Саломатлик

Жуда ҳам хавфли бўлган парҳезлар: такрорлашга уринманг

Қиш келиши билан кўпчилик озиш ҳаракатига тушади. Лекин шошилиб тез натижага эришишни ваъда қилувчи парҳезлар ёрдамидан фойдаланишни режалаштириб ўтирманг. Уларнинг кўпчилиги саломатлик билан боғлиқ ва тузатиб бўлмайдиган муаммоларга олиб келиши мумкин.

Оқсилли парҳез

Бу парҳез озишни хоҳловчи, лекин ейишни яхши кўрадиганлар учун мукаммал вариантга ўхшаб кўринади. Чунки, гўштни бемалол ейиш мумкин ва бу айниқса эркакларга ёқади. Лекин, шакардан ва оддий углеводлардан воз кечиш билан сиз тўйимли ёғлар ва мураккаб углеводлар истеъмолини ҳам чеклаб қўясиз. Улар эса гормонлар даражаси меъёрини сақлаб туриш ва организмни энергия билан таъминлаб туриш учун керак бўлади. Олимларнинг аниқлашича, оқсилли парҳез юрак-томир касалликлари ривожланиш хавфини 28 фоизга оширар экан.

Ёғларсиз парҳез

Бугунги кунда дўконлар ёғсиз творог ва сут, енгил десертлар билан лиқ тўлдирилган. Лекин ёғли маҳсулотлардан воз кечиш ёғда эрувчан А, E, К витаминларининг тақчиллигига олиб келиши мумкин. Шунингдек, сиз бу билан асаб тизимига ҳам зарба берган бўласиз, чунки ёғлар асаб толаларининг миелин қобиқлари шаклланишига ёрдам беради.

Организмнинг тўғри фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган фойдали ёғлар – авокадо, қизил балиқ, ёнғоқлар, зайтун ёғи ва сарёғларни меъёрида истеъмол қилиб туринг.

Углеводларсиз парҳез

Углеводларни истеъмол қилишни чеклаш спортчиларга мос келиши мумкин, лекин фақат қисқа вақт оралиғи учунгина холос ва мутахассисларнинг қатъий назорати остида. Бундай парҳез модда алмашинишини осонгина бузиши мумкин.

Хом овқатларни ейиш

Овқатланишнинг бундай тартиби ҳаммага ҳам тўғри келмайди. Пиширилмаган сабзавотлар, мевалар, резавор мевалар ва ёнғоқлар ейиш оқибати ичаклар фаолиятининг бузилишига, меъда касалланишига олиб келади. Ҳайвон оқсилидан воз кечилганда организм уни ўз захираларидан ишлатишга мажбур бўлади ва натижада сиз мушаклар оғирлигини йўқотасиз, шу жумладан ички аъзолар мушаклари ҳам юпқалашади.

Хом ейиш рух, ёд, магний, А витаминлар сингишининг ёмонлашишини келтириб чиқаради. А витамини организмга фақат ёғлар билан бирга тушгандагина яхши сингдирилади. Кальций ва магний етишмаслигида оёқ ва қўлларнинг увишиш ҳолатлари пайдо бўлиши мумкин. B12 витамини етишмаслиги эса камқонликни келтириб чиқаради.