Кутубхона

Келин бўлувчи қизларга 10 ўгит

Бу ҳикоя жуда машҳур, ибрат дарси берувчи бир ҳикоядир. Ақлли қизлар оналари ва келин бўлгувчи қизлар учун ибратли ҳикоя.

Бу ҳикоя шундай бир қиз ҳақидаги ҳикояки, унинг отаси қабила бошлиғи, қабиладаги барча одамлар унинг амридадир. Бир раҳбар, аллома отанинг қизи. Онаси жуда ақлли, оқила, ҳаётни яхши билган онадир.

Бу қиз шундай бир оила қизики, бойлик, мақом, шуҳрат, рутба, мавқе уларда бор. Сиз ҳозир қизига онаси тарафидан берилган ўн ўгитнинг ҳикоясини ўқийсиз. Ёзиш биздан, ўқиб ибрат дарси олиш сиздан, халққа таъсир этиш Жаноби Ҳақдандир.

Машҳур ривоятга кўра, Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёв уйига — хожасининг уйига кетадиган кун онаси Умома томонидан шундай насиҳат берилган:

«Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла. Насиҳат ҳар кимга лозимдур, ўгит ҳаммага зарурдир. Насиҳат билмаганга ўргатади, билганни эсига солади».

«Севикли қизим! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен ҳеч замон узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат, мақом ва эътибор сохибидир. Сен шундай бир одам қизисан!

Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон Аллоҳ берган қонунлар чегарасида ҳаётини ўтказади. Аллоҳ берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўядиган вақти келганда, ҳар бир қиз бир хожага, ҳар бир хожа бир аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эса эркаклар учун яратилгандир. Яъни бир хотин бир эркак билан, бир эркак эса бир хотин билан дўст, маҳбуб ва маҳбуба бўлиб оила қурмоқликка муҳтож шаклда яратилгандир. Бу Аллоҳ қонунидир. Бу қонунни ҳеч ким буза олмайди. Бу қиёматга қадар давом этади.

Шу сабабли сен, қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб, ўйнаб юрган ерингдан чиқиб ўзинг билмайдиган, нотаниш бир уйга борасан. Шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган уйга борасан.

Эй, менинг жигарпорам, суюкли қизим, кўзимнинг нури, болажоним! Сенга шуларни айтаман. Сен ул зотга (эрингга) шундай хизмат қилки, ул ҳам сенга қул бўлсин! Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Сен хожанг — эрингга бир уй бўл, ул сенга устун бўлсин! Севикли қизим! Энди сен мени диққат билан тингла! Сенга баъзи бир мезонларни айтиб ўтаман. Уларга яхши эътибор бергин. Ҳеч улар ёдингдан кўтарилмасин, улардан вақти келганда фойдаланасан. Бу айтганларимга амал қилсанг эринг билан гўзал ҳаёт кечирасизлар, масъуд, бахтиёр ва саодатли турмуш кўрасизлар. Бизлар ҳам (ҳар икки оила — бизнинг ҳам, эрингнинг оиласи ҳам) ҳузур-ҳаловатда бахтиёр бўламиз. Акс ҳолда (яъни — айтганларимга амал қилмасанг) иккала оилада ҳам ҳузур-ҳаловат бўлмайди. Сен ўзинг бир жаҳаннамда яшагандай бўласан.

Қизим! Энди сенга айтадиган ўн ўгитимга қулоҳ сол! Буларни доимо ёдингда тут:

