Оила

Келинларни муросага келтириш санъати

— Икки келиним бор. Ўғилларим уларни ўзлари танлаб, мен маъқуллаганимдан кейин уйланишган. Келинлар чаққон, пазанда, саришта. Фақат бир айблари бор: ўзаро ҳеч чиқишишмайди. Каттамни бўлак чиқарган эдим, аммо иши юришмай, бизнеси синиб уйини сотишига тўғри келди ва болаларимни яна уйга қайтаришга мажбур бўлдим. Энди кунда можаро, ҳали невараларимнинг ўртасига тушишади, ҳали бирининг режаси бошқасига тўғри келмайди... Келинларнинг бошини қовуштириш жуда қийин экан. Нима қилишга ҳайронман.

Бахтигул опа, 56 ёш

Икки-уч оиланинг бир уйда зиддиятларсиз яшаши жуда қийин. Бекорга «Кундош кундошга пахта отса, овсин овсинга тош отади», дейишмаган. Овсинлар орасидаги рақобат бора-бора кундошларникидан ҳам кучлироқ адоватга айланиб кетганига мисоллар кўп. Акани укадан айириб, узилмас ришталар узилишига, ҳатто қориндан талашиб тушган оға-иниларнинг бир-бирига қўл кўтариб, юзкўрмас бўлишига ҳам кўпинча, аёллар ўртасидаги адоват сабаб бўлади. Лекин жанжаллашаётган икки аёлга фақат учинчи бир аёлгина бас келиши мумкин, у — қайнона! Овсинлараро рақобатни буткул бартараф этиш мушкул, тўғри. Аммо вазиятни қўлга олиш, орадаги рақобатни соғломлаштириб, фойдали томонга буриш, уларни бир-бирига илитиш ва меҳрини кучайтириш қайнонанинггина қўлидан келади. Келинларга бир хил муносабатда бўлиб, улар орасида тарозу посангисини тўғри ушлаб тура олган қайнона оила тинчлиги гарови бўла олиши мумкин.

Қуйидаги маслаҳатларимиз бир эмас, бир неча келиннинг бошини узоқ вақтдан бериб қовуштириб, оилада дўстона муҳитни сақлаб қолишга муваффақ бўлган тажрибали онахонларимиз тавсиялари асосида тайёрланди.

1. Сизнинг обрўйингиз муҳим!

Уйда тинчлик, тартиб бўлиши учун бир авторитет, яъни обрўли инсон керак, токи зиддият чиққанда томонлар унинг олдига бориб маслаҳат, ечим ва адолат истасинлар. Келинлар, одатда, қайнонадан ҳайиқиб туришади, лекин бу ҳали ҳурмат дегани эмас. Іурмат, бу — ўша одамнинг шахсига, тажрибасига ишониш, унинг фикрини тинглаш ва ҳеч бир эътирозсиз қабул этишдир. Бир кимса сизнинг маслаҳатингизга кириши учун аввало, маслаҳат жўяли бўлиши керак, яъни маслаҳатчининг ҳурмати баланд экани муҳим. Келинларингиз сиздан шунчаки қўрқмай, юракдан ҳурмат қилишлари учун улар билан сизнинг орангизда парда бўлсин. Масалан, сиз бор жойда бир-бирларига баланд овозда гапира олмасинлар, салобатингиз боссин. Бунинг учун анча баландда туришингиз керак. Яъни доим адолатни гапирадиган, жўяли маслаҳат берадиган, дам у, дам бу томонга оғмайдиган, вазиятни холис баҳолайдиган қайнона юксак ҳурматга лойиқдир. Бир келин билан апоқ-чапоқ бўлиб, жуда яқинлашиб кетсангиз, эртага зиддият чиқса, унинг ёнини олиб қўясиз ва наригисига нисбатан зулм қиласиз. Шу сабабли келинлардан баландроқ туринг, яъни кибрли эмас, тажрибали, мулоҳазали бўлинг.

