Биласизми?

Қандай қилиб ҳар куни биттадан китоб ўқиш мумкин?

Маълум бўлишича, катталар бир дақиқа ичида ўртача 120–180 та сўз ўқир экан. Китобнинг стандарт ҳажми — 60 000—10 000 сўздан иборат. Келинг, ҳисоблаб кўрамиз.

Агар ўртача тезлик билан бир дақиқада 150 та сўз ўқисангиз, 80 000 сўздан иборат бўлган китобни тахминан 9 соат ичида ўқиб чиқасиз. Агар тез ўқиш йўлларини ўрганиб олсангиз, буни ундан ҳам тезроқ амалга оширишингиз мумкин.

Периферик кўришдан фойдаланинг

Сўзнинг ўзига эмас, балки икки сўз ўртасидаги оралиққа қаранг. Бирданига иккала сўзни ҳам ўқишга ҳаракат қилинг, кейин эса нигоҳингизни навбатдаги сўзлар жуфтлигига қаратинг.

Малака ҳосил қилиш учун иборани тез кўздан кечиринг, кейин эса уни яна такрорланг. Ўқиш вақтида сатрларнинг ўртасига қаранг, четдаги сўзларга диққатингизни қаратманг.

Кейин сўзларни гуруҳлар бўйича ўқишни синаб кўринг. Битта гуруҳ — бу нигоҳни олмасдан ўқиш мумкин бўлган ва бир-бирига яқин жойлашган 4–16 та сўз.

Бобларни тез кўриб чиқинг

Бобларнинг номларини ва бир неча биринчи сўз бошиларини ўқиб чиқинг. Шунда сиз муаллиф нима айтмоқчи бўлганини тушуниб оласиз. Гап нима ҳақида бораётганини билиб олиш учун сарлавҳадан кейинги сатрларга тез-тез кўз югуртириб чиқинг.

Бу усул бадиий китоблар учун тўғри келмайди. Лекин у агар сиз асосий ғояни ёки муаллиф асосларини тез аниқламоқчи бўлганингизда иш бериши мумкин.

Кўчирмалар қилинг

Табиийки, бундай тезлик билан ўқишда сиз ҳаммасини эслаб қололмайсиз. Шунинг учун керакли ва асосий маълумотларни кўчириб олинг.

Бўш бўлган ҳар бир дақиқада ўқинг

Транспортдами, навбатда турганингиздами, танаффус пайтида бўладими, қаерда бўлишингиздан қатъий назар ўқинг. Сериаллар томоша қилишни ўқиш билан алмаштиринг.

Агар кун давомида вақтингиз кам бўлса, аудиокитоблар эшитинг. Уларни ишга боришда, уй йиғиштириш пайтида, спорт билан шуғулланишда ҳам эшитишингиз мумкин.

Аста-секинлик билан бошланг

Ҳар куни биттадан китоб ўқиш шарт эмас. Агар кўпроқ ва яхшироқ ўқишни истасангиз, тезликни аста-секинлик билан ошириб боринг.

Ўзингизга ёқадиган китобларни танланг ва тажриба қилиб кўринг. Бу сизни янада кўпроқ ўқишга илҳомлантиради.

Манба: Daryo.uz