Ошхона

Нонушта учун мевали пудинг ва ёнғоқли печенье

Нонуштага яқинларингизни фойдали ва мазали таомлар билан хурсанд қилиш истагида бўлсангиз, мақолада келтирилган рецептлар сизга кўмак беришига ишонамиз.

Ёнғоқли печенье

Ун қўшилмайдиган ушбу фойдали десерт ёнғоқлар таркибидаги ёғ кислоталари ва оқсил туфайли тетиклик ва қувват бағишлайди.

Керакли масаллиқлар

  • 2 стакан ёнғоқ (бодом ёки фундук қўшишингиз ҳам мумкин);
  • 350 грамм шакар;
  • 1/2 чой қошиқ туз;
  • 4 та тухумнинг оқи;
  • таъбга қараб ванилин.

Тайёрланиши

Ёнғоқ ва шакарни блендерда майда ушоқ ҳолига келгунча майдаланг. Тухум оқини туз билан кўпиртиринг, кейин аста-секинлик билан ёнғоқли аралашма ва ванилинни қўшинг. Кўпиртиришда давом этинг.

Пишириқ учун қоғоз тўшалган духовка листига аралашмани қошиқ билан жойлаштириб чиқинг. 160 даражагача қиздирилган духовкада тилларангга киргунча (тахминан 30 дақиқа) пиширинг.

Мевали пудинг

Керакли масаллиқлар

  • 100 грамм сули ёрмаси;
  • 200 мл табиий ёгурт;
  • таъбга қараб мевалар;
  • таъбга қараб ванилин, долчин ёки кардамон.

Тайёрланиши

Ёрма, севимли зираворларингиз ва ёгуртни аралаштиринг. Кечаси билан совуткичда қолдиринг. Тонгда эса унга мевалар, кокос қириндиси, ёнғоқ ёки қуруқ мевалардан қўшинг.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz