ ушлаб туриб, кейин ютиш керак. Шунингдек, танани тезроқ совитиш (сояга, шабада бор жойга ўтиш, душ қабул қилиш) лозим.

Иссиқ (офтоб, кун) уриши аломатлари — ҳолсизлик, кўнгил айниши, бош айланиши, қусиш, томир тортишиши ва ҳушдан кетиш.

Иссиқ (офтоб) уришига кўпроқ болалар, ўсмирлар, қариялар ва алкоголь истеъмол қилганлар мойил бўлади, чунки уларда ҳар хил сабабларга кўра организмнинг ҳароратни тартибга солувчи тизими суст ишлайди.

Иссиқ (офтоб) уришини олдини олиш мақсадида қуйидаги қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:

  • куннинг иссиқ пайтида жисмоний машқ қилмаслик;
  • ҳаво ўтказувчи кийим-кечак кийиш;
  • иложи борича бош кийим кийиб юриш;
  • чой (кучли эмас), квас, ва минерал сувлар ичиш;
  • жабрланганни салқин жойга (сояга) олиб ўтинг;
  • совуқ сув ёки чой, туз қўшилган сув ичиринг;
  • жабрланганнинг ҳолати ёмонлашганини билмай қолмаслик учун уни ёлғиз қолдирманг;
  • танадаги йирик қон томирларни совитиш учун ҳўл матоларни бўйин, қўлтиқ ости, соннинг ички қисмига қўйиб, жабрланганни елпиб туринг;
  • жабрланганни ҳўл сочиқ ёки ҳўл чойшаблар билан совитишга ҳаракат қилинг;
  • агар жабрланган қусишни бошласа, безгак туца ва хушидан кетса дарҳол «Тез тиббий ёрдам» чақиринг;
  • иссиқ (офтоб) урганида жабрланганда нафас олиш ёки юрак уриши тўхтаб қолса (миокард инфаркти), реанимацион (сунъий нафас ва юрак массажи) муолажаларни амалга оширишга тайёр бўлиб туринг.

Унутманг, алкоголь ичимликларини кучли иссиқ вақтида ичиш офтоб уришини тезлаштиради, чунки алкоголь организмнинг ҳароратни тартибга солувчи тизимни ишдан чиқаради. Шунингдек, организмда алкоголь парчаланганида кўп миқдорда иссиқлик ажралади.

Иссиқ (офтоб) урганида биринчи тез ёрдам кўрсатиш учун қуйидагиларни амалга оширинг:

Диққат! Жабрланган кишининг баданини спирт билан артманг, чунки у теридаги тешикчаларни ёпиб, иссиқ чиқиб кетишига халақит беради. Жабрланганни совуқ сув билан тўлдирилган ваннага ётқизманг, бу унинг кўкрак қисми босилишига ва нафас йўлларининг ҳаво ўтказиш қобилияти сустлашишига олиб келади.

Иссиқ об-ҳаво пайтида пляжда ўзини тутиш қоидалари

Агар сиз иссиқ об-ҳаво пайтида пляжда ёки дарё (сой) бўйида дам олаётган бўлсангиз, доим эсингизда тутингки, ҳаво ҳарорати +50C ва ундан юқори бўлиши мумкин. Сувнинг ҳарорати +22C дан +26C гача бўлиши мумкин. Демак ҳароратлар фарқи 25C—30Cни ташкил қилади.

Агар қуёш тагида узоқ вақт бўлиб, бирдан сувга кирсангиз (сувга ташлансангиз), ҳароратлар фарқи туфайли ўпка сиқилиб (нафас олиш қийинлашиб), юрак уриши тўхтаб қолиши мумкин.

Шунинг учун, сувга киришдан олдин баданни ҳўллаб (бел, кўкрак ва х.к.), сувга мослашиш керак. Бунга кўпроқ кекса ёшдаги кишилар амал қилишлари зарур.