Биласизми?

Қандай қилиб мураккаб кийимларни қийналмасдан дазмоллаш мумкин?

Биз сиз учун мураккаб бичимдаги буюмларни қийналмасдан дазмоллаш ҳақида бир неча маслаҳатларни тўпладик.

Эркаклар кўйлаги

Яхши дазмолланиши учун кўйлак қуруқ бўлмаслиги керак. Дазмол қилишдан олдин унга пуркагич ёрдамида сув сепинг.

Дазмоллашни кўйлакнинг ёқасидан бошланг. Кейинги босқич — манжетлар. Кейин енгларга ўтишингиз мумкин. Уларда букланган чизиқ ҳосил бўлмаслиги учун дазмолни фақат енгнинг ўртасидан юрғизинг.

Охирида кўйлакнинг этаклари ва орқаси дазмолланади.

Шим

Шимнинг тескарисини ағдаринг, чокларини ва чўнтакларини дазмолланг. Кейинги ҳаракатлар ўнг томонида бажарилади. Шим текис дазмолланиши учун ҳўл докадан фойдаланинг.

Шимнинг бир почасини тахта устига қўйинг, докани ёпинг ва пастдан юқорига томон дазмолланг.

Кейин шимнинг юқори қисми билан шуғулланинг. Қулай бўлиши учун уни тахтанинг юмалоқ томонига тортиб кийдиришингиз мумкин.

Охирги босқич — тахларини дазмоллаш. Почаларнинг ён чокларини бирлаштиринг ва эҳтиётлик билан дока ёрдамида шимнинг букланган жойларини дазмол қилинг.

Пиджак

Чоклари ва қисмлари кўп бўлгани учун пиджакни дока орқали дазмоллаганингиз маъқул. Бошида енгларини дазмолланг, кейин эса елкаларига ўтинг. Ишни осонлаштириш учун маҳкам қилиб ўралган сочиқдан фойдаланишингиз мумкин. Букланиб қолган жойини дазмоллаш учун уни енгнинг ичига қўйинг.

Елкаси ва этаклари ўнг томонидан дока орқали дазмол қилинади. Охирида ёқаларини дазмолланг. Осон бўлиши учун дазмоллаш жараёнида газламани қўлингиз билан бироз тортинг.

Трикотаж буюмлар

Трикотаж буюмларга қуритиш жараёнидан бошлаб эътибор бериш лозим. Бундай матодан қилинган буюмларни яхшиси ётиқ юзаларга ёйиб қуритган маъқул: шунда балки, уларни дазмоллаш ҳам керак бўлмайди.

Агар трикотаж буюмни барибир дазмоллаш керак бўлса, буюмни бироз ҳўлланг ва эҳтиётлик билан буғланг. Дазмолни қаттиқ босиш шарт эмас, буюмнинг ҳар бир қисмига дазмолнинг тагини бир неча сония қўйиб туришнинг ўзи кифоя қилади.

Манба: Daryo.uz