Аёллар эркакларга қараганда икки баробар (балки ундан ҳам кўпроқ) меҳнат қилар, кўпроқ куч сарф этар эканлар. Чунки, ҳам жамиятимизда фаоллик кўрсатиб келаётган масъулиятли ходим, ҳам муносиб оила бекаси, рафиқа бўла олган, она, шунингдек, устозлик мақомига эга аёлларимизни етарлича учратишимиз мумкин. Шундай аёлларимиздан бир нечтасига қуйидаги савол билан мурожаат қилиб, уларнинг муваффақият қозониш “секрет”ларини билиб олишга ҳаракат қилдик:
Уй-рўзғор ишлари, ишхонадаги вазифалар, фарзандлар тарбияси билан бирга қўшимча машғулотларга ҳам қатнайсиз. Бундан ташқари, ташқи кўринишингизга эътибор беришга, ўзингизга қарашга ҳам вақт ажрата оласиз. Буларнинг барчасига ҚАНДАЙ УЛГУРАСИЗ?
Зулфизар Каримова (ЎзМУ Хорижий филология факултети катта ўқитувчиси ):
- Тўғриси, ҳеч қачон саволингиз ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман: «Ҳаммасига қандай улгурасиз?». Ҳаммаси оддий: ҳаёт тарзим шунақа. Уй қўрғонимнинг қўриқчиси сифатида, мен уйимнинг тозалиги, қулайлиги ва комфортлигига эътибор беришим шарт. Қўрғоним вакилларини мазали ва ноодатий таомлар билан сийлашни жуда ҳам ёқтираман. Иккита ажойиб фарзандларимнинг онаси сифатида уларга ғамхўрлик қиламан, уларнинг соғлиги ва тарбиясига эътибор бериб бораман. Ўқитувчи сифатида талабаларга билим ва тажрибаларимни улашаман. Машғулотларимда доим янги ва фойдали нарсалар ўргатишга ҳаракат қиламан. Аёл сифатида эса ўзимга оро бермасдан ёки ёмон кўриниб юришни ўзимга эп кўрмайман. Ўйлайманки, жамиятимизда оилали, фарзандли бўлишига қарамай, яхши карера қилаётган, барчасида муваффақият қозонаётган замонавий аёллар кўп. Барчаси инсоннинг ўз хоҳиш ва ташаббусига боғлиқ. Қандай улгуришим борасида ўзимнинг сиримни ошкор этишим мумкин: болалигимда ота-онам менга ҳамма нарсани режалаштириш ва вақтимни тўғри тақсимлашни ўргатишган. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман. Бу менга ҳалигача қўл келади. Бутун кунимни диққат билан режалаштиришга ҳаракат қиламан, бунда оиламга, ишимга бир хил вақт ажратаман, Ўз устимда ишлашни ҳам канда қилмайман. Умуман олганда, мен ўз оиласини, ишини ва ҳаётининг барча қирраларини севувчи оддий ва бахтли аёлман.
Зуҳра Аминова (Тошкент Халқаро Вестминстер Университети ўқитувчиси):
- Менинг ёш фарзандим бор. Шунинг учун аниқ режа туза олмайман. Умумий бугун нималар қилиш кераклигини режа қиламан, лекин қачон, соат неччида қилишимни билмайман. Болам йиғлаяптими ёки қорни очдими, албатта, биринчи бўлиб унга ғамхўрлик қиламан. Кунимнинг 60% ини фарзандим олади. Уйда ишларимни шовқинда қилишга ўрганишга мажбур бўлдим. 3 жойда ишлайман. Аёллар, айниқса, ишли аёллар ҳаммасига улгуришга мажбур. Ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш орқали эришиш мумкин бунга. Баъзан топшириқларни бажармаган талабаларни кўрсам, ҳайрон қоламан: ҳали оила қурмаган, рўзғор ташвиши бўйнига тушмаган, фарзанди йўқ, бирор жойда ишламайди. Улар ўзларини мажбурлаб буни қилишим керак, уни қилишим керак, демайди. Илм олишга, дарс қилишга имкониятлари катта, вақтлари кўп, лекин қилишмайди. Шу нарса мени ҳафа қилади.
Мен фақат битта ишда ишлаган (у ҳам ярим ставка эди) вақтларимда, уйда фақат уй ишлари ва фарзандим билан куним ўтарди. Вақтим бемалол, эркин бўлишимга қарамай, ўқишга, билимимни янада оширишга ўзимни мажбур қилиш ёқмасди. Бундан шундай хулоса қилдим: қанчалик банд бўлсак, шунчалик ўқишга интиламиз, самарали ўрганамиз, яхши ўқиймиз. Масъулият ва мажбурият вақтимизни тўғри тақсимлашга ундайди. Талабаларим орасида оилали, фарзандли аёллар анчагина. Шунга қарамай улар инглиз тилини ўрганишга келишади. Турмушга чиққач, оила – аёллар учун доим биринчи ўринда туриши керак, кейин ўқиш ва иш. Барчасини биргаликда олиб бориш, қийин, албатта. Лекин эпласа бўлади.
