Саломатлик

Мия чайқалиши асорат бермасин десангиз...

Мия чайқалиши кўпроқ ёшларда, спортчи ёки хавфли касб эгаларида, шунингдек, автофалокат, бошқа бахсиз ҳодиса туфайли содир бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, энг асосийси, мия чайқалишидан кейин беморни тўғри парваришлашдир. Акс ҳолда, жиддий асоратлар юзага келиб, беморнинг аҳволи ёмонлашаверади. Демак, бемор маълум вақт шифокорнинг барча кўрсатмаларига амал қилиши шарт. Мия чайқалишидан кейинги ҳаёт тарзи ҳақида шифокор-нейрохирург Одилхон УСМОНХОНОВ маълумот беради.

АСОСИЙ ШАРТ

Бош мия чайқалишидан кейин шифокор биринчи ўринда асорат қолдими-йўқми текширади. Одатда, тўғри даво курсидан кейин одамда ҳеч қандай асорат қолмайди. Фақат маълум вақт давомида, ҳолсизлик, бош оғриғи, об-ҳаво ўзгаришига таъсирчанлик сезилиши мумкин. Лекин бемор вақтида дам олмаганида ёки даво курси якунланмаганида асоратлар кучаяди. Баъзилар мия чайқалганидан кейин тез толиқадиган, асабий, ҳатто уришқоқ, тажовузкор, бошқалар эса депрессияга мойил бўлиб қолиши мумкин. Яна мия чайқалишидан кейин одамнинг боши оғрийдиган, уйқусизлик қийнайдиган, диққатини жамлолмайдиган, тез шамоллайдиган ҳолатга келади. Бундай пайтда шифокор тинчлантирувчи, оғриқсизлантирувчи дори-дармонлар буюради. Аммо улар ҳам вақтинчалик таъсир кўрсатади. Шундай экан, мия чайқалишидан кейин маълум қоидаларга риоя қилиш керак.

ҲАММА НАРСА ВАҚТИДА БЎЛСИН

Мия чайқалишидан кейин бемор бир ҳафта ётиб даволаниш тартибига риоя қилиши шарт. Камида 2 ҳафта давомида қуйидагилар ТАҚИҚЛАНАДИ:

  • *бирор иш билан шуғулланиш,
  • *машина ҳайдаш;
  • *спорт билан шуғулланиш;
  • *офтобда юриш,
  • *саунага бориш,
  • *мусиқа эшитиш,
  • *телевизор томоша қилиш,
  • *компьютерда ишлаш,
  • *китоб-газета ўқиш,
  • *3 кг дан ортиқ юк кўтариш,
  • *тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмоли;
  • *шўр, аччиқ, ҳаддан зиёд қовурилган таомлар истеъмол қилиш тақиқланган.

ДАВОСИ НАЗОРАТДА

Шифокор буюрган ҳар бир дори-дармонни ўз вақтида қабул қилишни унутманг. Айниқса, бош мияда қон айланишини яхшилайдиган дориларни ўз вақтида қабул қилинг. Чунки бош мия чайқалишидан кейин одатда, беморнинг қон босими кўтарилиб турадиган бўлиши мумкин. Бу эса, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида хавфли омил ҳисобланади. Орадан бир ой ўтиб, шифокор-нейрохирург ёки травматолог кўригидан ўтиш керак. Зарур бўлса, электроэнцефалограмма текшируви ҳам қилинади. Бемор ҳар олти ойда невропатолог кўригидан ўтиб, тегишли даво курсини олиб турса, ҳеч қандай асорат уни қийнамайди.

ОВҚАТГА КЎП НАРСА БОҒЛИҚ

Таомномадаги барча овқатлар витаминга бой бўлиши керак. Бу миядаги қон айланишни яхшилаш, беморни тинчлантириш ва қувватлантириш учун керак.

Бир ой давомида сутли угра оши, гречихали димлама ош, лавлагили карам шўрва, кўпроқ чақ-чуқлар (айниқса, ёнғоқ ва бодом), калла гўшти, жигар, курка ва товуқ гўшти, ҳафтада бир марта, албатта, балиқ истеъмол қилиш керак. Мевалардан банан ва цитруслилар, шотут ва анор фойдали. Ичимликлардан кун давомида сийдик ҳайдовчи наъматак, зирк солинган ёки олхўрили компот, асалли кўк чой ичиш керак.

ХАЛҚОНА ЁРДАМ

*АСАБИЙЛАШСАНГИЗ:

Зира уруғини янчиб, бир чимдим кўк чой ва мойчечак билан аралаштириб, чой қилиб ичинг.

*ҚУВВАТСИЗЛИК СЕЗСАНГИЗ:

Ёнғоқ, лимон ва асал аралашмасини ҳар куни наҳорга қабул қилинг

*ТУШКУНЛИКДА:

1. Бананни майдалаб, шакар, сут билан аралаштириб истеъмол қилинг.

2. Картошкани қўрда (пўсти билан) пишириб енг.

*БОШ МИЯДА АСОРАТ ҚОЛМАСЛИГИ УЧУН:

1. Исмалоқ, кўкпиёз, 2 дона сувда пишган тухум сариғи (яхшиси ўрдак ёки бедана тухуми бўлсин) ва зайтун мойини аралаштириб, салат тайёрлаб енг, у мияга қувват бўлади, асорат қолдирмайди.

2. Карам сувини сиқиб, майдаланган зиғир уруғи билан аралаштириб, очқоринга ярим пиёладан ичилади.

*БОШ ОҒРИЙВЕРСА:

Долчин ва ялпизни тенг аралаштириб, бир чой қошиғига 2 пиёла сув қуйиб дамланади, ярим соат дам едириб кун давомида овқатланиш орасида ичсангиз, оғриқ қийнамай қўяди, уйқунгиз тиниқланади.

Манба: Darakchi.uz