Турп ўзининг таркибига кўра, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир. У микробларга қарши курашувчан кучли хусусиятларга эга.
Турп шарбатининг қўлланилиши
Шарбати ичак йўллари фаолиятининг тўғри юритилишига, сочларни мустаҳкамлашга истеъмол қилинади. Бу сабзавот кишининг овқат ҳазм қилиш тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг истеъмоли атеросклерознинг, шишларнинг, ўт пуфаги ва пешоб йўлларида тош пайдо бўлишининг олдини олишда яхши фойда беради.
- Халқ табобатида қирғичдан чиқарилган турпдан радикулитни даволашда фойдаланилади.
- Қирғичдан ўтказилган хом турп ва унинг шарбати иштаҳа очувчи, ўт пуфагини бўшатувчи энг яхши восита ва организмдаги ортиқча суюқликни чиқариб юборувчи табиий дори сифатида тавсия этилади.
Буйракдаги тошларни парчалайди!
Аччиқликка мойил глюкозид ва хушбўй эфир мойлари мавжудлигидан турп ўзининг хусусиятлари билан пешоб йўлларидаги тош пайдо бўлиш касалликларида уларни эритиб, тушириб юборишдек мислсиз шифобахшликка эга. Ўзининг фойдали шифобахш хусусиятлари билан турп иштаҳани, овқат ҳазм қилишни, организмда модда алмашинуви жараёнини яхшилайди, ошқозон соки ва ўт суюқлиги меъёрда ажралишига ёрдам беради.
Атеросклерозни даволайди!
Турп атеросклерозни даволашда ёрдам берувчи сабзавотдир. Халқ табобатида подаграда, буйракда тош пайдо бўлиш касалликларида турпни овқатга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Турп пешоб ҳайдаш хусусиятига эга.
Турп бронхитни бартараф этади!
Турпни асалга қўшиб йўтални, бронхитни, юқори нафас йўллари катарини даволашда истеъмол қилинади. Шарбатини қовуқ, юрак, бронхлар, ревматизм касалликларида ичилади, шунингдек, бу шарбат балғам кўчирувчидир.
Ошқозон-ичакка фойдаси
Турп ўт пайдо бўлишини кўпайтиради, овқат ҳазм қилиш безлари фаолиятини яхшилайди, ичаклар перистальтикаси (ошқозон ва ичакларнинг тўлқинсимон керилиш ёки сиқилиш ҳаракати)ни яхшилайди, антисклеротик хусусиятга эга. Унинг бу хусусиятлари иштаҳани очишда, ичаклар атонияси (мушак ва тўқималар фаолияти тонусининг пасайиши)ни даволашда, қабзиятда, холециститда ва ўт пуфагида пайдо бўлган тош касалликларини даволаш жараёнида фойда беради.
Тери касалликларида қўлланилиши
Турпда мавжуд бўлган витамин С, фосфор, цинк ва В группасига кирувчи баъзи витаминлар инсон териси учун жуда фойдали. Унда мавжуд бўлган сув тери учун зарур бўлган намликни сақлашга ёрдам беради. Қирғичдан чиқарилган турпдан қилинган маска юз терисини ажойиб равишда тозалаб, тиниқлаштиради. Ўзининг дезинфекцияловчи хусусиятлари сабабли турп қуруқшаган, тошма тошган, ёрилган терини даволашда чиройли ёрдам беради, шунингдек юз териси ҳужайраларини янгилайди.
Тана ҳароратини меъёрлаштиради
Турп тана ҳароратини пасайтиради, кўтарилган ҳарорат натижасида келиб чиққан шамоллашни олиб бартараф қилади. Бундай ҳолатда турп шарбатига бироз туз қўшиб ичиш фойда беради. Ажойиб дезинфекцияловчи восита сифатида турп шунингдек, ҳароратнинг кўтарилишига сабаб бўлувчи инфекцияларга қарши курашади.
Турп истеъмоли тўғри келмайдиган ҳолатлар
Турп истеъмоли тўғри келмайдиган ҳолатлар – булар жигар ва буйракларнинг ўткир шамоллаши, баъзи ошқозон касалликларида – масалан, гастритнинг гиперацид кўринишида ва ичакларда, агар бу шиллиқ парда шамоллаши билан боғлиқ бўлса, шунингдек, айрим юрак қон-томир касалликларида турп истеъмол қилиш мумкин эмас.
Қуйидаги ҳолларда турпни кўп миқдорда муолажа олиш мақсадида истеъмол қилиш мумкин эмас:
- Ҳомиладорликда;
- Ичак (йўғон ва ингичка) шамоллашида;
- Ошқозон ва ўниккибармоқли ичак ярасида;
- Жигар ва буйраклар (тош пайдо бўлган ҳолатдан ташқари) касалликларида;
- Кислоталилик юқори бўлган гастритда;
- Яқинда инфарктни бошидан кечирган кишиларда турпни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш мумкин эмас.
Манба: Darakchi.uz