Саломатлик

Кўз атрофи терисини қандай парвариш қилиш керак?

Кўз атрофи териси жуда юпқа ва нозик бўлади, бунинг устига унда деярли ёғ безлари йўқ. Шунинг учун у тезроқ ишдан чиқади. Кўз атрофи терисини қандай қилиб тўғри парваришлаш керак?

Кўз атрофи соҳасини тўғри тозаланг. Биринчи навбатда бу соҳани ҳар куни эрталаб ва кечқурун макияждан, чанглардан тозалаш лозим. Бунинг учун таркибида спирт бўлмаган тозаловчи лосьон, тоник ва бошқа воситалардан фойдаланинг. Кўз атрофи терисини тозалаш жараёни нозик терини чўзиб юбормаслик ва уни шикастламаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак.

Кўз атрофи терисини намланг. Ҳар куни кўз атрофи соҳаси учун кундузги намловчи кремлардан фойдаланинг. Кўз атрофи терисини намлаш учун табиий ёғлар жуда мос келади, чунки улар юмшатувчи таъсир кўрсатади. Кечқурун кўзингиз атрофига бодом ёғи суринг ва уни енгил уқаланг. Ёғ терини озиқлантиради ва унинг намлироқ бўлишини таъминлайди.

Кўз атрофи соҳасини уқаланг. Бир кунда бир марта 5 дақиқа кўз атрофи соҳасини уқалашни тавсия қиламиз. У қон айланишини яхшилашга, майда ажинларни текислашга ёрдам беради, чарчоқни кетказади.

Ичаётган сувингизнинг миқдорига эътибор беринг. Организмда сув балансининг етишмаслиги биринчи навбатда юз терисида намоён бўлади. Бир кунда 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув ичинг – бу нафақат эрта қаришнинг, балки шишларнинг ҳам олдини олади. Кўз тагларидаги шишлар организмнинг умумий сувсизланиши натижасида пайдо бўлади.

Манба: Daryo.uz