Мультивитаминлар бизга жуда маъқул танлов бўлиб кўринади: фойдали моддаларнинг тайёр тўпламини бор-йўғи битта ҳапдори орқали оламиз.
Лекин яқинда ўтказилган тадқиқот натижалари мультивитаминларнинг юрак касалликлари, саратон ва мия фаолиятининг ёшга боғлиқ бузилишларига қарши курашишда ёрдам бера олмаслигини аниқлади.
Бундан ташқари баъзи маълумотлар бета-каротин, А ва E витаминларининг юқори дозалари соғлиққа зиён келтиришини кўрсатмоқда.
У ҳолда керакли минераллар, витаминлар ва ҳаётий муҳим моддаларни қандай олиш мумкин?
Қуйида келтирилган 5 озиқ-овқат ёрдамида сиз организм учун зарур моддаларга эга бўлишингиз мумкин.
1. Бодом
Бу мазали ёнғоқчалар — мультивитаминларнинг ўрнини босиш учун биринчи даъвогар ҳисобланади. Яқинда аниқланишича, бир кунда 45 г бодом истеъмол қилиш зарур ёғ кислоталари, E витамини ва магний миқдорини мувофиқ ҳолатга келтиришга ёрдам беради.
2. Моллюскалар
Устрица, мидия ва бошқа ейиладиган моллюскалар таркибида кўп миқдорда витаминлар ва минераллар мавжуд. Уларда керакли моддалар жуда кўп, калория эса кам, оқсиллар кўп, ёғлар кам. Таъми ҳам мультивитамин ҳапдориларига қараганда анча яхшироқ.
3. Киноа
Бу ўта оммабоп бошоқли ўсимлик мультивитаминларнинг ўрнини ёлғиз ўзи боса олади.
Аниқроқ қилиб айтганда, киноа — бошоқли ўсимлик эмас, балки лавлагилар, исмалоқлар ва манголдалар оиласига кирувчи дон ҳисобланади. Бу майда дончалар таркибида юрак учун фойдали ёғлар, шу жумладан фоли кислотаси, марганец, магний, темир, мис, фосфор ва рухларни ўз ичига олувчи озуқавий моддалар мавжуд.
Киноадаги антиоксидантлар, шунингдек яллиғланишга қарши хусусиятга эга бўлган моддалар миқдори клюквадагидан кўра кўпроқдир.
4. Ферментланган озиқ-овқатлар
Тузланган бодринг, тузланган карам ва корейс карами кимчи — лактобактериялар (ачиган сут бактериялари) деб аталувчи фойдали бактерияларнинг машҳур манбалари ҳисобланади.
Бу озиқ-овқатлар бактерияларнинг фақат шу тури яшай оладиган ҳақиқий тузли сувда сақланади.
Ферментланиш жараёни бу сабзавотларда витаминлар ва энзимлар миқдорини оширади. Демак, сиз улардан C, B гуруҳ витаминлари ва зарур аминокислоталар — лизин ва метионинларни олишингиз мумкин.
5. Сув ўтлари
Сув ўтлари таркибида жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Уларнинг таркиби бизнинг организмимиз учун зарур бўлган 56 минераллардан ташкил топган.
Сув ўтлари — таркибида B12, А, К, C ва E витаминлари бор, ҳайвонларга оид бўлмаган бирдан-бир озиқ-овқат ҳисобланади.
Сув ўтларидаги клетчаткалар яллиғланишга, саратонга, вирусга қарши курашиш ва организмдан оғир металларни чиқариш хусусиятларига эга.
Манба: Daryo.uz