Саломатлик

Ўт пуфагидаги тошни операциясиз даволаш мумкинми?

Кейинги йилларда «ўт пуфагимни операция йўли билан олдириб ташладим», дегувчи инсонларни кўп учратаяпмиз. Ўт пуфаги «қийшайганда» операция қилдириш шартми? Ўт қопи организм учун қандай вазифани бажаради? Сафро дегани нима?

Сизни қизиқтирган бу каби саволларга жавоб олиш мақсадида «Бекажон газетаси» мухбири  М.Қурбонова Тошкент Тиббиёт Академияси «Умумий хирургия ва болалар хирургияси» кафедраси дотсенти, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали хирург Шомурод Меҳмонов билан суҳбатлашди. Қуйида шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

Энг аввало, ўт қопи физиологияси ҳақида тушунча бериб ўтсак. Ўт пуфаги, асосан, жигар билан боғлиқ. Унинг ҳажми ўртача 60 мг бўлиб, у жигарнинг пастки қисмида жойлашган. Ўт қопи ошқозон ости бези ферментларини активлаштиради, модда алмашинувида иштирок этади. У ёғли овқатнинг парчаланишига ёр­дам берувчи «сафро» деган аччиқ кўкимтир суюқлик тўплайди. Бу касалликнинг аломатлари шундай: қорин соҳасида, қовурға остида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади, баъзида оғриқ юқорига чиқиб, ўнг кураккача боради.

Сафро қандай вазифани бажаради?

— Сафро ёғли таомлар истеъмол қилганимизда ёғларни парчалаш хусусиятига эга, бундан ташқари, ошқозон ости бези ферментларини ўн икки бармоқли ичакка яқинлаштириб, оқсилларнинг парчаланишига ёрдам беради. Сафронинг таркибида билирубин — ўт кислоталари, сув, тузлардан ташкил топган. Билирубин эритроцитлардан, яъни, қизил қон таначалари парчаланишидан ҳосил бўлади. Биливездин жигар ҳужайралари глиекурон кислотаси билан боғланиб, билирубинни ташкил қилади. Бу қон таначалари ҳар 120 кунда талоқда парчаланиб туради. Ўт пуфаги девори яллиғланганда, девори икки баравар қалинлашади,илгари бор-йўғи 3 мм бўлса, энди 1 см. га­ча қалинлашади.

Кўпчилик тош борлигини билмайди

Инсонларнинг йигирма фоизи ўт қопида тош борлигини билмайди. Оғриқ бермаганлиги учун юраверади. Айрим ҳо­латларда оғриқ бўлганида жигарим оғрияпти, деб шикоят қилади. Аслида бу пайтда беморнинг жигари оғримаётган бўлади. 40 50 ёшдан кейин бемор шифокор ҳузурига келиб, «шу жойим­да совуқ сезаяпман» дейди. Аслида бемор кўрикдан ўтганида кўпроқ остеохондроз безовта қилаётганлиги ва оғриқ бераётганлиги аниқланади. Айрим ҳолларда ўт қопидаги тош олиб ташлансада, оғриқ беморни тарк этмайди.Чунки уни умуртқа поғонасидаги ўзгариш — ос­тео­хондроз безовта қи­либ, оғриқ ўқтин-ўқтин безовта қилаверади. Оғир нарса кўтарганимизда умуртқа поғонамиз қийшаяди. «Остеохондроз» дегани умуртқалар орасидаги дискни дегенератив ўзгаришлари натижасида ҳосил бўладиган жараёндир.

Ташхислаш

— Бемор шикоят қи­либ келганида қандай чоралар қўлланилади?

— Бемор энг аввало текширувлардан ўтказилади. Бу тош билан боғлиқми ёки умуртқа поғонаси билан боғлиқми? Яллиғланиш протсесси бўладиган бўлса УТТда текшириб кўрилади. Бу ҳолатда биринчидан, ўт қопида димланиш ҳосил бўлади, иккинчидан, ўт девори қалинлашади, булар ўт қопида тош пайдо бўл­ганлигидан дарак беради. Ўт қопида тош пайдо бў­лиш механизми қандай кечади? Биринчидан, ин­­­­­­фек­сия тушади, инфекция тушиши натижасида ўт қопининг шиллиқ қа­­­­­ватида эпителетлари секин-аста қипиқланиб туша бошлайди. Димланиш ҳолатлари пайдо бўлгандан кейин калоид ҳолатлари бузилади. Тузлар чўкиши натижасида тош ҳосил бўлади. Бу тошлар ҳар хил кўринишда бўлиши мумкин. Ўт қопида 1200 тагача тош бўлиши мумкин. Айрим тошлар борки, ҳатто бол­ғача билан уриб ҳам майдалаб бўлмайди.

