Маданият

Қандай қилиб қўл терисини силлиқ ва нафис сақлаш мумкин?

Кузги-қишки даврдаги ҳаёт бизни ўзига хос муаммоларга дуч келишга мажбур қилади. Шамолдан қуруқшаб қолган қўлларимиз териси жилвир қоғозни эслатади. Лекин ташвишга тушманг, махсус парваришлаш ёрдамида бу муаммони тезда ҳал қилиш мумкин.

Кремни қандай танлаймиз?

Куз-қиш мавсумида қўллар терисини парваришлаш учун ёғли крем керак бўлади. Унинг таркибида ўсимлик ёғлари бўлиши лозим. Ҳозир айниқса баттерлар (қаттиқ ёғлар) яхши, уларга какао, кокос, макадамия ва манго ёғлари киради.

F, А ва E витаминлари терини юмшатади, шўралаш ва қичишишни йўқотади, ҳужайраларнинг тикланишини тезлаштиради. Мочевина, гиалурон кислотаси, сквалан, алоэ вера экстракти терини намлашга ёрдам беради. Асалари ва бошқа мумлар, шунингдек ланолин намликни ушлайди, шамол ва паст ҳароратлар таъсиридан ҳимоя қилади.

Куз ва қишда кремлардан тўғри фойдаланиш

Яхшиси бир йўла иккита – намловчи ва озиқлантирувчи крем олганингиз, уларни навбатма-навбат ишлатганингиз маъқул. Биринчисидан кун давомида, қўлингизни ҳар ювгандан кейин; иккинчисидан – кўчага чиқишдан олдин ва кечқурун фойдаланишингиз керак.

Кўпчилик, кафтлар терисининг қуруқлиги ва ёрилишига ҳеч қандай восита ёрдам бермаётганидан шикоят қиладилар. Бундай ҳолларда махсус мочевинали кремдан фойдаланинг, у бундай муаммоларни самарали тарзда бартараф қилади.

Парваришлашда ёғларнинг фойдаси ҳақида

Косметик ёғлар таркибига кўра витаминлар ва биологик фаол моддаларнинг табиий концентрати ҳисобланади. Бир неча томчи ёғ табиий қариш ва терининг сўлиш жараёнини секинлаштиради. Ўсимликлар ёғининг ўзини соф ҳолда ҳам ишлатиш мумкин: уларни қўл терисига суринг ёки кремга қўшинг.

Манба: Daryo.uz