Кутубхона

Қизболанинг шаъни

Мактабни тугатиб, катта ҳаётга қадам қўяётган қизларнинг орзулари осмон, келажак ҳаётдан умидлари бир дунё бўлиши ҳаммамизга аён, чунки ҳар биримиз бу даврдан ўтканмиз. Лекин, ўша даврда орзуларга эришиш осон эмаслигини, бунинг учун жуда кўп тўсиқлардан ўтишимиз кераклигини ҳаёлимизга ҳам келтирмаганмиз...

Шундай орзуларга эга бир ёш қиз, яхши касбга эга бўлиш ниятида имтиҳонларга пухта тайёрланиб, обрўли коллежлардан бирига ўқишга кирибди. Келажаги сари қўйган биринчи қадами муваффақиятли бўлганидан рағбатланган қиз бор кучи ва шижоати билан ўқий бошлабди. Бу орада у янги дугоналар, дўстлар орттирибди. Уларнинг ўқишга иштиёқи кучли бўлмаганлиги, фикри-ҳаёллари ўйин-кулги билан бандлиги аста-секин қизга ҳам таъсир қила бошлабди. Ўқишни аъло баҳолар билан бошлаган қизнинг давомади ўқув даври якунига келиб анча сустлашибди. Иккинчи босқичда эса ёнида йигитлар ўралаша бошлабди. Қиз онасининг сўзларини эсидан чиқармаган ҳолда уларга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб ўқишини давом эттирибди. Лекин, вақт ўтиб, олдида қизлар кўнглини овлашга жуда уста бўлган бир кўркам йигит пайдо бўлганида, ҳаммаси ўзгарибди. Қизга йигитни чиройли сўзлари ёқа бошлабди. Ва унинг кичик совғаларини хурсанд бўлиб қабул қила бошлабди. Тез орада қиз қалбида илиқ туйғулар пайдо бўлиб, фикру-ҳаёли ўша йигит билан бўлиб қолибди. Албатта, ўқиш иккинчи даражага тушиб, баҳолари янаям пасайибди. Пинҳона учрашувлар, хиёбонлардаги романтик сайрлар, ширин бўсалар, энтикишли лаҳзалар авж олиб, муносабатлари кучаяверибди. Қиз учун бу оташин муҳаббатга айланган бўлса-да, йигит учун бу оддий мақсад сари интилиш, навбатдаги ошиб ўтилучви довон эди. Содда қиз буни билмас, самимий, тоза ва пок ҳис-туйғулар оғушида сармаст бўлиб юраверар эди...

Лекин, йигит ҳарчанд уринмасин, мақсадига эриша олмабди. Ҳар сафар нимадир тўсқинлик қилар, ёки қиз кейинги сафар, деб кетиб қолар эди. Йигитнинг бундан жахли чиқар, гоҳида қиздан аламини олар эди. Бундай вақтларда қизнинг қалби парчаланар, изтироблар исканжасида қийналар эди. Сабри тугаган йигит бир куни қизга "Ё бирга бўламиз, ёки умуман хайрлашамиз!", деб шарт қўйибди. Қиз суюкли ёридан бундай муносабатни кутмаган бўлгани учун довдираб, нима қиларини билмай қийналибди. Қизнинг тушкун аҳволда юрганини кўрган бир дугонаси уни сўроққа тутибди. Дардини кимга айтишни билмай юрган қиз дугонасига борини тўкиб солиб, ундан маслаҳат сўрабди. Бахтига дугонаси йигитнинг аёлларга суяги йўқлигидан хабардор эди. Йигит қизга барибир уйланмаслиги билар эди. Шунинг учун унга ҳаётини барбод қилмасликни ва йигитдан воз кечишини уқдирибди. Қиз эса йигитга хеч қандай жавоб бермай, ўйлаб кўришга қарор қилибди.

Бир куни, ҳар доимгидек паришонхотир, ғамгин аҳволда ўқишга келган қизнинг кўзи бир манзарага тушибди. Унинг суюкли ёри бошқа қиз атрофида ўралашар, бир вақтлар унга қилган хушомадларни бошқага тақдим қилар эди. Ичидан қуюлиб келган алам, ўт ва оташ уни бориб уларнинг боплаб таъзирини беришга ундаётган бир паллада дугонаси келиб қолиб, қизни коллеж ичига олиб кириб кетибди. Кейинчалик ҳам дугонаси қизнинг жонига оро кириб, дардлар ва изтиробларидан халос бўлишига ёрдам берибди. Шу тариқа уларнинг оташин муносабатлари поёнига ётибди. Қиз эса туйғуларини қалбининг туб-тубига кўмиб, яна ўқишга киришиб кетибди...

Вақт ўтиб, қизнинг уйига турли хонадонлардан совчилар кела бошлабди. Ва ўқишни ўрта баҳоларга битирган қиз, ота-онасининг қистовлари билан яхши хонадондан бўлган бир йигитга розилик берибди. Тез орада дабдабали тўйи ҳам бўлиб, ўзига тўқ, нуфузли оилага келин бўлибди. Чимилдиқда юзи ёруғ бўлган қиз бир вақтлар ахмоқлик қилиб қуймаганига хурсанд бўлиб, яратганга шукроналар келтирибди...

Орадан кўп ўтмай, янги хонадонга тўйда қандайдир сабаблар билан қатнаша олмаган бир қариндоши ўғли билан меҳмонга келибди. Қиз ошхона юмушлари билан банд бўлгани учун уларни кўрмай қолибди. Қайнонаси келган меҳмонларни кутиб олиб, ичкарига таклиф қилибди. Ва, келинлик вазифаларини кўтаринки кайфиятда бажариб юрган қизга меҳмонларга кириб келин салом қилишни, ва сўнг чой олиб киришни буюрибди. Келин, "Хўп бўлади, ойижон!", деб чаққонлик билан меҳмонлар ўтирган хонага кирибди-ю, тўрда ястаниб ўтирган аёлнинг ёнидаги собиқ "суюкли ёри"га кўзи тушиб, остонада донг қотиб қолибди. Пешонасидан муздек тер чиқиб кетган қиз аранг ўзига келиб, тезда юзини ёпиб салом қилибди. Ва хонадан ўқдек отилиб чиқиб кетибди. Мехмонхона деразаси ёнидан ўтиб улгурмай, хонадан йигитнинг "Хола, кимни келин қилдиз? Бу мендан қолиб кетган қиз-ку!", деган хитобини эшитган қиз, ширин ҳаёти поёнига етганини тушуниб, аламдан йиғлаб юборибди...

Ўша куни қиз қон йиғлаб ота уйига қайтибди. Орадан икки ҳафта ўтмай куёв тараф қизнинг бор сепини юк машинасида олиб келиб ташлаб кетишибди...

Бечора қиз ўзини оқлаш имкониятидан ҳам маҳрум бўлибди, уни хеч ким эшитмабди. Йигитнинг ўша куни сурбетларча айтган гапларига, қизни тубанлик ботқоғига қориштириб ташлаган бўҳтонларининг барига қайнона ҳам, кечроқ ишдан қайтган куёв ҳам ишонибди. Чунки улар бу қариндошининг хотинбоз эканлигини яхши билишар эди...

Манба: Beka.Uz