Жинсий ҳаёт

Климакс — жинсий ҳаётнинг якуними?

45-50 ёшни қаршилаган ҳар ким, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин жинсий ҳаётида бир қанча ўзгаришлар юз берганини тан олади. Баъзан булар ижобий бўлса, баъзан эса ножўя таъсирлар билан ҳаётдан завқ олишга ҳалал беради. Асосийси эса умрнинг янги даврида юз бераётган ҳодисалар табиий эканлигини, ёқимсиз ҳолатларни тузатиш ва бартараф этиш мумкинлигини тушунишдир!

Мутахассис – Олий тоифали шифокор, сексапотолог Рамазон НАЗАРОВ.

ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ!

Биринчи навбатда жуфтингиз ва ўзингиз айрим масалаларга ойдинлик киритиб олишингиз зарур. Агар қуйидаги ҳолатлар сизда кузатилса, климакс жинсий ҳаётингиз даҳл этмаган бўлади:

  • Жинсий яқинлик ҳанузгача ҳузур бағишлайди;
  • ҳозирда ўртангизда яқинликнинг миқдори ҳамда сифат даражасидан ҳар иккингиз ҳам мамнунсиз.

Гап шундаки, жуфтликнинг ҳар бир аъзоси мавжуд ҳолатдан рози бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Агар оилада жинсий яқинликка мойиллик камайса-ю, бироқ бирга вақт ўтказиш ҳар иккингизга ҳам мароқли бўлса, унда муаммо йўқ. Бироқ жуфтликнинг бири  яқинликни талаб қилганида, иккинчиси буни рад этса, демак ечими топилиши керак бўлган масалалар йўқ эмас.

НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

Менопауза жаврида аксарият аёлларни қуйидаги муаммолар безовта қилади:

  • Жинсий майлнинг сусайиши;
  • Жинсий яқинлик даврида қин соҳасида оғриқ ва ёқимсиз ҳолат;
  • Роҳатланмаслик;
  • Жуфтида эректил дисфункциянинг кузатилиши.

«ХОҲЛАМАЙМАН, ИСТАМАЙМАН!»

Организм кексалик сари қадам ташлар экан, эркак ва аёлда жинсий майл бирдек сусайиб боради. Бироқ либидонинг пасайишидек муаммо аёлларни эркакларга нисбатан икки баробарга кўпроқ маҳв этади. Сабаби:

  • Тестостерон гормони миқдорининг камайиши,
  • Климакс сабабли юз берган ўзгаришлар аёл ўзни жозибали ҳис қилишига тўсқинлик қилади,
  • Аёл жуфтини ёқимтой деб ҳисобламайди,
  • Хасталиклар (пешобни тутолмаслик, қиндаги ўзгаришлар ва бачадоннинг пастга тушиб қолиши каби).

ЕЧИМИ

Ташқи кўринишингиз ва қоматингизга эътиборли бўлинг! Климакс билан рўбаро бўлиш ҳаёт тугади дегани эмас. Сиз уқувсиз ёш қизлардан кўра анча тажрибалисиз, жуфтингизга нима ёқишини сиздан ўзгаси яхши билмайди! Бундан унумли фойдаланиш эса ўз қўлингизда! Кегель машқлари сизга ёрдам бериши шубҳасиз.

«ОҒРИСА, НИМА ҚИЛАЙ?»

Менопауза даврини бошдан кечираётган аёлларнинг 40 фоизи жинсий яқинлик вақтидаги оғриқ, яъни ачишишдан шикоят қилади. Одатда бу оғриқ қин соҳасидаги қуруқ муҳит туфайли юзага келади.

САБАБИ:

  • Гормонал муҳит ўзгаради;
  • Қин териси юпқалашиб, эластиклигини йўқотади;
  • Жинсий яқинликдан узоқ муддат тийилиш кузиталади.

ЕЧИМИ

Интим соҳани кимёвий моддалар билан ювишдан воз кечинг. Тез-тез тоза совунсиз сувда тоҳарат қилиб туриш даркор. Мунтазам жинсий ҳаётни йўлга қўйиш тавсия этилади. Лубрикантлардан фойдаланиш зарар қилмайди. Таркибида эстроген гормони бўлган вагинал шамчалар ҳам муаммони бартараф этишда қўл келади.

«СЕНИ КУТИБ ЧАРЧАДИМ!»

Жуфтингизни меҳрига қонишни истайсиз, бироқ бундан ўзингиз кутган роҳатни ололмасангиз-чи... Климакс даврида аёллар либидони сақлаб қолсада, ҳис қилиш қобилияти пасайганидан кўп шикоят қилишади.

САБАБИ:

  • Гормонал ўзгаришлар;
  • Клиторнинг ҳис қилиш қобилияти сусайиши;
  • Кайфият ўзгарувчанлиги, тушкунлик.

ЕЧИМИ

Янгиликлардан асло чўчиманг, турмуш ўртоғингиз билан очиқчасига суҳбатлашишдан тортинманг. Роҳатни ҳис қилмаслигингиз сизнинг ва жуфтингизни айби эмас. Бироқ бу ҳолатни фақатгина иккингиз тузата оласиз.

«ЁРИМ СИЗГА НЕ БЎЛДИ?»

Статистик маълумотларга кўра, 55 ёшдан ошган эркакларнинг 50 фоизи эректиль дисфункциядан азият чекишини тан олади. Нима ҳам дердик, климакс ҳеч кимга шафқат қилмайди!

ЕЧИМИ

Шифокорга мурожаат қилишга жуфтингизни кўндиринг. Замонавий тиббиёт шу қадар ривожланганки, неча ёшдалигидан қатъий назар, дори-дармонлар билан эрекцияни қайтариш имконияти мавжуд. Жуфтингизни қўллаб-қувватланг! Негаки, бу даврда ҳар қайси эркак тушкунликка тушиб қолиши турган гап.

Манба: Darakchi.uz