Саломатлик

Оёқ остидаги нохушлик

Оёқ инсон танасининг энг муҳим аъзоларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам унинг соғлом ва бардам бўлишига ғоятда эътиборли бўлиш зарур. Тиббиётда оёқ билан боғлиқ муаммолар анчагина бўлиб, шулардан бири оёқларнинг тез-тез терлашидир. Асосан эркакларда, ва ёз ойларида кўп учрайдиган ушбу ҳолат наинки кишининг ўзига, балки атрофидагиларга ҳам нохушлик туғдиради.
Оёқ нега терлайди? Тиббиёт мутахассислари оёқ терлашига қуйидаги ҳолатларни сабаб қилиб кўрсатишади:
  1. Ёпиқ пойабзал, мавсумга мос бўлмаган, сунъий толадан тўқилган пайпоқлар. Оёқларни нотўғри парвариш қилиш, беэътиборлик.
  2. Ортиқча ҳаяжонланиш, рухий зўриқиш.
  3. Оғир жисмоний меҳнат, мушакларнинг зўриқиши.
  4. Товонлардаги теризамбуруғ касалликлари (бунда бармоқлар орасидаги тери қавати қуриб, ёриқлар пайдо бўлади, натижада бу жойлар қаттиқ ачишиб қичийди, нохуш ҳид ва терлашни келтириб чиқаради).
Оёқларнинг парвариши. Оёқлар билан боғлиқ муаммо юзага келмаслиги учун ҳар куни эрталаб ва кечқурун совуқ сувда совунлаб ювиш, кейин сочиқ билан артиб қуритиш керак. Эрталаб оёқларни ювгандан кейин бармоқлар орасига тальк, дезодорант ёки антиперспирант билан ишлов бериш лозим. Шунингдек, дорихоналарда бактериялар ва замбуруғ касалликларига қарши махсус воситалар ҳам сотилади. Улардан акс таъсирлари билан танишган холда, фойдаланиш тавсия этилади. Шуни унутмаслик керакки, бундай воситалар фақат тоза, қуруқ оёқларга суртилиши лозим. Акс ҳолда, оёқлар янада кучлироқ терлайди ва нохуш ҳид таратади. Агар бу усуллар самара бермаса, демак, оёқ терлаши танадаги бошқа касалликлар билан бевосита боғлиқ бўлади. Бундай ҳолатда дерматологга мурожаат қилиш керак. Хеч қачон оёқларингизнинг ҳаддан ташқари терлашидан шикоят қилишдан тортинманг. Бу дерматолог учун оддий ҳол ва у сизнинг ушбу нохушликдан халос бўлишингизга ёрдам беради.
Халқ табобатидан:
  1. 50-100 грамм эман пўстлоғини бир литр сувга солиб, 20-30 дақиқа мобайнида паст оловда қайнатиш лозим. Бир ҳафта давомида оёқни ана шу қайнатманинг буғига тутиш талаб этилади.
  2. Бир чой қошиқ ош тузи 1 стакан қайноқ сувга аралаштирилади, бироз совигач, унда оёқлар чайилади. Кейин оёқларни совуқ сувда ювиб ташлаш лозим.
  3. 20 дона лавр япроғи 3 литр қайнаб турган сувга ташланади. Дамлама бироз совигач, уйқудан 15 дақиқа аввал оёқларни буғлаб ўтириш фойда беради.
Шуни унутмаслик керакки, оёқ терисини парваришлашга фақат ёз ойларида эмас, йил давомида ҳам диққатни жалб этмоқ зарур.
Манба: Beka.Uz