Маданият

Пигмент доғлар ва сепкилларни оқартириш учун ниқоблар

Эслаб қолинг, юз терисидаги доғларни кетказиш учун қулай вақт бу – эрталабки соат 10:00 дан 12:00 гача; тушликдан сўнг соат 16:00 дан 18:00 гача ва кечки пайт соат 22-23 оралиқлари.

Петрушка

Бир боғ барра петрушка кўкатини гўштқиймалагичдан ўтказиб, ҳосил бўлган шарбати билан бирга намланган юз терисига суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб оласиз. Ниқоб таъсирини ошириш учун озиқлантирувчи крем суртишни унутманг.

Сут ва кўкат

Ярим пиёла сутга шунча миқдорда петрушка кўкати шарбатини қўшинг. Масаллиқларни яхшилаб аралаштиргач, юздаги доғ ёки сепкил устидан суртиб чиқинг. 10 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб олинг.

Бодом

2 ош қошиқ бодом мағзи устидан ярим стакан қайноқ сувни қуйинг-да, 5 дақиқага қолдиринг. Сўнгра сувини тўкиб ташлаб, бодомни гўштқиймалагичдан ўтказинг. Ҳосил бўлган аралашмага яримта лимон шарбати ва 2 ош қошиқ қайнатилган сув қўшиб, аралаштиринг. Ниқобни юз терисига текис суртиб, 15 дақиқага қолдиринг. Аввал илиқ, сўнг совуқ сувда чайиб олинг.

Бодринг

Битта бодрингни қирғичдан ўтказинг. Ҳосил бўлган шарбати билан бирга юзингизга суртиб, 15 дақиқа шу ҳолатда қолинг. Ниқобни тозалашда аввал пахта билан бир сидра артиб, сўнгра илиқ сувда чайинг.

Картошка ва ўсимлик ёғи

Битта картошкани арчиб, қирғичнинг майда тишидан ўтказинг. Сабзавот бўтқасига ярим чой қошиқ ўсимлик ёғини қўшинг. Аралашмани юздаги доғ ёки сепкил устидан текис суртиб, 15-18 дақиқага қолдиринг. Ниқобни ювиб олгач, юз терисини намлантирувчи крем суртинг.

Сули ёрмаси ва сут

1 ош қошиқ сули ёрмасини ярим стакан илиқ сут билан аралаштиринг. Ҳосил бўлган бўтқани яхшилаб, эзғиланг. Сўнгра юзингизга суртиб олинг. Сули ёрмаси таркибидаги фойдали моддалар тери катакларини тозалаб, текислайди.

Кўк чой

Бу юз териси рангини оқартиришнинг энг осон усулларидан бири. Суюқ дамланган кўк чойга пахтани хўллаб, юзингизни артинг. Бир маротаба артгач, тери қуримасидан яна бир марта муолажани такрорланг.

Манба: Darakchi.uz