  1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр ҳил. Яъни эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечиришнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
  2. Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни хожангнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
  3. Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.
  4. Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни хожангнинг қариндошлари ва яҳқинларига ҳурмат, хожангнинг эътиборини қозонмоқ демакдир. Уларни ҳурмат қилиш хожани ҳурмат қилиш демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишдир.
  5. Хожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни хожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини-авайла, муҳофаза қилгин, чунки унинг мол-дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик, иш билиш ва қадрига етиш демакдир.
  6. Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро уйқусизлик инсонни хафахон этади. Асаблари бузуқ, хафахон одамларнинг эҳтироси, муҳаббатини секин-секин сўндиради.
  7. Овқатни вақтида тайёрла. Яъни овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг ҳачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтда овқатингни тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг тез жаҳлини келтиради.
  8. Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эрнинг кўз ўнгида сенинг обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгилки, тозалик ва зарйфлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига ҳуш кўринишлик шулар биландир.
  9. Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.
  10. Эрингга итоат қил, қил деган ишларини қил, қилма деганини қилма! Яъни эринг билан суҳбатлашганда, мулоқотда бўлганда итоатли бўлишингни, унинг сўзларини одоб билан тинглаб адо этишингни сенинг сўзлашиб, қулоқ солишингдан тушуниб оладиган бўлсин. Шунда Аллоҳ Таоло сендан хушнуд ва уйингиз саодат нуридан порлоҳ бўлади.

Шуни яхши билиб олгинки, хожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга муносиб ишдир.

Бу сен каби юксак бир тарбия кўрган ақлли ва оқила хотинларга муносиб эмас. Болажоним! Эрингга қанчалик кўп севги ва ҳурмат кўрсатсанг, ўзинг шунчалик муҳаббат ва ҳурматга эришасан. Айтганларини қандай бажарсанг, сўзларини тингласанг, шу даражада муҳаббат ва ҳурматга сазовор бўласан. Фарзандим! Шуни яхши билгинки, бу ўгитларимни ўрнига қўйиб бажариб, керагичалик амал қилиб, ўзингнинг шахсий истак ва орзуларингга. эришишинг учун эринг ҳам ўз истакларига эришиши керакдир. Эринг — хожангнинг истакларини ўзингнинг орзу истакларинг деб билсанг, у ҳолда бу ўгитларимга амал қилган бўласан!»

Изоҳ ва ўгит

Эй, оила уясида Жаннат ҳаётида яшашни истаган хоним қардошлар ва келинчаклар!

Бу ўгитларни (ўн ўгитни) қизига уқтирган она ушбу мезонларни ҳаёти давомида тажрибадан ўтказган ва оила уясини ушбу қоидалар билан Жаннатмакон бўлишини қизига тушунтирган. Оила, ширин турмуш қуриш ва уни чиройли идора этиш учун ҳар бир оқила хонимга ва турмушга чиқувчи ақлли қизга ушбу ўгитлар сув ва ҳаводек зарурдир.

Қисқасини айтганда бу ўн ўгит оила қурган ва ёки қурмоқчи бўлган ҳар бир аёлга кераклидир. Қаноат соҳиби бўлиш ширин турмуш қурмоқчи бўлган ҳар бир оилага лозимдир. Эрга итоатда бўлмоқлик уйида тотув бир ҳаётда яшашни истаган ҳар бир аёл учун ҳаво ва сувдек зарурдир. Эрнинг кўзи тушиши мумкин бўлган ерларга яхши эътибор бериш эрни ўзига меҳр риштаси ила боғлаш демакдир, уйга боғлаш демакдир.

Қанчалаб гўзал чеҳрали, гўзал қоматли ёш аёлларни биласиз-ки, уларни танийсиз-ки, андишасиз ёки танбалликлари учун эрлари тарафидан севилмайдилар ва ардоқланмайдилар.

Бир кун бир дўконда ўтирган эдим. Шу дўконга бир ёш одам келди. Дўконда шундай гап бўлди:

— Ажаб хотинини севмади. Хотини ёш эди, тоза, покиза, гўзал эди. Ундан гўзалини билмайман.

Ул ёш одам гапга қўшилди:

— Ота, мен нима учун ундан қутулдим? Юзи гўзал, ўзи гўзал, аммо аёллиги-хотинлиги йўқ эди. Феъли ёмон эди. Тонгда уйдан чиқиб кетардим. Оқшомда уйга қайтиб келганимда уй тонгда қандай бўлса шундай турарди. Афв этинг, ётоқхонам ҳам эрталаб қандай бўлса, шундай тураверарди.

Йигит яна анча дардларини айтди.