Нозима Муратова (ЎзМУ Журналистика факултети катта ўқитувчиси):
- Даставвал, мурожаат учун ва шуни сезганингиз учун ташаккур. Барчасига улгуришнинг иложиси йўқ, аслини олиб қараганда. Аммо тўғри режалаштирилган кун тартиби имкон қадар кўпроқ ишни уддалашга имкон беради. Мен 30 дан ошган, 2 фарзанднинг онаси, иш ва уй-рўзғор ташвишлари билан оввора аёлман. Оилали бўлганимдан кейин барчасига улгуриш мен учун асосий муаммога айланди, сабаби касбимга қизиқишим доим юқори бўлган, шунинг учун уй ишлари мен учун иккинчи даражали эди, танлаш имкони бўлганда, албатта, биринчиси мен учун асосий ҳисобланар эди. Аммо ҳаёт инсон характерини шундай тўғирлаб, эътибордан четда қолдирган нарсаларни аслида жуда муҳим эканилигини кўрсатиб қўяр экан. Шуни тушундимки, аёлнинг хотиржамлигини ўз вақтида бажарилмаган ва охирига етказилмаган ишлар ўғирлайди. Аёл қачон ҳамма нарсани ўз ўрнида ва ўзи хоҳлаганидек бажарилганини билса, у хотиржам бўлади ва атрофдагиларга яхши кайфият ва табассум улаша олади. Қолаверса, ота-онадан фарзандлар ибрат олишини билган ҳолда, ўз устимда жиддий ишлашга киришдим. Ўзим учун янги тартиб ўрнатдим:
1. Биринчи галда уй рўзғор ишларини ортиқча ташвиш, ёки иккинчи даражали иш эмас, ақлий меҳнатдан дам олиш учун имконият ва ҳар куни қатъий равишда амалга оширилиши лозим бўлган фаолият деб қарайман. Биласизми, уй ишлари билан шуғулланиш учун ҳар куни алоҳида вақт ажратишни ўзимга талаб қилиб қўйганман. Шунда тўпланиб қолган кирлар, дазмол қилишга муҳтож кийим-кечаклар асабингизни бузмайди. Аксинча, бу ишлар орқали дам олишни ўргандим. Бунга кўпинча, барвақт эрталаб, ҳамма ҳали ухлаб ётганда ёки кечқурун, фарзандларимни ухлатиб вақт ажратаман. Аммо шуни таъкидлашим керак: ишлайдиган аёлларнинг рўзғор ишларини енгиллаштиришда маиший техника (кир машина, микроволновка, яхши газ плитаси, миксер, чангютгич, дазмол...) катта рол ўйнайди. Булар бизнинг биринчи ёрдамчиларимиз.
2. Характеримдаги ратсионал ёндашув катта ёрдам беради. Масалан, дазмол қилаяпманми, параллел равишда болаларни дарс қилиш вақти, инглиз тилимни яхшилаш учун аудио тинглашга мўлжаллайман. Чунки дазмоллаш – механик иш, ақлий меҳнатни талаб этмайди, шунинг учун, қўлим ҳам, миям ҳам ҳаракатда, бир-бирига халақит бермаган ҳолда ишлайди.
3. Телевизор кўришдан имкон қадар воз кечаман. Чунки бу вақтнинг энг катта ўғриси. Унинг ўрнига қизиқ бирор китобни қўлга олиб, бир нечта саҳифа ўқишни маъқул кўраман. Жуда бўлмаганда, овқатланиш маҳали кўришим мумкин.
4. Уйда фарзандлар билан дарс қилиш, бирга вақт ўтказиш учун ҳам алоҳида вақт ажратиш керак. Бу жараёнда она яхши кайфиятда, чарчоқдан ҳоли бўлиши лозим. Мен бунинг учун мактаб ёки боғчадан келаётганимдаёқ ишдаги ҳолатимдан уйдаги хотиржамлик ҳолатига мослашиб келаман. Бир вақтнинг ўзида иккита нарса ҳақида ўйлай олмаймиз, бу аниқ, синаб кўришингиз мумкин. Шунинг учун, болалар билан бирга бўлган пайт уларнинг ташвишларини, уй вазифаларини бажаришга ҳаракат қиламиз. Яъни ишларни муҳимлигига қараб саралашни одат қилганман.
