Биласизми?

Қандай қилиб уй шароитида кран сувини тозалаш мумкин?

Водопровод сувини ичиш жуда хавфли – у ерда қандай микроблар ва бактериялар бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон билиб бўлмайди.

Бугунги кунда сувни тозалашга мўлжалланган маиший фильтрларни сотиб олиш муаммо эмас. Лекин тайёр ўрнатилган фильтрлар анча қимматроқ туради.

Агар сиз қандайдир сабабларга кўра фильтрсиз қолсангиз, унда кран сувини уй шароитида тозалашнинг бошқа йўллари ҳам бор.

Музлатиш йўли билан тозалаш

Водопровод сувини пластик бутилкаларга солинг ва уларни музхонага қўйинг. Бутилкадаги сувнинг ярмига яқини музлагандан кейин қолган сувни тўкинг, музли бутилкани эса музхонадан олинг ва хона ҳароратида эритинг. Бундай сувдан терини парвариш қилишда фойдалансангиз бўлади.

Музлатишдан мақсад шуки, аралашманинг катта қисми музламаган сувда қолади. Бутилкадаги музнинг тиниқ бўлишига эътибор беринг. Лойқа музни яхшиси ишлатмаган маъқул, чунки унинг таркибида зарарли моддалар бўлиши мумкин.

Фаоллаштирилган кўмир ёрдамида тозалаш

Кўпчилик сув тозалаш фильтрларида фаоллаштирилган кўмирдан фойдаланилади. Ундан ўтказилгандан кейин сувнинг ҳиди ва мазаси яхшиланади, чунки у сувнинг таркибидаги кўпчилик зарарли аралашмаларни тозалайди.

Бундай фильтрни мустақил равишда қилиш ҳам мумкин: таблеткаларни майдалаб газлама ёки докадан қилинган халтачаларга жойланади, идишга солинади ва унга кран суви қуйилади. Бундай кўмирли фильтрни бир ҳафтада бир-икки марта алмаштириш керак.

Йод ёрдамида тозалаш

Кўпчилик тозалаш тизимларида фаоллаштирилган кўмир билан бир қаторда йод ҳам иштирок этади. У чучук сув таркибидаги патогенларга ҳалокатли таъсир кўрсатади.

Агар сув хона ҳароратида ёки иссиқ бўлса унинг таъсири самаралироқ бўлади. Агар олинган кран суви тиниқ бўлса, унда 1 литр сувга 5 томчи, агар у лойқа бўлса, унда 10 томчи йод қўшиш талаб қилинади. Сув ярим соат давомида тиндирилади, кейин уни ичиш мумкин бўлади.

Манба: Daryo.uz