Бу ҳикоядаги учинчи моддани хотирладим. Демак, ақлли бир онанинг тарбиясини олган қизга уйланмоқ керак. Аёлни тарбияламоқ керак. Оиласи яхши қизларга уйланмоқ керак.

Бадбўй жойларни тозалаш эрнинг қалбини ўзига ром этмоқ демакдир. Хушбўй ҳид келмайдиган аёл қанча гўзал бўлса ҳам одамни жиркантиради. Оқшомлари эрини доғ дастурхонлар, ёғли либослар билан кутиб олиш, ақлли хонимларга тўғри келмайди.

Овқатланиш вақтини, уйқу вақтини яхши билиш зарур. Оталаримиз «жон бўғиздан чиқади» дейдилар. Режали оила ҳаёти жаннат ҳаётидир. Аёл эрига, унинг одат ва қизиқишларига боҳлиқдир. Унинг вақтини тежаши, фароғатини сақлаши керак.

Хожасининг мол-мулкини сақлаш. Эрининг мол-мулки демак, болаларининг мол-мулки демакдир. Уйда эр мулкини тежамайдиган, сақлашни билмайдиган хотин бул уйнинг бекаси бўлмоғи душвордир. Эрининг мулкини тежаш ва сақлашни ўрганиш ва бу йўлда тўғри, дуруст ҳаракатда бўлиш хар бир хотиннинг бахти учун зарурдир.

Эрнинг қариндошларига ҳурмат кўрсатиш. Бу ақлли аёл учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «гулни севган тиконини эъзозлайди» дейдилар. Эрининг қариндошларига иззат ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган аёл ҳузур ичида яшаш йўлларини билмайдиган аёлдир. Гул севилиб, тикан севилмайдими? Тиконни иззат қилмаган, гул исидан бебаҳра ҳолади, Эрининг қариндошлари, яқинларига ҳурмат кўрсатишни билмаган ақлсиз аёл хожасининг кўнглини ололмайди, хожасининг меҳрини қозона олмайди. У эрининг нафратига учрайди, муҳаббатини сўндиради. Хожасининг аҳраболарига хурмат-иззат кўрсатмаган хотин ҳамма вақт унинг кўзига хунук кўринади. Бу то оиланинг бузилишигача давом этади.

Эрнинг сирини ўзгаларга ошкор этмаслик. Эрининг баъзи сирларини билиб олиб уларни саҳлай олмаган, тўҳриси, хотин дейишга лойиқ эмасдир. Эр сирини қалбини энг тубида тутишни билган ақлли хотинлар ўз оилаларида ҳузур ва роҳатда яшайдилар. Эрининг сирини ичида сақлай олмаган аёл ландовур бадбахт хотиндир, у эр нафратига учраб, хунук кўринади, оилада барака бўлмайди. Эътимод бўлмаган оилада ахлоқ ҳам бўлмайди. Ўгитнинг бу моддаси ҳам шунинг учун ҳар бир аёл учун зарурдир.

Эрининг динга хилоф бўлмаган барча амрларини бажариш. Эр сўзига қулоҳ солмаган хотинлар жаҳаннамга ўтин бўладилар. Агар хотиндан эр мамнун бўлса, у хотин жаннатга киради дегани бўлади. Жаннатга кирадиган хотинлар, — эр сўзига қулоқ солувчи, эрининг динга уйғун амрларини бажарадиган хотинлардир. Эрининг юзига жаҳл ила тик қараб, сўзига қулоқ солмайдиган хотинлар учун жаҳаннам доимо бор бўлсин. Зотан бундай бадбахт аёллар борлигидан оила уясини жаҳаннамдан фарқи бўлмайди. Бундай феълли аёллар билан яшаш, бу дунёда жаҳаннам ҳаётини ўтиш билан тенгдир. Ота-боболаримиз: «Эрини суймаган хотинни эшигингда тутма», деганлар.

Шунинг учун ҳар бир оқила она, қизини узатар экан ёки бўйи етган пайтидан шунга ўхшаш нарсаларни ўргатиш керак. Бу унинг оқила хотин эканлигидан далолат беради.

Манба: Maslahatim.uz