2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига республика доимий аҳолисининг сони 32 млн. 511,9 минг кишини ташкил этиб, йил бошидан 391,4 минг кишига ёки 1,2 фоизга кўпайди. Шундан, 16 млн. 451,9 минг киши – шаҳар жойларида (жами аҳоли сонининг 50,6 фоизи) ва 16 млн. 60,0 минг киши – қишлоқ жойларида (49,4 фоизи) истиқомат қилади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича ҳисоботида айтилади. Kun.uz шу ҳақда ёзмоқда.
2017 йилнинг январь–сентябрида туғилганлар сони 523,6 минг кишини ташкил этди ва 2016 йилнинг шу даврига (532,4 минг киши) нисбатан 8,8 минг кишига камайди, шунга мос равишда туғилиш коэффициенти 21,7 промиллени ташкил қилди.
Туғилиш коэффициентининг сезиларли камайиши Хоразм (20,7 промилледан 19,5 промиллегача), Бухоро (20,6 дан 19,5 гача), Фарғона (21,9 дан 20,8 гача) Тошкент (20,2 дан 19,2 гача), Қашқадарё (24,7 дан 23,8 гача), Наманган (23,5 дан 22,6 гача), Андижон (22,9 дан 22,1 гача) Навоий (22,3 дан 21,7 гача) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (20,7 дан 19,5 гача) ҳиссасига тўғри келади.
2017 йилнинг январь–сентябрида вафот этганлар сони 116,9 минг кишини ташкил қилди ва 2016 йилнинг шу даврига (108,9 минг киши) нисбатан 8,0 минг кишига кўпайди, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил қилди (2016 йил январь–сентябрида – 4,6 промилле бўлган).
Ўлим коэффициентининг сезиларли ўсиши Андижон (4,8 дан 5,3 промиллегача), Наманган (4,3 дан 4,8 ), Жиззах (3,9 дан 4,3), Сурхондарё (4,0 дан 4,4), Фарғона (4,5 дан 4,9), Қашқадарё (3,8 дан 4,1 ), Навоий (4,5 дан 4,7), Сирдарё (4,7 дан 4,9), Хоразм (4,3 дан 4,5) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (4,4 дан 4,6) ҳиссасига тўғри келади. Ўлим даражасининг энг паст кўрсаткичи Қашқадарё (4,1 промилле), Бухоро (4,3 промилле), Жиззах (4,3) ва Самарқанд (4,3) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Вафот этганлар умумий сонидан 60,5 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9.2 фоизи – ўсма касалликларидан, 6,2 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатлардан, 5,6 фоизи – овқат ҳазм қилиш органлари касалликларидан, 4,9 фоизи – нафас олиш органлари касалликларидан, 1,7 фоизи – инфекцион ва паразитар касалликларидан, 11,9 фоизи – бошқа касалликлардан вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь–сентябрь ҳолатига 95 та оналар ўлими рўйхатга олинган ва оналар ўлими коэффициенти 18,1 промиллени (100 минг тирик туғилганга нисбатан) ташкил қилди.
Оналар ўлимининг юқори кўрсаткичлари Навоий – 32,5 (100 минг тирик туғилганга нисбатан), Тошкент вилояти – 27,0, Жиззах – 25,8 Самарқанд – 22,9 ва Сирдарё вилоятлари – 22,7 ҳиссасига тўғри келади. 2017 йилнинг январь–сентябрида бир ёшгача 6,1 мингта болалар ўлими қайд этилган. Гўдаклар ўлими коэффициенти – 11,2 промиллени (2016 йил январь–сентябрида – 10,2 промилле бўлган) ташкил қилди. Гўдаклар ўлимининг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри – 17,9 (1000 тирик туғилганга нисбатан), Хоразм – 16,0, Андижон – 15,6, Наманган – 14,2, Жиззах – 14,1, Сирдарё – 13,7 вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси – 15,0 ҳиссасига тўғри келади.
2017 йилнинг январь–сентябрида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида 192,7 мингта никоҳлар ва 23,6 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган, 1 000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 8,0 (2016 йилнинг январь–сентябрида – 7,4 бўлган) ва никоҳдан ажралиш коэффициенти 1,0 ни (2016 йилнинг январь–сентябрида – 0,9 бўлган) ташкил этган.
2017 йил январь–сентябрь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар сони 120,8 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса – 136,1 минг кишини ташкил қилди. Мос равишда миграция қолдиғи минус 15,3 минг кишини ташкил этган, 2016 йилнинг мос даврида минус 20,7 минг киши бўлган.
Миграция сальдосининг юқори даражаси Тошкент (минус 4,8 минг киши), Самарқанд (минус 3,9), Қашқадарё (минус 3,4), Фарғона (минус 2,0), Бухоро (минус 1,8), Андижон (минус 1,5) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (минус 3,4) қайд этилди. Миграциянинг ижобий сальдоси Тошкент шаҳрида кузатилди (плюс 10,8 минг киши).