Ўт пуфаги касаллигининг келиб чиқиш сабаблари нимада?

— Ўт пуфаги жигар ишлаб чиқарган ўт суюқлиги учун резервуар ҳисобланиб, у овқатланиш пайтида ўт суюқликни 12 бармоқли ичакка ҳайдаб бериш вазифасини бажаради. Ўт пуфаги касалликлари пала-партиш овқатланиш, рационда ёғли таомларнинг кўплиги, овқатлангандан кейинги кам ҳаракатлилик, ўт суюқлигининг димланиши таъсирида келиб чиқади. Ўт пуфагида ўт йиғилгандан кейин ўт пуфаги деворлари таранглашиб, қон айланиши бузилади, натижада организмда яллиғланиш пайдо бўлади.

 Муҳим маслаҳат

— Ўт пуфаги операция қилиб олиб ташланган бемор нималарга риояқилиши зарур? Бундай беморлар кўпинча «озиб кетдим» ёки «тўлишиб кетдим», дейишади. Ўт пуфаги функциясини қайси ор­ганлар зиммасига олади?

— Ўт пуфаги олиб ташланган бемор операциядан кейин бир ой мобайнида парҳезга амал қилиши зарур. Ўт қопи бу — резервуар, яъни қўшимча қисм. Беморнинг ўт қопи олиб ташлансада, аввалгидек турмуш тарзини кечираверади. Озиш ёки тўлишиб кетиш бунга боғлиқ жараён эмас. Ёғли таомлар истеъмол қилинганида ўт йўли қисқариб, сафро ўн икки бармоқли ичакка тушади. Ўт йўлида 10мл гача сафро туради.

— Ўт пуфаги безовта қилганида, «дюбаж» қи­линиши мумкинми?

— Агар ўт қопида тош бўлса, «дюбаж» асло мумкин эмас. Агар ўт қопида қийшайиш бўлса, ёғли таомларни камроқ истеъмол қилган маъқул. Ўт қопи касаллиги билан оғриган инсонларнинг жуда кўп фоизи аёллардир.

— Айтингчи, ўт пуфаги оғриқлари тўсатдан безовта қиладими ёки илгари ҳам ўқтин-ўқтин оғриқ берган бўладими?

— Тўсатдан қаттиқ оғ­риқ бериши мумкин. Бемор шифокор ҳузурига келганида беш йилдан бери шу жойимда озгина оғриқ бўлиб турарди, деб шикоят қилади. Майда тошлар тиқилгандан ке­йин ўт қопи яллиғланиб шишади, йиринг­лайди, бундай ҳолатларда жарроҳлик ёки лапароскопик йўллар билан операция қилинади. Айрим касаллар юрагим санчиб қолди, деб шифокор ҳузурига боради ва кардиология бўлимига тушадиган ЭКГ да эса ўзгариш йўқ. Аслида уни ўт қопидаги тошлар безовта қилаётган бўлади. 72 соат ичида яллиғланиш протсесси безовта қилиб оғриқ тўхтамаса, бемор операция қилинади. Бу кўрсатгич бемор касалхонада кузатувда бўлган бўлса, айрим ҳолларда беморлар яллиғланиш кучли бўлиб, атроф тўқималарга тар­қалган ҳолда касалхонага келади ва бундай пайтда зудлик билан операция қилинади.

Қайси ҳолатларда бемор операция қилинмайди? Дейлик, унинг юрагида жиддий нуқсонлар бор?

— Ҳар қандай ҳолатда ҳам бемор операция қилинади, ҳатто юраги инфаркт жараёнидан ўтган бўлса ҳам. Чунки беморга азоб бераётган оғриқни тўхтатиш учун ўт қопидаги тош олиб ташланади. Бўлмаса беморнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Манба: Avitsenna.Uz