5. Ишхонадаги ташвишлар, бажарилмаган ишларни уйга олиб келмаслик ҳам жуда муҳим экан. Шундай ҳолатлар бўлган: ишдан қайтганда уйда ҳам телефон қўнғироқлари, компютер, қоғозлар, ҳисоботлар, жадваллар ва ҳоказолар. Натижада оиламдагилар уйда онасини ва рафиқасини эмас, хаёлан ҳали ҳам ишдан қайтмаган “ўта маъсулиятли” ходимни кўришарди, уйда ҳам иш давом этарди, бошқача айтганда. Ўйлаб қарасам, бунинг сабаби иш вақтини нотўғри режалаштириш экан. Демак, хулосам, бугун, эртага, бир ойдан кейин бажарилиши лозим бўлган ишларни бир кунга, бир вақтга эмас, ҳаммасини муддати бўйича режалаштириб чиқиш керак. Шунда ҳам тартиб ўрнатилади, ҳам барига улгуриш мумкин.
6. Мен янгилик олмасдан, бир нарсани ўрганмасдан яшай олмайман. Шунинг учун инглиз тили каби доимо ўз устида ишлашни талаб этадиган машғулотлар менга керак ва унга вақт ажрата оламан. Қолаверса, бу орқали касбий фаолиятимда янги имкониятлар очилади. Шунингдек, фойдали машғулотни қизиқарлиси билан боғлашга имкон беради.
7. Касбим талабига кўра, доим конференсия, семинарларда иштирок этишга тўғри келади. Доклад, маърузаларга тайёргарлик учун ҳам алоҳида вақт ажратаман. Чунки бу ўз устимда ишлашга имконият. Ҳар ҳафта камида ўз соҳамга оид янги материал олишга, дарсда ишлатиш учун қўшимда манбалар топишга ҳаракат қиламан. Бунга жуда кўп вақт сарфламайман, аммо бажонидил изланаман. Файлларни тартиблаш – кейин уларни саралашга имкон бўлганда вақтни тежашга имкон беради.
8. Аёл киши учун ўзига қараш – энг вақт қизғанадиган ишлардан. Унинг ўрнида бошқа нарсаларни бажаришни маъқул кўрамиз баъзида. Чунки доимо вазифаларимиз кўп, бажариладиган ишлар рўйхатида улар ёки охирги ўринда, ёки қўшимча, “улгурсам қиламан” деган рўйхатда туради. Лекин шунга қарамай, кўзгуга қараганда ўзимизга ёқишни, гўзал, чиройли чеҳрани кўришни доим хоҳлаймиз. Бунга эришиш ҳам алоҳида меҳнат талаб қилади. Биз ўзимизга вақт ажратишга ҳам одатланишимиз керак. Эътибор берсангиз, бунинг учун кунига 30 минутдан ортиқ вақт сарфланмайди. Эрта тонгдан ҳорғин эмас, балки чақнаб турган кўзлар бутун кун давомида ўзингизнинг ҳам, атрофдагилар кайфиятини ҳам кўтаради. Ўзимизга ёқиш – салоҳиятимизни янада оширади, кайфият бағишлайди, ҳамма нарсани уддалай оламан, деган ҳисни уйғотади. Бу жуда муҳим! Ҳар кунги макияж ва соч турмагидан ташқари, ҳар куни 30 минут ўзингизга қараш учун режа қилинг: юз парвариши, соч парвариши, тирноқлар, эрталаб ва кечқурун, албатта, қилиниши керак бўлган гўзаллик жараёнлари. Буни уйда ёки салонда амалга ошириш мумкин. Кейин ортга қайтариш қийин бўлмаслиги учун ҳам ўзимизга эътибор қаратишни вақтида бошлаш ўта муҳим.
9. Кундалик ишлар, ҳафталик тартиб, бир ой учун режаларни ёзиб бориш одати – бизга бажаришимиз керак бўлган ишларни унутмаслигимиз ва ақлимизга вазифа қўйишга, уни тартиблашга кўмаклашади. Дастлаб ҳамма ишларнинг рўйхатини тузиш, сўнг уларни вақт бўйича ажратиб чиқиш керак. Кун якунида яна шу рўйхатга мурожаат этиб, қилинмай қолганларини янги кун режасига киритиш керак. Бундай тартиб кун давомида кетма-кетликни ҳамда интизомни сақлашга ёрдам беради, улгурмаслик натижасидаги стресс ва асабузарликлардан ҳоли этади.
Айнан мана шу ўзимга қўйган тартиб ва талабларим барча ишларга улгуришим учун менга катта ёрдам беради.
Гулрухсор Худайбердиева суҳбатлашди.