Озиқ-овқатларни ғамлаб қўяр эканмиз, биз улар учун энг мувофиқ сақлаш шароитини яратишга ҳаракат қиламиз. Узоқ вақт янги ҳолида туришлари билан бир қаторда улар фойдали хоссалари ва витаминларини ҳам сақлаб қолади.
Лекин узоқ вақт сақланаётган озиқ-овқатлардан фойдаланишда организмга зарар келтирмасликлари учун жуда эҳтиёткорлик талаб этилади. Бунинг учун озиқ-овқатларнинг узоқ сақланишига ёрдам берувчи бир неча усулларни билиб олишингиз зарур бўлади.
Музлатилган сут
Агар сизда ишлатилмасдан ортиб қолган сут бўлса, ачиб қолишини кутиб ўтирманг — уни музлатинг. Бунинг учун олдиндан тоза идишга қуйилган янги сут бўлиши керак. Сут бундай ҳолатда 6 ҳафтагача сақланади.
Салат баргларини қоғозга ўранг
Салат барглари жуда тез сўлиб қолади. Уларни қоғозга ўраб қўйсангиз, узоқ вақтгача янги ҳолини сақлаб туради. Ҳатто оддий газета қоғози ҳам намликни шимиб олиш билан замбуруғлар ва бактерияларнинг тарқалиб кетиши олдини олади.
Кўк пиёзни сув солинган идишга жойлаймиз
Кўк пиёзни тупроқ ва қуриган пўстлардан тозалаб, сув солинган идиш ичига қўйиш орқали унинг умрини 2 ҳафтагача узайтириш мумкин.
Кўкатларни шиша банка ичида сақлаймиз
Кўкатларни янгилигича сақлаш учун уларни қуруқ банка ичида сақлаш лозим. Кўкатларни кесамиз ва банка ичига жойлаймиз. Натижада янги ва чиройли зираворга эга бўламиз.
Асални шиша банкада сақлаймиз
Ҳақиқий табиий асални сақлаш муддати чегараланмайди. У ўзининг таркибидаги микроорганизмлардан ҳимоя қилувчи моддалар туфайли йиллар давомида янги ҳолини сақлаб туради.
Асални совитгичда сақлаш унинг вақтидан олдин кристалланишига ва уни банкадан чиқаришнинг қийинлашишига олиб келади. Асал учун энг мувофиқ идиш шиша ҳисобланади.
Олмаларни совитгичда сақлаймиз
Олмаларни сақлаш осон, совитгичда эса унинг сақланиш муддатини бир неча ойгача узайтириш мумкин. Асосийси — меваларни бир-биридан ажратиб қўйиш керак, чунки улар бир-бирига тегиши натижасида чириш жараёнлари бошланади. Яхшиси олмаларни газетага ўраб қўйган маъқул.
Манба: Daryo.uz