2. Бир қозонда икки калла қайнамасин

Иложи бўлса, икки овсиннинг уй-жойини бўлак қилиб бериш керак. Барибир улар бир умр бир том остида яшашмайди, куни келиб ҳар бир оила ўз аравасини ўзи тортиши керак. Иложи борича бу масалани эртароқ, кўзингиз очиқлигида ҳал қилинг-да, бу беш кунлик дунёда тинчгина яшанг. Лекин алоҳида уй-жой қилишга имконият бўлмаса, келинларингиз бир уйда яшашларига тўғри келса, уларнинг ҳам ўз ҳаёти, ўз олами борлигини тан олинг ва буни келинларингизга ҳам уқтиринг. Бир-бирининг ётоғига кирмаслик, маиший техникасидан бесўроқ фойдаланмаслик ва ҳоказоларни тушунтиринг. Имкон топсангиз, бир ҳовлида туришса ҳам рўзғорларини бўлак қилиб беринг. Бу билан можаролар бутунлай тугамаслиги мумкин, лекин икир-чикирлардан чиқадиган, аммо тома-тома асабларни емирадиган кичик келишмовчиликларнинг олдини олишга муваффақ бўласиз.

3. Шикоят бошқа, ғийбат бошқа

Шундай қилингки, келинларингиз сизга бир-биридан шикоят қилган тақдирда ҳам ғийбат қила олмасин. Шикоят ва ғийбатнинг орасида фарқ катта. Шикоят қилган кишининг муаммосини ҳал қилиш мумкин. Ғийбат эса шахснинг сифатлари устида боради. Масалан, келинингиз «Овсиним янги кир машинамга керагидан кўпроқ кир солиб ювиб уни бузиб қўйди» деса, бу — шикоят. Овсиннинг кейинги сафар бундай иш қилмаслиги чоралари кўрилади. Лекин «Овсиним ҳар куни эри билан кечки сайрга чиқади, нега сизни таклиф қилмайди?», деса бу — ғийбат, нафақат ғийбат, ҳатто фитнадир. Сиз тажрибали аёл сифатида ана шу ҳолатни дарров илғаб, унга жойида чек қўйишингиз керак.

4. Сиз – яраштирув комиссиясиз!

Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетишини биласиз. Овсинлар орасида гап қочиб, келишмовчилик юзага келса, узоғи билан бир-икки кун уларнинг жаҳлдан тушиши учун вақт беринг, аммо орадаги таранглик узоқ чўзилишига йўл қўйманг. Іийла ишлатасизми, бир-биридан кечирим сўратасизми, нима қилсангиз қилинг-у, уларни тезроқ яраштириб қўйинг. Чунки аразлашиб юраверишгани сайин орада можаро ҳам чўзилиб, кўлами кенгайиб, пашшадек нарса филга айланади. Келинларингиз тез ярашиб, гиналарни тез унутишга одатланишсин.

5. Холис бўлинг, холис!

Келинларни қилган иши учун койийдиган бўлсангиз, буни бир-бирига сездирманг. Шунда уларнинг дилига озор етмайди, гапларингизни ўзига оғир олмайди, айтганингизни қилиши, йўриғингизга юриши осон бўлади, ўчакишмайди. Энг муҳими, ўзингиз бир келинни бошқаси билан ғийбат қилманг. Биринчидан, бу билан сиз овсинлар орасидаги адоватни кучайтирасиз, иккинчидан, ўрни келганда адолат қила олмай қоласиз. Чунки келинга дакки бераётган пайтингиз, у ҳам жим турмайди, тунов куни “дилдан” ғийбатлашилганда айтган гапларингизни юзингизга солиб, нариги келинингиз олдида обрўнгизни тўкиши мумкин. Жуда бўлмаса, сиздан олган гапини ими-жимида овсинига ва бошқаларга айтмаслигига ҳам кафолат йўқ. Дардини тингланг, хулоса чиқаринг ва бир қарорга ўзингиз келинг.

6. Оилада ҳам имтиёзлар керак...

Ишни шундай тақсимлангки, ҳеч бири эътироз билдира олмасин. Бири овқат пиширса, иккинчиси идиш ювсин, каттаси болаларни боғчага олиб борса, кичиги олиб келсин. Бунда сиз келинларнинг соғлиги, боласининг ёши, ишлаш-ишламаслиги кабиларни албатта эътиборга олинг. Бирининг боласи бетобми, бугун навбати бўлмаса ҳам иккинчиси овқат пиширсин, кейинги сафар буниси ҳам шундай қилади. Бу услубни имтиёзлар учун ҳам қўлланг. Каттаси билан тўйга бордингизми, кичигини “Чақириқ”қа оборинг.

