Ўзбекистонда аёллар илк ижтимоий мослашув марказлари пайдо бўлди, деб ёзмоқда Kun.uz. Бундай марказларни ташкил этиш ҳақида Ўзбекистон президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз юритилганди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Наманган ва Сирдарё вилоятларининг барча туманлари ва шаҳарларида “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази” иш бошлаган.
Бу марказ биринчи навбатда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни меъёрий ҳаётга қайтариб, уларнинг фарзандларига ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган, бир сўз билан айтганда фарзандларимиз қалбида яшашга интилиш, ишонч туйғуларини янада бўй чўзиши, эртанги кунига умид билан қарашга мослаштирувчи маскан ҳисобланади.
Мазкур аёллар мослашув марказлари йил охирига қадар республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилиши режалаштирилган.