Олимлар қалампир ва бошқа аччиқ гармдорилар ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беришини ва шўр нарсаларга бўлган талабни камайтиришини аниқлади, деб ёзади Daryo.uz.
Хитойлик олим Чжимин Чжунинг сўзларига кўра, оз миқдордаги ўткир қалампир моддаси — капсаицин тузнинг таъмини оширади. Унинг таъсири одам қанчалик кўп туз истеъмол қилишида синаб кўрилган.
Бунга қадар аччиқ егуликлар фойдасиз ва ҳатто одам учун зарарли дея ҳисобланган. Бироқ сўнгги йилларда тадқиқотчилар олдинги хулосаларни ўрганиб чиқиб, аччиқ егуликларнинг ҳам кўп фойдаси борлигини аниқлади.
Бир неча йил олдин биологлар аччиқ овқат одам организминидаги ёғ тўқималарини эритишга ёрдам беришини аниқлаган. Бу метаболизмнинг тезлашиши ва одам организмида яллиғланиш жараёнларининг камайиши билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Чжу ўзининг ҳамкасблари билан аччиқ егуликнинг яна бир фойдасини аниқлади. Маълум вақт аччиқ овқат ейишга рози бўлган 600 нафар кўнгилли орасида тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот якунида олимлар уларнинг қон томирларидаги босим камайганини пайқашган. Бунга одамлар тузни камроқ истеъмол қилгани сабаб бўлган.
Қалампир тузнинг таъмини оширишига сабаб, одам миясидаги шўр ва аччиқ таъмларни фарқловчи марказнинг ёнма-ён жойлашганидир.