Ошхона

Организмни тозаловчи 7 хил салат!

Иссиқ мавсумда ёғли, қаттиқ қовурилган таом ва егуликлар ошқозонга оғирлик қилиши мумкин. Бу вақтда асосан енгил ҳазм бўлувчи салатлар тавсия этилади. Қуйида тез тайёрланадиган, фойдали, меъда ва ичакларни тозалайдиган салат рецептлари билан таништирамиз.

МАСАЛЛИҚЛАР МИҚДОРИНИ ОИЛА АЪЗОЛАРИНИНГ СОНИДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ ўзингиз белгилайсиз.

Карам+лавлаги

Таркиби: карам, қизил лавлаги, сабзи, лимон шарбати, ўсимлик ёғи, пичоқ учида туз.

Тйёрланиши: Барча масаллиқлар хомлигича ишлатилади. Сабзавотларни сомонча шаклида тўғраб, туз, лимон шарбати ва ўсимлик ёғи билан аралаштирсангиз кифоя.

Лавлаги+олма

Таркиби: лавлаги, олма, сабзи, ўсимлик ёғи, туз, шакар.

Тайёрланиши: Масаллиқларни қирғичнинг йирик тишидан ўтказамиз. Сўнг туз, шакар ва ўсимлик ёғи билан аралаштирамиз.

Карам+олма

Таркиби: карам, олма, яшил булғор қалампири, туз, зайтун ёғи.

Тайёрланиши: карамни сомонча шаклида тўғраб, туз билан эзғилайсиз. Сўнг парак қилиб тўғралган олма ва булғор қалампирини қўшинг. Туз ва зайтун ёғи билан аралаштириб олсангиз, салат тайёр.

Бодринг+тухум

Таркиби: бодринг, шивит, кашнич, қайнатилган тухум, қатиқ, туз.

Тайёрланиши: бодрингни тўртга бўлиб, паракланг. Кўкатларни майдалаб тўғранг, тухумни майда тўртбурчак шаклда кесинг. Масаллиқларга туз ва қатиқни аралаштиринг.

Денгиз карам+сабзи

Таркиби: денгиз карами, сабзи, ўсимлик ёғи, саримсоқ.

Тайёрланиши: денгиз карамини сомонча шаклида тўғралган сабзи ва эзғиланган саримсоқ билан аралаштиринг. Салатга ўсимлик ёғи ва туз қўшинг.

Помидор+бодринг

Таркиби: помидор, бодринг, қизил карам, райҳон, туз.

Тайёрланиши: помидор, бодринг ва карамни йирик тўртбурчак шаклда тўғранг. Райҳонни майдалаб кесинг. Барчасини аралаштириб, туз намагини созлаб олинг.

Карам+бодринг

Таркиби: карам, бодринг, шивит, сметана, туз

Тайёрланиши: карамни сомонча шаклида тўғранг, бодрингни қирғичнинг йирик тишидан ўтказинг. Масаллиқларга туз ва сметана қўшиб, аралаштиринг.

Манба: Darakchi.uz