Саломатлик

Кун бўйи компьютерда ишлайдиганлар учун амалий маслаҳатлар

Бугунги кунда компьютер бизнинг энг ишончли ёрдамчимизга айланиб қолди, миллионлаб одамлар компьютерда ишлайди ва бир кунда 8—12 соат вақтини унинг экрани қаршисида ўтказади!

Бундай вақт кечириш инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан ажабланмаса ҳам бўлади. Қаттиқ чарчаш, уйқусизлик, бош айланиши, елкалар ва бўйиндаги оғриқлар – сизга ҳам таниш бўлса керак, шундайми?

Юз бериши мумкин бўлган соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мумкинми? Албатта мумкин! Фақат бизнинг фойдали маслаҳатларимизга амал қилишингиз керак бўлади.

Кўзларингизни эҳтиёт қилинг

Компьютерда ишлаш оқибатида энг аввало кўзлар зарарланади. Узоқ вақт давомида турғун ҳолатда бўлиш натижасида кўз мушаклари ҳаракатсиз қолади, экранга тикилиб қараш билан биз кўзларни толиқтириб қўямиз. Қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкин?

Аввало, ҳар соатда бир марта ўрнингиздан туриб, хона бўйлаб юришга одатланинг. Буни мунтазам равишда бажаришни унутиб қўймаслик учун будилникдан фойдаланинг. Шунингдек қисқа дам олиш вақтларида дераза ёнига келиб кўзларингиз учун бир нечта машқлар бажаринг:

«Узоқ-яқин». Кўрсаткич бармоғингизни қаршингизга қараб узатинг. 5 сония давомида нигоҳингизни унга қаратинг, кейин эса деразадан кўриниб турган узоқдаги бирон-бир нарсага ўтказинг. Бу машқни 4—5 марта такрорланг.

«Кўзларни айлантириш». Бунинг учун кўз қорачиғи ёрдамида «чапга–пастга–ўнгга–юқорига», кейин эса «юқорига–пастга», «чапга–ўнгга» ҳаракатларини амалга оширинг.

«Кўз юмиш». Кўзларингизни қаттиқ қисиб юминг, бешгача сананг ва очинг. Машқни 5—7 марта такрорланг.

Бу машқларни мунтазам равишда бажариш кўз мушакларини чиниқтиришга, қон айланишини яхшилашга ва кўриш аъзоларининг қон босимини мувофиқлаштиришга ёрдам беради.

Гавдангизни асранг

Компьютер ёнида ўтириб ишлашда энг муҳим қоида шундай: «Сизга қулай бўлиши керак». Компьютер ёнида ноқулай ва бўшашган ҳолатда узоқ вақт ўтириш умуртқа билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкин?

Аввало ўзингиз учун қулай иш столи танланг ва ўтирғичнинг баландлигини оёқлар ҳавода осилиб қолмайдиган, тирсаклар эса стол устига тиралиб турадиган қилиб мосланг.

Шу билан биргаликда ҳар соатда умуртқа учун қон айланишини тиклайдиган ва иш қобилиятини оширадиган бир нечта машқлар бажаринг.

«Тебрангич». Бу машқни туриб ҳам, ўтириб ҳам бажариш мумкин. Қўлларни олдинга узатинг, панжаларни қўл кафтлари ташқарига қарайдиган тарзда бирлаштиринг. Қўлларни юқорига чўзинг, кейин эса фақат умуртқа эгиладиган қилиб чапга, ўнгга, орқага ва олдинга қараб бир-икки марта эгилинг.

«Букилишлар». Туринг, товонларни бирлаштиринг, қўлларни эса туширинг. Кўкрак билан иложи борича олдинга қараб кўпроқ эгилинг, қўлларни эса орқага олинг. Дастлабки ҳолатга қайтинг. Машқни 5—7 марта такрорланг.

Манба: Daryo.uz