7. Қудаларни тенг кўрган маъқул

Тўрт девор орасидаги можаролар шу деворлар орасида қолгани маъқул. Келинлар уйига гап ташиб, ота-оналарини ҳам низоларга аралаштиришига йўл қўйманг. Қанча адолат исташса, сиздан топишсин, уйларига ҳимоя излаб боришмасин. Сиз ҳам қудаларни тенг кўринг. Бири билан яхши чиқишиб, унинг тоғораю совғаларига учсангиз, оилангиздан хотиржамлик ва тинчлик йўқолади. Оила манфаати учун шахсий манфаатларингизни шу пайтгача қурбон қилиб келдингиз. Демак, қудаларга моддий жиҳатдан баҳо бериш тўғри эмаслигини сизга ўргатиб ўтиришга ҳожат йўқ.

8. Набиралар сизнинг давомчингиз!

Набираларингиз, ким туққан бўлишидан қатъи назар, сизники. Албатта, ҳар бир бувининг набиралар орасида бошқача яхши кўрадигани бўлади: тўнғичими, кенжасими, суюкли фарзандининг боласими, хуллас, буни ҳамма сезади. Бироқ ҳадеб шуни таъкидлайвериш нимага керак? Бирига совға бериб бошқасига бермаслик, унисини нуқул мақтаб бунисини фақат койиш оилада низоларга сабаб бўлиши мумкин. Келинларингиз ҳам она. Улар фарзандига нисбатан адолатсизликни ўзига нисбатан адолатсизликдан минг чандон оғирроқ олади. Эрларига устингиздан шикоят қилаётганда ҳам қўлларида шу нарса асосий далил бўлади. Ва албатта, сизнинг муносабатингиздан норозиликни ўзингизга тўғридан-тўғри айтолмаганлари ҳолда бир-бирларига айтадилар, таъна қилиб отадилар ҳатто. Шу сабабли набираларга меҳрингизни тенг намоён этинг, ахир, қуёш ҳаммага бир хил нур сочади-ку!

9. Ака-ука аҳиллигида гап кўп

Бу ўринда қайси бирининг эри кўп пул топаётгани, мартабаси юқорилиги ёки сиз учун севимлироқ эканига эътибор берманг. Агар ака-укалар орасида низо чиқмасин, десангиз уларга нисбатан муносабатларингизни келинларга кўчирманг. Албатта, ўз уйингизда бўлиб турган, сизга бевосита тааллуқли низоларга ташқаридан қараб, объектив баҳо бериш қийин. Аммо шунга ҳаракат қилиш керак. Яна бир жиҳат, ўғилларингиз ўзаро аҳил бўлсалар, улар орасида меҳр-оқибат кўтарилмаса, хотинлари ҳам ўзаро муроса қилишга мажбур бўлишади. Рафиқасига «Акамни (укамни) ҳам, хотинини ҳам ёмонлама, мени десанг, улар билан аҳил бўл», деб айтишса ва доим шу позицияни маҳкам ушлаб туришса, овсин билан адоват ўзларига зарар эканини тушунадилар. Эрлар хотиннинг йўриғига юриб орадаги жигарчиликдан воз кечсалар, аёллар зиддиятни фазовий даражагача олиб чиқишлари турган гап.

10. Бир-бирингиздан дам олинг

Сиз ҳам темирдан эмассиз, тушунамиз. Асабларингиз тинч, ўзингиз соғлом бўлсангизгина, оилавий муҳит яхшиланади. Чунки сиз оиланинг асосий кишиси, барометрисиз. Шу сабабли ўзингизни ўйланг, асабларингизни асранг ва келинларингизни ота-онасиникига тенг вақтда, тенг шароитда жўнатиб юборинг. Сиз улардан, улар ҳам бир-биридан дам олсин. Тортилган таранг торлар бўшашиб, гиналар унутилиб, яна ҳаммаси яхши бўлсин!

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Манба: Darakchi.uz