Биласизми?

Нима учун макияж билан ухлаш мумкин эмас?

Макияж билан ухлаш яхши ғоя эмаслигини тушуниш учун дерматолог бўлиш шарт эмас. Лекин сиз ўзингизни ишонтирасиз: бир мартагина шундай ухласам ҳеч нарса бўлмайди. Аслида сиз ўзингизга ўйлаганингиздан кўра кўпроқ зарар етказасиз.

Тери ҳужайраларига путур етказасиз

Жуда мураккаб парвариш талаб қилинмайди — фақат макияжни кеткизиш, эски ҳужайраларни олиб ташлаш ва балансни тўғрилаш учун терини намлашингиз керак бўлади, акс ҳолда тери ҳужайралари шикастланади.

Акне пайдо бўлади

Макияж туфайли терида йиғилиб қолган бактериялар, чанг ва ёғлар таъсирида ҳуснбузарлар пайдо бўлади. Ҳатто терингиз ҳуснбузар пайдо бўлишига мойил бўлмаса ҳам, сиз қанча тез-тез ювинмасдан ухласангиз, келгусида бундай муаммоларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли шунча кўпроқ бўлади.

Кўпчилик мейкап-маҳсулотлар таркибида тешикчаларни ёпиб қўювчи силикон мавжуд. Тешикчалар ёпилса, тери нотекис бўлиб қолади, натижада яллиғланиш ҳосил бўлади.

Тикланиш жараёнига халал берасиз

Сиз ухлаётганингизда тана қайтадан тикланади. Бу терига ҳам тегишли. Ювилмаган макияж бу жараённи бузади. Агар сизнинг терингиз нафас олмаса — у қайта тикланмайди.

Тешикчалардаги ёғлар тўпланиб қолади ва улар албатта муаммо туғдирувчи бактерияларга айланади. Бир кеча макияжда ухлашдан кейин яна аввалги ҳолатни тиклаш учун бир ҳафта вақт керак бўлади.

Тери хира тортиб қолади

Нур ёғилиб турадиган чиройли ва силлиқ тери — ҳамма қизларнинг орзуси. Юзингиз териси бундай бўлиши учун сиз хайлайтердан фойдаланишингиз мумкин, лекин уни ухлашдан олдин ювиб ташлашни унутманг, акс ҳолда мутлақо тескари натижага эга бўласиз.

Тери — танадаги ҳаётий муҳим вазифаларни бажарувчи энг катта аъзо ҳисобланади: липидлар яраларни тузатади ва ҳароратни тартибга солиб туради. Агар липид қатламининг бутунлиги бузилса, тери тез сувсизланади ва хира тортиб қолади.

Манба: Daryo.uz